Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:14

Журналистлар вазирга қарши


Қозоғистон журналистлари маданият ва ахборот вазири Ермуҳамат Ертисбоев истеъфога чиқишини талаб қилмоқда. Бунга вазирнинг “Эра” телевидениеси ходимлари ва бошқа журналистларга нисбатан қўпол муомалада бўлиб келгани сабабдир.

Остона шаҳридаги “Эра” телевидениеси журналистлари мамлакат президентининг Қозоғистон халқига мурожаати масаласида республика миқёсидаги ўтказилган йиғилиш ҳақида маълумот олиш учун 2 март куни Е.Ертисбоев билан учрашувга борганида вазир уларни жуда қўпол тарзда қаршилаган.

“Сизлар қаердан? Нима керак? Фотоаппаратингизни йўқотинг! Буни қаранг ... Ерген, ортиқча одамларнинг ҳаммасини чиқариб юбор. Бошладик. ... Ҳамма тайёрми? Бу келаётган ким? “Эра”? “Эра”ни бу ердан чиқариб юборинг! ... “Эра”га (маълумот) бермаймиз. Улар менинг устимдан бўҳтон ёзган... ”, – деган сўзларни айтган вазир.

Сўз эркинлиги ҳимояси билан шуғулланувчи “Одил сўз” халқаро жамғармаси президенти Тамара Калеева вазирнинг “Эра” журналистларига нисбатан хатти-ҳаракати Қозоғистон қонунларига зид эканини айтди.

“Бу оммавий ахборот воситалари ҳақидаги қонуннинг бузилишидир. Мулкка эгалик тури қандай бўлишидан қатъий назар ҳамма журналист ахборот олиш ҳуқуқига эга. Қолаверса, бу Конституция банди бузилишидир, эркин ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқининг бузилишидир”, - деди Т.Калеева.

Қозоғистонлик журналистлар “Озодлик” радиоси мухбири билан суҳбатда сўз эркинлигини мен кафолатлайман, дея баёнотлар берган маданият ва ахборот вазири кўпинча журналистларга маълумот бермаслигини айтади.

“Бу кунда бўлаётган воқеа. Журналистлар бундай ҳолатни ҳар куни бошдан кечиради. Бу воқеа журналистлар кўз ўнгида бўлгани, камерага ёзилиб қолгани учун кўпчилик назарига тушди. Мен журналист сифатида икки куннинг бирида шундай аҳволга тушаман. Менга вазир Ертисбоев у ёқда турсин, ҳатто вазирлик департаменти бошлиғи ҳам ахборот бермайди. Вақт йўқлигини баҳона қилади, кейинроқ келшимни сўрайди. Охири бу мени мақола ёзмасликка мажбурлайди”, – дейди журналистлардан бири.

Бошқа журналист ҳам бу гапларга қўшилади: “Матбуот анжуманларига ўзлари хоҳлаган журналистларни таклиф қилишади. Сиз борсангиз киргизишмайди. Масалан, Олмаота шаҳри ҳокимлиги муҳим йиғилишлар ўтказган пайтда фақатгина “Қозоғистон”, “Алмати” каби телеканаллар вакиллари чақирилади. Маҳаллий ҳокимликларда ҳам аҳвол шундай”.

Е.Ертисбоев эса журналистларнинг истеъфога чиқиш ҳақидаги талабини рад этди.

“Мен истеъфога чиқиш ниятида эмасман. Қачон хоҳласам, шунда истеъфога чиқаман. Бир йилдан бери шундай талаб билан чиқишади. Ҳар кимнинг ўз муаммоси бор. Аммо бу менга тегишли эмас”, – деди вазир.
XS
SM
MD
LG