Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:30

АҚШ ироқлик қочқинларнинг катта гуруҳини қабул қилмоқчи


Авазбек Алиев БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги АҚШнинг ироқлик камида 7 минг қочқинга бошпана бериш ва уларни кўчириш билан боғлиқ тадбирлар учун қарийб 18 миллион доллар ажратиш қарорини олқишлади.

Саддам Ҳусайн режимига барҳам берилгандан бери ироқлик 600га яқин қочқинга бошпана берган Вашингтоннинг бу қарори Ироқлик қочқинлар муаммоси жиддийлигининг далили ҳамдир.

БМТ қочқинлар идораси раҳбари Антонио Гуттереш АҚШ ҳукумати қарорини “тўғри йўналишдаги муҳим қадам” сифатида баҳолади.

Айни пайтда у Ироқни ташлаб чиқаётганлар сони ортиб бораётган бир вазиятда бу йўналишдаги ишни янада кучайтириш зарурлигини ҳам таъкидлади.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Саддам Ҳусайн режими қулатилгандан буён ўтган 4 йил давомида 3,8 миллион киши Ироқни тарк этган бўлиб, қочқинлар сони ойига 50 минг кишигача кўпаймоқда.

Ана шундай вазиятда АҚШ қабул қилишни режалаштираётган 7 минг киши, агар таъбир жоиз бўлса, хамир учидан патир, холос. Қолаверса, кимларни ва қандай шартлар билан қабул қилишини Вашингтон ҳозирча маълум қилмади.

БМТ қочқинлар идораси вакили Ван Гендерен Стортнинг айтишича, биринчи навбатда эътибор иккинчи давлатларда яшаётган ироқлик муҳожирларга қаратилиши мумкин.

“7 минг ироқликни кўчириб келтириш АҚШнинг конкрет таклифи. Афтидан, бу гуруҳга кирувчи кишиларни танлаб олишга ёндашув турлича бўлади. Одатда қочқинлар таъқиб-тазйиқ хавфидан жон сақлаб қолиш учун нафақат ўз мамлакатидан қочадиган, балки бошпана сўралган мамлакатларда қола олмайдиган кишилар ҳамдир. Айни пайтда гап, масалан, Сурия ва Иордания устида бориши мумкин”, - дейди БМТ вакили.

Олий комиссарлик маълумотига қараганда, шу кунда Сурияда камида 700 минг ироқлик қочқин бор. Иорданияда ҳам деярли шунча қочқин мавжуд.

Сурия ҳам, Иордания ҳам қочқинларни қабул қилиш имкониятлари чекланганини билдирмоқда. Масалан, Дамашқ яқинда қочқинларни қабул қилиш тартибини кучайтирди.

Халқаро миграция ташкилоти вакили Жан Филипп Чавес мажбурий муҳожирлик муаммоси Ироқда Саддам Ҳусайн даврида ҳам кучли бўлганини таъкидлади.

“Нафсиламбирини айтганда, сўнгги ўн йиллик давомида Ироқнинг марказий ва жанубий вилоятлари аҳолисидан 1 миллион 200 минг киши яшаб турган жойидан кўчирилган эди. 2003-2005 йиллар орасида эса яна 200 минг киши муҳожирга айланди. 2006 йилги вазиятга назар ташлайдиган бўлсак, Самаррадаги портлаш кучли омил бўлганини кўрамиз. Ўшандан буён кунига тахминан 1000 киши муҳожирга айланганини кузатувларимиз кўрсатиб турибди”, - деди Жан Филипп Чавес.

Ироқни тарк этаётган ёки мамлакат ичида бир жойдан иккинчи жойга кўчишга мажбур бўлаётганлар бошқа мазҳабга мансуб кишиларнинг таҳдидидан қўрқиб кўчаётганларини айтади. Қочқинлар орасида суннийларни ҳам, шиаларни ҳам, оз сонли насронийлар вакилларини ҳам учратиш мумкин.
XS
SM
MD
LG