Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:25

Ричард Баучер: “Кимки Ўзбекистон билан муносабат ўрнатган бўлса, муаммоларга дуч келмоқда”


АҚШ давлат котибининг Марказий ва Жанубий Осиë бўйича ëрдамчиси Ричард Баучер АҚШ ва Ўзбекистон ҳукуматларининг Марказий Осиё минтақасидаги манфаатлари муштарак эканини билдирди.

У “Озодлик” мухбири Эндрю Таллининг МОдаги вазият ҳақидаги саволларига жавоб бераётиб шу фикрни билдирди.

“Мен Ўзбекистон ҳукуматининг биз билан муносабатларга ëндашуви ҳақида тахминий мулоҳаза юритмоқчи эмасман. Улар биз билан муносабатни исташини айтган эди. Хавфсизлик, маориф, соғлиқни сақлаш, иқтисодий ва сиëсий ислоҳотлар борасида миқëсли муносабатлар тарафдори эканини йиллар давомида айтиб келишди. Бу бизнинг биргаликда эълон қилган баёнотларимизда ўз аксини топди. Биз ҳам бундай ҳамкорликни исташимизни айтиб келдик. Аммо муаммо шундаки, улар бундай ваъдалар баробарида ўз ҳамкорларини қийин аҳволга солиб қўймоқда. Кимки улар билан муносабат ўрнатган бўлса, муаммоларга дуч келмоқда. Қўшни давлатларга электр ва газ беришни тўхтатишмоқда, савдога халақит беришмоқда. Бизга ўхшаган улардан узоқда бўлган давлатларга тегишли ширкатлар ҳайдаб чиқарилди. Биз билан ҳамкорлик қилган ноҳукумат ташкилотлар қувиб солинди. Биз ҳар томонлама муносабатларни йўлга қўйишни хоҳласакда, Ўзбекистондаги бу каби муаммолар боис алоқаларни йўлга қўйишда қийналяпмиз. Имкон доирасида бизга фойдали бўлган тадбирларни қилдик, аммо улар билан ишлаш нафақат биз, балки бошқалар учун ҳам мушкуллашиб бормоқда. Улар бизга тегишли агентликлар ва ноҳукумат ташкилотларни ëпмоқда, чет элда ўқиш истагида бўлганларга тўсқинлик қилмоқда. Улар муносабатларимиз йўлига янги ғовлар ташламоқда”, - деди Р.Баучер.

Р.Баучер Қозоғистон иқтисодий эркинликлар борасида анча ишлар қилгани, аммо айни пайтда бу ерда сиëсий ислоҳотларни жадаллаштирилиш кераклигини билдирди.

“Озодлик” мухбири Туркманистон ҳақида ҳам савол берар экан, бу мамлакатда баъзи ўзгаришларга қарамай, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият илгаригидек қолаëтганига эътибор қаратди ва ўзгариш ясаш учун АҚШ ҳукуматида бирор махсус лойиҳа борми, деб сўради.

“Ўйлашимча, биз улар билан ишлашга тайëрмиз, улар ҳам турли шаклдаги ўзгаришлар билан қизиқаётганини айтди. Аҳоли учун янги имкониятлар, маориф, эркин саëҳат ва янги технологиялар борасида қизиқиш кўрсатди. Биз Туркманистоннинг янги раҳбари билан бу соҳалардаги ҳамкорлик борасида жуда оз гаплашдик. Биз у ерга делегация юбормоқчимиз . Бу делегация маориф, соғлиқни сақлаш, талаба айрбошлаш ва таълим дастурлари борасида улар билан гаплашади. Шунингдек, хавфсизлик, чегарани наркотиклар оқимидан қўриқлаш, энергия тизимлари ва иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликка ҳам эътибор қаратилади. Шу тариқа биз сармоя соҳасида хусусий ишбилармонлик муҳитини яратамиз. Биз сиëсий ислоҳот ва демократия соҳасида улар билан батафсил гаплашишни ўйлаяпмиз”, - деди Р.Баучер.
XS
SM
MD
LG