Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:50

Лола Сайфий Москвани “инсоний кийинтиряпти”


Москва марказидаги Твер кўчасида жойлашган музейда ўзбек дизайнери Лола Сайфийнинг “Инсоний кийим” номли кўргазмаси очилди. Кўргазмага йўқотилган вақт соғинчини ифодаловчи ўзбек нақшлари билан безалган кийимлар қўйилган.

Лола Сайфийнинг “Инсоний либос” коллекцияси олти йилдан бери Тошкент, Олмаота ва Бишкек шаҳарларида намойиш қилиниб, мухлислар эътиборини қозонган.

“Озодлик” мухбири Москвадаги кўргазмаси муваффақиятли бўлган Лола Сайфий билан суҳбатлашди.



Аввалига у ўзи ҳақида маълумот берди.

“Мен 1996 йилда Тошкент театр ва рассомлик институтини тугатдим. Меъморий обидаларни таъмирлаш факультетида таҳсил олдим. Ўзим 1955 йилда Тошкентда туғилганман. 1995 йилда халқаро мастер-класс фестивалида қатнашдим. Кейин Германия, АҚШ ва Россиядаги кўргазмаларда иштирок этдим. 2001 йилда Тошкентда ўтказилган муқобил либослар кўргазмасида бош совринни олганман. Ҳозир Москвадаман, “Инсоний либос” галереяси раҳбариман”, - деди Лола Сайфий.



У санъатга қизиқиши болаликдан мерослигини айтар экан: “Кичкиналигимда қўғирчоқларга кийим тикар эдим. Турли латта-путталарга ўч эдим. Кейин ўзимга кийим тикиб кўрдим. Синфдошларимга атаб ҳам кийимлар тикдим. Кейин бу қизиқиш бора-бора ҳаëт маслагимга айланди ва “Инсоний либос” галереясини очдим”, - деди.

Нега бу галереяга “Инсоний либос”, деб ном қўйилган?

“Бу калима одамлардай кийиниш истагини ифода қилади. Биласизми, мен ўсган даврда қачон одамлардай кийинарканмиз, деган орзу ҳукмрон эди”, - дейди дизайнер.

Галерея тамғасида учта одамча шакли бор.

“Балки бунда эркак, аëл ва маъшуқа, деган маъно ҳам бордир, балки уч ирқни тамсил қилар бу уч одамча. Қора, оқ ва сариқ ирқ вакилларини. Қандай талқин қилсангиз, бу сизга ҳавола. Икки одам ëнига учинчиси қўшилар экан, бу кўпайишни англатади. Халқ десак ҳам бўлаверади”, - дейди Лола Сайфий.

Либос рассомлари билан суҳбатлашсангиз, улар учун икки омил илҳом манбаи эканини айтади. Биринчи омил, қамоқхоналардаги маҳбуслар ва вокзаллардаги иркит уйсизларнинг кийиниш тарзи. Баданга тату тушириш, жулдурвоқи кийимлар, скелет тарзидаги маржонлар...

Иккинчи омил эса Фрейд айтган “асосий инстинкт”, яъни шаҳвоний туйғулар. Қорин ва кўкракларнинг очиб қўйилиши, пуштиранг пайпоқлар, шим ичидан ички кийимларнинг кўриниб туриши ва ҳоказо.

Лола Сайфий эса ўзининг илҳом манбаи рангтасвир ва халқ амалий санъати эканини таъкидлади.

Балки сиз қашшоқлик гирдобига ботган ва кундан-кун юпун кийинаëтган ўзбек халқи ҳам одамлардай кийинсин, деган истакдан келиб чиқиб ижод қилаëтгандирсиз?

“Биз ҳеч кимни танқид қилмоқчи эмасмиз. Биз галереяни очаëтганимизда ўзбекларни ўзбеклар кийинтирсин, деган мақсадни олдимизга қўйган эдик. Шу пайтгача биз ўрисларга тақлид қилиб кийиндик, ҳозир Европага тақлид қиляпмиз. Ўзимизча кийинсак бўлмайдими!? Камбағаллик ҳақида гапирсак, духоба ва хонатласдан тикилган кийимлар Ўзбекистонда анча арзон туради. Бу танлаш билан боғлиқ муаммо. Одамлар элдан чиқмасдан кийинишни маъқул кўради”, - дейди Лола Сайфий.

Тошкентда кишилар қора рангли кийимларни хуш кўришар экан. Ҳукумат мулозимлари, қамоқхона маҳбусларидан тортиб кино юлдузларигача қора рангли кийимда юради. Бунинг боиси нима? Лутфий айтганидек “қоралуқ”дан бошқа ранг ҳам борми?

“Бу Ўзбекистондагилар кўнглидаги ҳолат бўлса керак. Мен бу ҳолат ўзгаришини ва ўзбеклар сариқ, қизил, зарғалдоқ, мовий ва бинафша ранг кийимлар кийишини истайман”, - дея жавоб қайтарди дизайнер.

Рассомлар қишлоқда туғилиб, Парижда ўлади, деган ибора бор. Лола Сайфийга Москвада ишлаш имконияти яратилди. Энди у Москвада қоладими ёки Тошкентга қайтадими?

“Мен Тошкентни қишлоқ, демаган бўлар эдим. Тошкент ажойиб шаҳар”, - дейди Лола Сайфий.

Кейинги пайтларда милиция ходимлари ҳаддан ташқари кўп бўлгани учун шаҳар “Тошмент”, деган ном ҳам олди.

“Биласизми, бу вақтинчалик ҳолат. Тошкент икки минг йилик тарихга эга шаҳар. Бу шаҳарнинг миршаблар билан тўлиб-тошгани ўткинчи ҳолат. Вақти келиб, ҳақиқат ўз ўрнида қарор топади. Кесилган дарахтлар ўрнида янгилари кўкаради. Ҳеч бир нарса Тошкентнинг дўстона ва талантларга марҳабо, деяëтган руҳини синдира олмайди”, - дея суҳбатни якунлади ўзбек дизайнери.
XS
SM
MD
LG