Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:09

Тожикистонда ҳам динга ҳужум бошландими?


Ўтган ҳафта давомида Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси мамлакат бўйлаб ўтказган рейдларда савдо нуқталаридан диний мазмундаги минглаб адабиёт ва аудио-видео тасмалар мусодара қилинди ва ёқиб юборилди.

Гарчи ахборот манбалари айнан диний мазмундаги материаллар тортиб олинаётганини хабар қилаётган бўлса-да, Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг жамоатчилик билан алоқалар маркази ходими Назиржон Бўриев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда мусодара қилинган маҳсулотлар сал бошқача мазмунга эга эканини таъкидлади.

“Қўмита ходимлари “Тожиккино” вакиллари билан ҳамкорликда ўтказган бир ҳафталик рейдда мамлакатга контрабанда йўли билан киритилган тахминан 4 мингга яқин диск мусодара қилинди. Бу дискларда тожик халқига ёт террорчилик, экстремистик, зўравонлик ва фаҳш саҳналари тасвирланган бўлиб, улар ҳеч қандай лицензиясиз, ғайриқонуний тарзда мамлакатга келтирилгани сабабли савдодан олиб қўйилди”, - деди Н.Бўриев.

Шуҳрат исмли йигитнинг дўконидан ҳам дисклар мусодара қилинган. Аммо Шуҳрат ўзидан олиб қўйилган дискларга мамлакатдаги таниқли уламолардан бири эшон Нуриддин маърузалари ёзилгани ва бу дисклар қонуний тарзда савдога чиқарилганини билдирди.

“Тожикистонда мўътабар диний уламолардан саналган эшон Нуриддин ва шогирдларининг ислом дини қонун-қоидалари тўғрисидаги амри маъруфлари ёзилган дисклар савдоси тақиқланди. Аммо бу ва диний таълим мазмунидаги бошқа дискларнинг лицензияга эга ёки эга эмаслиги борасида зиддият бўлгани йўқ”, - дейди Шуҳрат.

Душанбедаги Имом Термизий мадрасаси ҳудудидаги дўконларда ҳам диний мазмундаги дисклар сотилади. Бу ердаги дўкондорлардан бири ҳам хавфсизлик ходимларининг фақат экстремизм, террор ва фаҳш ишларга чорловчи дисклар мусодара қилинаётгани ҳақидаги даъволарини рад этди.

Унинг айтишича, сўнгги вақтларда хотин-қизларни ҳижобга киришга чақираётган эшон Нуриддин ва ҳожи Мирзонинг маърузалари ёзилган дисклар йўқ қилинмоқда.

“Ҳуқуқ-тартибот органлари дўконимизда ҳожи Мирзо ва эшон Нуриддин дискларини сотишни тақиқлаб қўйди. Дўконимиздан юздан ортиқ шундай дискни олиб кетишди. Улар дискларни эшитиб кўриб, агар давлат сиёсатига қарши гаплар бўлмаса, қайтариб беришни ваъда қилганди. Аммо ҳозирга қадар дисклар қайтарилгани йўқ”, - деди дўкондор.

Мустақил кузатувчилар фикрича, хотин-қизларнинг ҳижоб ўрашини тарғиб қилиш билан машғул бўлаётган айрим дин уламолари, жумладан, эшон Нуриддин ва ҳожи Мирзо давлат сиёсатига тўғаноқ бўлаётгани боис ҳам ҳукумат мулозимлари уларга қарши шундай йўл тутмокда.

Маҳаллий кузатувчи Гулжон Муҳаммаджонов эса дин уламолари кўп ҳолларда мусулмонларга тўғри йўлни кўрсатиш ўрнига уларни ҳатто таҳқирлашгача бораётганини таъкидлади.

“Эшон Нуриддин аёл бошига рўмол ўрамас экан, у мусулмон эмаслигини қайта-қайта таъкидлайди. Менингча, бу нотўғри ғоя. Йирик мусулмон давлатларидаги дин уламолари аёлларнинг илм ўрганиши, фарзандларнинг ота-она ҳурматини сақлаши ва шу каби шахснинг ўзи ва жамият учун фойдали ўгитлар борасида сўз юритади. Бизнинг диний уламоларимиз ҳам улардан ўрганиши зарур, деб ўйлайман”,- дейди маҳаллий кузатувчи.

Айтиш жоизки, юқорида номи кўп тилга олинган машҳур уламо эшон Нуриддин собиқ тожик мухолифати етакчиларидан бири Ҳожиакбар Тўражонзоданинг укасидир.
XS
SM
MD
LG