Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:51

Алисон Гилл: “Ўзбекистондаги вазият ёмонлашаётганига Ғарбнинг бефарқлиги ҳам сабабчидир”


Умида Ниёзова ва бошқа ҳуқуқ ҳимоячиларининг қамоққа ташланишига нафақат қатағонларни кучайтираётган Ўзбекистон ҳукумати, балки Ғарб давлатларининг Ўзбекистондаги воқеаларга бефарқ бўлаётгани ҳам сабабчидир.

2003-2005 йилларда “Ҳьюман райтс уотч”нинг Тошкентдаги ваколатхонасига раҳбарлик қилган, ҳозир ташкилотнинг Москвадаги бўлимини бошқараётган Алисон Гилл “Интернейшнл Ҳералд Трибюн” газетасида эълон қилинган “Ҳаётларни қутқариш вақти келди” сарлавҳали мақоласида айнан шу фикрни илгари сурган.

“Андижонда 2005 йил май ойида ҳукумат кучлари юзлаб намойишчиларни ўлдиргандан бери Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари фаолларига қарши шавқатсиз репрессияларни олиб бормоқда. Ўндан ортиқ собиқ ҳамкасбим панжара ортига ташланди, яна камида шунчаси мамлакатни ташлаб чиқишга мажбур бўлди. Шундай бўлса-да, азиз дўстим ва ҳамкасбим Умида Ниёзовага берилган ҳукмга мен тайёр эмасдим”, - деб ёзади А.Гилл.

А.Гиллнинг айтишича, у Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқаролари ҳуқуқларини назар-писанд қилмаслигини яхши билса-да, сўнгги дақиқаларгача Умида қамалмаслигига умид қилган.

“Мен бундай ҳукм муқаррар эканини ақлан идрок этган бўлсам-да, ич-ичимдан бундай ҳукм чиқарилмаслигига умид қилаётган эдим. Бу шафқатсиз ҳукмнинг муқаррарлигини ақлан идрок қилганимнинг сабаби шуки, Ўзбекистон ҳукуматининг ишлаш услубларини яхши биламан. Лекин Умидани яхши билганим ва дўстим учун чин дилдан қайғурганим сабабидан унга бундай ҳукм чиқарилганига ҳали ҳам ишона олмаяпман”, - дейди У.Ниёзовага чиқарилган ҳукмга муносабат билдирган ҲРУ вакиласи.

Газетадаги мақоласида У.Ниёзова ва бошқа ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъқиб қилиниши, қамоққа ташланиши ва мамлакатни тарк этишга мажбур бўлаётгани ҳақидаги фикрларини баён этаркан, А.Гилл Ўзбекистондаги вазиятнинг кундан-кунга кескинлашиб боришига асосий сабаб ҳукуматнинг ўз танқидчиларига тоқатсизлиги эканини таъкидлайди.

“Лекин бу ҳолатга яна бир омил – халқаро ҳамжамиятнинг бефарқ қолаётгани ҳам ҳисса қўшмоқда,- дейди А.Гилл “Озодлик” билан суҳбатда. - Бир нарсани аниқ айтишимиз керак, Умида ва яна 14 ҳуқуқ ҳимоячисининг қамоққа ташланишига, аввало, Ўзбекистон ҳукумати масъулдир. Чунки бу ҳукумат уларни адолатсиз суд қилди ва қамади. Лекин халқаро ҳамжамият ҳам уларни қутқариш ва инсон ҳуқуқлари вазиятининг яхшиланиши учун Ўзбекистон ҳукуматига етарли босим ўтказганини кўрганимиз йўқ. Хусусан, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказиш воситалари бор. Лекин охирги пайтларгача ЕИ Умида ва бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари ишлари хусусида кескин чиқишлардан тийилиб келди. Бунинг ўрнига улар инсон ҳуқуқлари борасида Тошкент билан мулоқот ўрнатиш ҳақидаги қуруқ гаплар билан чекланиб келди. Ўзбекистондаги вазиятни бир неча йилдан бери ўрганиб келаман ва у ердаги вазият кундан-кунга кескинлашиб боряпти. Шунинг учун ЕИ инсон ҳуқуқлари борасидаги мулоқот эмас, вазиятни яхшилаш бўйича конкрет чораларни кўрмоғи шарт”.

Ўтган ҳафтада ЕИ парламентининг инсон ҳуқуқлари қўмитасида Ўзбекистондаги вазиятга бағишланган муҳокамалар бўлиб ўтди. Учрашувда қатнашган Германия вакиллари Ўзбекистон билан мулоқот энди бошланаётгани ва бу мулоқот “самара бериши учун Тошкент ҳукуматига вақт бериш керак” қабилидаги гапларни айтди.

Айни йиғинда қатнашган Буюк Британиянинг ЕИ парламентидаги вакили Мартин Калланан эса немис ҳамкасбларининг бу фикрларига қаттиқ эътироз билдириб, Тошкент қачон ўзбекистонликларнинг эркинлиги ва ҳуқуқларини ҳурмат қилишни бошлар экан, деб кутиб турмасдан, ҳозирча кучда қолаётган санкцияларни янада кучайтириш лозимлигини таъкидлади.

“Албатта, Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқот қилиш керакдир. Лекин Ўзбекистонда ижобий ўзгаришларга эришиш учун санкцияларни кучда қолдирмоғимиз ёки ҳатто уларни кучайтиришимиз керак. Иттифоққа аъзо баъзи мамлакатлар Ўзбекистон билан бемалол савдо-сотиқ қилиш имконига эга бўлиш мақсадида санкцияларни бекор қилиш ғоясини илгари суряпти. Лекин ҳозир сиз билан гаплашиб турганимиз бир пайтда кўплаб одамлар ҳукуматни танқид қилгани учун узоқ муддатга қамоққа ташланмоқда. Бу қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир. Шахсан мен санкциялар кучайтирилиши тарафдориман. Менимча, Каримовнинг ўзини ҳам ЕИга кириш учун виза чеклови жорий қилинган мулозимлар рўйхатига қўшмоғимиз лозим. Бу Ўзбекистонда конкрет ўзгаришларга эришишнинг ягона йўлидир. Санкциялар бекор қилинишининг асосий шартлари ўлароқ, барча сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши ва мамлакатдан ҳайдалган хорижий нодавлат ташкилотларнинг фаолиятини тиклаш талаби қўйилиши керак”, - деди Мартин Калланан “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG