Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:47

Экологияга оид хабарлар


30 май куни Германиянинг Гамбург шаҳрида Европа Иттифоқи ва Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларининг икки кунлик учрашуви ниҳоясига етди. ЕИга раислик қилаётган Германия 2012 йилда Киото протоколининг муддати тугаганидан сўнг иқлим ўзгаришининг олдини олиш бўйича янги тартиб жорий этилиши кераклигини билдирди. Бироқ Япония Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Матсуи Сакаба ўз мамлакати 2009 йилга қадар бундай келишувни имзолаш ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватламаслигини билдирди.

Унинг айтишича, атмосферани энг кўп ифлослантираётган АҚШ, Хитой, Ҳиндистон каби давлатлар келишувга қўшилмагунича Япония глобал иқлим исиши олдини олишга қаратилган келишувга 2009 йилга қадар қўшила олмайди.

*** *** ***

АҚШнинг Белизе минтақасида иқлим ўзгариши борасида ўтказилган анжуманда Аляска энкораж университети ходими Петер Ларсен сўнгги 50 йил давомида Аляскадаги ҳарорат Целсий ўлчови бўйича икки даража илиганини маълум қилди.

Охирги 400 йил ичида Аляскада энг иссиқ бўлаётган ҳаво ҳарорати минтақа инфратузилмасига қандай таъсир этишини ўрганган олимлар гуруҳига раҳбарлик қилган П.Ларсеннинг сўзларига кўра, иқлим исиши оқибатида умумий ҳудудининг учдан икки қисми мангу музликдан иборат бўлган Аляскада инфратузилма ишдан чиқиб, беш миллиарддан 10 миллиард долларгача иқтисодий зарар кўрилиши мумкин. Агар Аляскада қор ва музликлар эрий бошласа, оқибатда кўприклар қулайди, қувурлар ёрилади, йўллар вайрон бўлади.

Олимларнинг айтишича, ҳозир Арктикада ҳаво ҳарорати дунёнинг бошқа минтақаларига қараганда икки баробар тез суръатда исимоқда.

*** *** ***

Атом энергияси халқаро агентлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари Анна Мария Сетто яқинда Тожикистонда бўлиб, радиоактив чиқиндилар сақланаётган жойларнинг аҳволи билан танишди. Хусусан, Сетто хоним Душанбе шаҳридан 40 километр шарқда жойлашган Файзобод радиоактив моддалар қабристонини, Сўғд вилоятининг Ўзбекистонга чегарадош Чкаловск шаҳридаги “Востокредмет” корхонаси ва Деҳмой чиқиндихоналарининг техник аҳволини ўрганди.

Душанбе расмийларининг айтишича, Анна Мария Сетто Файзобод, Деҳмой ва Табошар радиоактив чиқиндихоналари ҳолатидан қониқиш ҳосил қилган.

*** *** ***

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти аграр тараққиёт департаменти бошлиғи Ниёзмамат Беков вилоятнинг Ахси ва Новкен туманларидаги қишлоқ хўжалик экин майдонлари марокаш чигирткасидан катта зарар кўраётганини билдирди.

Унинг айтишича, айни пайтда иккита самолёт ва тўртта трактор 51 минг гектар майдонда чигирткаларга қарши кимёвий дорилар сепиш билан шуғулланяпти. Аммо об-ҳаво ўзгараётгани боис бу ишларнинг натижа беришига ишонч кам.

Маълумотларга кўра, марокаш чигирткаси тез кўпаяди ва соатига бир квадрат метр майдондаги экинга зарар етказиши мумкин.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги эса мамлакатда марокаш чигирткасига қарши муваффақиятли курашилаётганини билдирмоқда.

Вазирлик вакили ҳозир Ўзбекистонда чигирткаларга қарши тадбирлар ниҳоясига етаётгани, чигирткалар хавфи 80-90 фоиз бартараф қилинганини айтди.

“Бизда хавф йўқ. 305 минг гектар майдонга ишлов бердик. Ҳукумат етарлича маблағ ажратмоқда. Агар қўшни давлатлар ҳудудидан яна чигиртка келса, қўшимча маблағ ажратишга ҳам тайёр. Бизда қишлоқ хўжалик экинларининг тўла, кафолатли ҳимояси таъминланди, десак ҳам бўлади. Жойларда штаблар тузилган. Техникалар ажратилган. Бу масала бўйича ҳукумат даражасида шуғулланиляпти. Афсуски, қўшни давлатларда, хусусан, Тожикистонда кам маблағ ажратилган. Туркманистонда 45 минг гектар ерга ишлов берилган. Аммо биз ўз қишлоқ хўжалик экин майдонимизни ҳимоя қилишдан манфаатдормиз. Ҳозир биз чигиртка хавфидан 80- 90 фоиз қутулдик, десак бўлади”, - деди вазирлик вакили.
XS
SM
MD
LG