Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:31

Москвада яна икки тадбир бўлади


Андижон воқеаларига икки йил тўлгани муносабати билан Россиядаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари 14 май куни Москвада яна икки тадбир ўтказишни режалаштирган.

Москвада “Фуқаровий кўмак” қўмитасининг марказий осиёлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш дастури раҳбари Елена Рябининанинг “Озодлик”ка айтишича, Андижон фожеасининг 2 йиллигини муносабати билан ўтказиладиган бу тадбирлар матбуот анжуманларидир.

“2005 йил май ойидан бери ўтган икки йил давомида нафақат Ўзбекистон, балки Россиядаги вазият ҳам ёмонлашди. Яъни ғоявий, сиёсий ва диний қарашлари туфайли қочиб юрган кишиларнинг Россиядан Ўзбекистонга қайтарилишига оид воқеалар рўй берди. Биз Россия раҳбарияти ўзининг Ўзбекистон ҳукумати ҳаракатларига нисбатан ёндашуви билан у ердаги диктаторлик режимини қўллаб-қувватламоқда, деб ҳисоблаймиз. Бу ҳақда гапиришимиз ва жамоатчилик эътиборинини қаратишимиз лозим”, - деди Е.Рябинина.

Унинг сўзларига кўра, 14 май куни ўтказиладиган, мавзулари бир-бирига боғлиқ бўлган матбуот анжуманларида, хусусан, икки йил давомида Россияда ҳибсга олинган, таъқиб қилинган ва ноқонуний йўллар билан юртига қайтариб юборилган ўзбекистонлик сиёсий қочқинлар иши бўйича турли ташкилотлар ҳисоботлари тингланади.

“Бирин-кетин ўтказиладиган матбуот анжуманларимизнинг биринчиси “Федерал хавфсизлик хизмати ҳаётимизга кириб келмоқда” мавзуида бўлиб, Россия ФХХ хизматининг қўлга олиниб Ўзбекистонга экстрадиция қилинганлар, хусусан, Рустам Мўминов ишидаги ролини фош қиладиган материалларни тақдим этамиз. Иккинчи тадбирда Ўзбекистондаги вазиятга бағишланган ҳисоботни “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари Виталий Понамарёв тақдим қилади. “Иваново ўзбеклари” иши хусусидаги сўнгги маълумотларни “Мемориал” ташкилоти юристи Светлана Мартинова гапириб беради, мен эса Ўзбекистонга экстрадиция қилинган ва ҳозир узоқ муддатга қамалган Рустам Мўминовнинг иши хусусида чиқиш қиламан. Шунингдек, бу анжуманларда “Ҳьюман райтс уотч”нинг Москва бюроси раҳбари Алисон Гилл ва бошқа ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этади”, - деди Елена Рябинина.
XS
SM
MD
LG