Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:40

Руҳи Воронежда қолган ўзбеклар


Куни-кеча Россиянинг Воронеж вилоятида “Вольво” юк машинаси ва “Газель” микроавтобуси тўқнашувида ҳалок бўлган ўзбекистонлик 11 фуқаронинг шахси аниқланди.

Россиянинг “Новости” ахборот агенлиги хабарида ушбу ҳалокатда жами 13 киши, жумладан, ўзбекистонлик 12 киши ҳалок бўлгани айтилади.

Хабарда ҳалок бўлган ўзбекистонликлардан 11 кишининг шахси аниқлангани билдирилади. Булар 1985 йилда туғилган Акбар Макнатов, 1962 йилда туғилган Умар Ëқубов, 1987 йилда туғилган Нодир Аҳмедов, 1968 йилда туғилган Насим Қўлдошев, 1986 йилда туғилган Жавлон Холмуродов, 1985 йилда туғилган Олимжон Холбаротов, 1979 йилда туғилган Азамат Солиев, 1976 йили туғилган Низом Қўлдошев ва Отабек Холмуродов ҳамда 1984 йили туғилган Бекзоджон Эшбоев ва А.Маннатовдир ( баъзи фамилиялар русчада нотўғри келтирилган бўлиши мумкин –“Озодлик” ).

Ўзбекистоннинг Москвадаги дипломатик миссияси вакили “Озодлик” мухбири билан суҳбатда айни пайтда элчихона ходимлари Воронежга жўнаб кетганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, автоҳалокатда ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг жасадларини қачон юртига жўнатиш масаласи Воронеж маъмурияти билан биргаликда муҳокама қилинмоқда.

Айни пайтда элчихона автоҳалокатда ҳалок бўлганларнинг Ўзбекистондаги оила аъзоларига хабар жўнатиш ҳаракатида.

Воронеж вилояти ички ишлар бош бошқармаси навбатчиси Борис Шепиловнинг билдиришича, “Газель”да ҳайдовчидан бошқа барча йўловчи Ўзбекистон фуқаролари бўлган.

“Иммиргация ҳужжатларидаги маълумотларга кўра, ҳайдовчи саратовлик, 14 йўловчининг ҳаммаси Ўзбекистон фуқароси бўлган. Ҳалокат пайтида ҳайдовчи ҳам ўлган”, - деди Борис Шепилов.

Аварияда қурбон бўлганлар шахсияти қандай аниқланди, деган саволга жавоб берган Борис Шепилов: “Уларда на паспортлар ва на бошқа ҳужжатлар бўлган. Уларда фақат миграция ҳужжатлари бўлиб, уларнинг Ўзбекистон фуқаролари экани ва паспорт рақамлари ёзилган. Ҳужжатда уларнинг суратлари йўқ. Улар қаердан келгани номаълум. Аслида улар ким, Саратовдан гастарбайтер сифатида йўлга чиққанми ёки сайёҳ бўлиб, буниси номаълум”, - деди.
XS
SM
MD
LG