Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:01

Тожикистонлик қизлар ўртасида аборт қилдириш кўпаймоқда


Тожикистонлик ёш қизлар ўртасида аборт қилдириш ўтган йилларга қараганда анча ортгани кузатилмоқда. Жорий йилнинг уч ойи давомида туғилиши кутилган ҳар 1000 чақалоқдан 110 нафари аборт қилдирилган.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, аёллар ўлимининг 13 фоизига аборт сабабчи бўляпти.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Саломатлик миллий маркази бошлиғи Гулжаҳон Туманова қизлар ўртасида аборт қилдириш кўпайганини уларнинг тиббий савобсизлиги билан изоҳлайди.

“Қизларимиз исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш борасида ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Шунинг учун ҳам кўпроқ ёшлар аборт қилдирмоқда. Албатта, бу уларнинг саломатлигига жиддий зарар етказади
ва илк фарзандини олдириб ташлаётган қизларнинг 90 фоизи оналик бахтидан маҳрум бўлиб қолиши мумкин”
, - деди Г.Туманова.

Унинг сўзларига кўра, аборт қилдиргани оқибатида қизларнинг вафот этгани ҳам кузатилмоқда.

Бир неча ҳафта илгари аборт қилдирган қиз “Озодлик” мухбири билан суҳбатда ўз ҳаракатининг сабабини изоҳлар экан: “Кутилмаганда ҳомиладор бўлиб қолдим. Таниш доктор аборт қилди. Албатта, пушаймонман. Бироқ начора, кўнгил қўйган йигитим болани олиб ташламасам менга уйланмаслигини айтди”, - деди.

Иффат, номус, бокираликни сақлашга чақираётган кўпчилик аёллар ёшларнинг билмай туриб боши берк кўчага кириб қолгани ҳақидаги сўзларига ишонмаслигини айтади.

Ўзини Анорхол деб таништирган навбатдаги суҳбатдош эса ёшлар орасида аборт қилдираётганлар сони ортишида тиббиёт ходимларини айблайди.

Мамлакат олий ўқув юртларидан бирида таҳсил олаётган Сабоҳатнинг сўзларига кўра, илм даргоҳларига ҳужжат топширган қишлоқ қизлари орасида аборт қилдириш ҳолатлари кўпроқ учраётир.

“Ота-онасидан йироқлашган ва ўзига мустақил бўлган қишлоқ қизлари ўзга муҳитда тезда йўлдан адашади. Мен қишлоқ қизларининг ҳаммасини ҳам қораламайман. Албатта, шаҳар қизларида ҳам шундайлар учраб туради. Қизларнинг шундай йўлга кириб кетишидаги асосий омил маблағ муаммоси, деб биламан. Замонавий кийиниш илинжида бўлган кўпчилик қизлар ота-онаси юбораётган пул ёки стипендияга қаноат қилмаслиги боис ҳам ўз ҳаётларига зомин бўлмоқда”,- дейди Сабоҳатхон.
XS
SM
MD
LG