Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:17

Одатий-ку...


Диний муаммолар таҳлил билан шуғулланадиган “Портал кредо.ру” Интернет нашрининг Ўзбекистонда ëпиб қўйилгани ҳақида Норвегиядаги “Форум 18” ташкилоти хабар тарқатди.

“Форум 18” ташкилотининг билдиришича, Интернетдаги бу саҳифанинг очилишига Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати тўсиқ қўйган.

“Биз Ўзбекистондаги диний вазият ҳақида холис ахборот берганимиз учун ëпиб қўйишгандир. Бу расмий Тошкентнинг услуби. Улар Андижон воқеалари ҳақидаги хабарларни ҳам доимо беркитишга уринади”, - дейди айни нашр муҳаррири ўринбосари Владимир Ойвин.

У Ўзбекистонда нега бу нашрга тўсиқ қўйилганини билмаслигини таъкидлади.

“Мен Ўзбекистон МХХ ходимлари ҳаракатларида мантиқ кўрмадим. Биз доимо Ўзбекистонда барча диндорлар ҳукумат назоратида экани ҳақида жиддий мақолалар эълон қилиб келганмиз. Менимча, улар банд бўлгани боис, сайтимизга тўсиқ қўйишга қўли тегмаган. Энди қўл бўшади чоғи, бизни ҳам ëпиб қўйишди”, - деди В.Ойвен.

В.Ойвиннинг айтишича, сайтда Ўзбекистондаги барча конфессиялар билан боғлиқ муаммолар, жумладан, рус православ ва рус католик черковининг Ўзбекистондаги қавмлари дуч келаëтган муаммолар ҳақида ëзилган.

Рус православ черковининг Тошкент ва Ўрта Осиë епархиал бошқармаси матбуот вакили мамлакатда диний мақола чоп қиладиган сайтлар, хусусан, “Портал кредо” сайтига Ўзбекистонда тўсиқ қўйилмаган.

“Ўзбекистонда диний эътиқоди билан боғлиқ муаммолар йўқ. Бу ҳақда ëзаëтганлар ëлғон айтмоқда, - деди черков вакили. -Биз ва биз яқиндан билган ташкилотлар - рус католик черкови, лютеран черкови, яҳудийлар ва мусулмонлар ўз эътиқодларида эмин-эркин. Ибодатгоҳлар очиқ. Хоҳланг сажда қилинг, хоҳланг тавба қилинг”.

“Портал кредо” сайти Ўзбекистонда “Ëҳуво гувоҳлари” диндорлар қавми тазйиқ қилинаëтганини ëзади.

Рус проваслав черкови мулозими эса бу гуруҳ мавжуд қонунларни бузгани учун қонунан жавобгарликка тортилаëтганини айтади.

“Агар бирор киши қонуни бузса, у, албатта, муаммога дуч келади. “Ëҳуво гувоҳлари” эса анча агрессив ташкилот. Улар ҳатто бизнинг черковларимизга келиб, қавмларимиз қалбига ғулғула солмоқда. Нима бор ўзга черковга ўз низоми билан келадиганларнинг”, - деди рус православ черкови вакили.

Тўсиқ қўйилган “Портал кредо.ру” нашри мухбири Владимир Ойвин рус православ черковининг Тошкентдаги вакили расмийлар измидан чиқмайдиган ходим эканини ва унинг айтганлари Ўзбекистондаги эътиқод билан боғлиқ воқеаликни акс эттирмаслигини таъкидлади.

“Совет пайтида ҳам черков мулозимлари эътиқод эркинлиги бор, деб айтарди. Ўзбекистонда ҳам айни ҳолат. Черков ҳам, масжид ҳам ўзбек махсус хизматларининг мутлақ назоратида. Улар махсус хизмат ходимлари ўргатган гапларни тўтиқушдай такрорлашга мажбур”, - деди В.Ойвин.

ЕХҲТ мулозимлари Ўзбекистонда фуқароларнинг барча ҳуқуқлари таъминлангани ва демократия борасида силжиш кузатилаëтганини Ўзбекистон матбуоти орқали билдираëтган бир вақтда Ўзбекистондаги бир неча Интернет наши ëпиб қўйилди.

Бугунги кунда собиқ совет ҳудудларида динга нисбатан икки хил муносабат шакллангани кузатилади.

Биринчиси мулозамат, яъни дин ҳақида фақат ижобий фикрлар билдирилиб¸ бошқа жиҳатлари ҳақида сукут сақланади. Иккинчиси, дин ҳақида фақат танқидий фикр билдириш. Бу муносабат шўро замонида урф эди.

Россияда рўйхатга олинган “Портал кредо.ру” сайти динга нисбатан учинчи шаклда муносабат билдиришга ҳаракат қилмоқда.

Нашр муҳаррирининг “Озодлик” мухбирига айтишича, бу нашр ва дин ҳақида яхши-ëмон, деб эмас, балки барча динлар билан боғлиқ вазият ҳақида жиддий ва бетараф гапиришни мақсад қилиб қўйган.
XS
SM
MD
LG