Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:31

Ўзбек жангариларини таъқиб қилиш давом этмоқда


Покистоннинг Жанубий Вазиристон вилоятида маҳаллий қабила лашкарлари муҳим аҳоли пунктларини хорижлик жангарилар, хусусан, Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзоларидан тозалаганини маълум қилмоқда.

Покистон президенти Парвез Мушарраф Жанубий Вазиристонда 300га яқин жангариси ўлдирилганини айтиб, маҳаллий қабилалар лашкарларига Покистон ҳарбийлари ёрдам бераётганини биринчи марта тан олди.

12 апрель куни Исломободда 22 давлат ҳарбийлари иштирок этган анжуманда маъруза қилган П.Мушарраф: “Жанубий Вазиристон аҳолиси хорижий жангариларга қарши оёққа туриб, улардан салкам 300 нафарини ўлдирди. Уларни Покистон армияси қўллаб-қувватлади. Улар ёрдам сўради. Биз Шимолий Вазиристондан ҳам шундай қилишни талаб қиламиз. У ерда ҳам Жанубий Вазиристондаги воқеалар юз бериши мумкин”, - деди.

Кузатувчилар П.Мушарраф ўлдирилган жангарилар сонини бўрттириб кўрсатганини айтмоқда. Чунки 11 апрель куни Жанубий Вазиристонга олиб борилган журналистларга ҳозирга қадар тўқнашувларда 150-230 жангари ўлдирилгани тахмин қилинаётгани, маҳаллий қабила лашкарларидан эса 40 киши нобуд бўлгани айтилган эди.

Жанубий Вазиристон маркази Ванада ўтказилган матбуот анжуманида Покистон армиясининг вилоятга жойлаштирилган 9-армияси қўмондони генерал-майор Гул Муҳаммад ҳозирча хориж жангарилари буткул йўқ қилинмагани, уларга қарши кенг кўламли амалиётлар давом этаётганини билдирди.

“Биз ҳозирча ўзбек жангариларидан қутулишга муваффақ бўлганимиз йўқ. Бу ҳақда гапиришга ҳали вақт эрта. Аммо биз уларни Вана водийсидан қувиб чиқаришга муваффақ бўлдик”, – деди генерал.

Унинг сўзларига кўра, Аъзам Варзоқ, Шин Варзоқ аҳоли пунктлари, Мандран ва Мана таянч нуқталари Тоҳир Йўлдош бошчилигидаги ЎИҲ жангариларидан тозаланган.

Генерал АҚШ томонидан катта пул мукофоти ваъда қилинган Тоҳир Йўлдошни қўлга олиш ишлари давом этаётганини айтди.

“Биз Тоҳир Йўлдошни таъқиб қиляпмиз. Чунки уни қўлга олганлар учун катта пул мукофоти - беш миллион доллар ваъда қилинган. Бундан энг аввал мен манфаатдорман”, - деди Гул Муҳаммад.

Генерал Жанубий Вазиристондаги ҳарбий амалиётлар фақат ўзбек жангариларига эмас, балки барча хориж жангарилага қарши қаратилганини таъкидлади.

“Ўзбек ёки ўзбекистонликлар ҳақида гапирганимизда биз хорижликларни назарда тутамиз. Четдан келганлар жонимизга тегди. Биз улардан чарчадик. Араблар ва ҳатто афғонлар ҳам биз учун хорижлик ҳисобланади”, – деди Гул Муҳаммад.

Жанубий Вазиристондаги ҳарбий амалиётлар ўша ерда паноҳ топган “Ал-Қайда”га алоқадор арабларга қаратилгани ҳақида маълумотлар йўқ.

Ғарблик дипломатлар фикрича, ўзбек жангариларининг йўқ қилиниши умуман яхши. Бироқ Покистон ҳукумати бу вазифани амалга ошираётган толиблар тарафдори бўлган қабилаларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказиб, уларни қуроллантираётгани хусусида хавотирлар бор. Чунки, кузатувчилар фикрича, бу келажакда Покистон ҳукуматига муаммо яратиши мумкин.

Покистон армиясининг истеъфодаги генерали Талат Маъсуднинг таъкидича, бу стратегиянинг муваффақияти ўзбек жангарилари тугатилгандан кейин маҳаллий пуштун лашкарлари қўмондони Мавлавий Назир ва бошқа қабила бошлиқлари ўзини қандай тутишига боғлиқ. Бироқ ҳозирча Жанубий Вазиристонда ЎИҲ жангарилари ва уларга бошчилик қилаётган Тоҳир Йўлдошни таъқиб қилиш амалиётлари давом этмоқда.

“Озодлик” радиосининг Покистондаги мухбири Сайид Фаридун Иброҳим 12 апрель куни Жанубий Вазиристонда маҳаллий қабила лашкарлари ва хориж жангарилари ўртасида тўқнашувлар юз бермаганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG