Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:25

Россия янги “совуқ уруш” сари кетяптими?


Россия 29 май куни “РС-24” русумли қитъалараро баллистик ракета синовини мувафаққиятли ўтказди. Плесецк космодромидан учирилган бу ракета янги технологиялар асосида яратилган бўлиб, унга 10 та каллак ўрнатилиши мумкин.

Плесецкдан 5,5 минг километр узоқликдаги Камчатка ярим оролидаги нишонга бориб тушган бу ракетанинг техник жиҳатлари ҳақида атрофлича маълумот тарқатилмади. Россия бош вазирининг биринчи ўринбосари Сергей Иванов бу “Топол-М” ракетасининг янги кўриниши эканини билдирди. Россиянинг қитъалараро ракеталари 10 минг километр олисликка уча олади.

Россия ўз армиясини замонавийлаштирмоқда. Ўтган йили президент Владимир Путин бу дастур учун келаси 10 йил давомида 200 миллиард доллар ажратилишини айтган. В.Путиннинг президент лавозимидаги ворисларидан бири сифатида кўрилаётган С.Иванов янги ракеталар ҳозир мавжуд бўлган ва келажакда яратиладиган ҳар қандай мудофаа тизимини ёриб ўта олишини таъкидлади.

Россиянинг “РС-24” ракетаси синовини ўтказиши Кремль АҚШнинг Шарқий Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизимини қуриш режасини кескин танқид қилаётган бир пайтга тўғри келди.

29 май куни Москвада Португалия бош вазири Хосе Сократес билан учрашган В.Путин: “Европани порох тўлдирилган ертўлага айлантириб, янги қуроллар жойлаштиришни зарарли ва хавфли ҳисоблаймиз. Таъкидлаб ўтаман, бу жаҳонда ва Европадаги халқаро муносабатлар тизимига янги ва кераксиз таҳдидлар яратади”, – деди.

Россия ҳарбийлари ўтказган синов АҚШнинг ракета ҳужумидан мудофаа тизимининг бир қисмини Европага жойлаштириш режасига жавоб сифатида кўрилмоқда.

30 май куни АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Том Кейси Россия янги қуроллар синовини ўтказиш ҳуқуқига эга эканини, аммо Москва расмийлари АҚШнинг ракета ҳужумидан мудофаа тизимидан “устун бўлган” янги тизим яратишига эҳтиёж йўқлигини таъкидлади.

“Келинг, бунга рақамлар нуқтаи назаридан қарайлик. Бир томонда ракета уриб туширувчи ўнта ракета ва бир жуфт радар. Бошқа томонда советларнинг минглаб ядровий қуроллари, ядровий каллаклар, қанотли ракеталар ва бошқалар. Менимча, ҳеч ким биз ва иттифоқчиларимизни Эрон каби ғаразгўй давлатнинг ракета ҳужумидан мудофаа қилувчи ушбу кичкина тизим Россиянинг стратегик қудрати ёки мудофаа тизимига таҳдид бўла олади, деб ўйламайди”, - деди Том Кейси.

У томонлар турлича фикрга эга бўлишига қарамай, бу янги “совуқ уруш”нинг бошланиши эмаслигини қайд этди.

“Катта саккизлик”ка аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг 30 май кунги йиғилишида АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга АҚШнинг ракета ҳужумидан мудофаа тизимини президент В.Путин ўз мамлакатига таҳдид сифатида кўришига ҳеч қандай асос йўқлигини билдирди. Бироқ С.Лавров бундай хавотир мавжудлиги ва икки давлат янги қуролланиш пойгаси бўсағасида турганини таъкидлади.

Лондондаги “Chatam House” тадқиқот маркази таҳлилчиси Юрий Фёдоров сўзларига кўра, агар Россия ўрта олисликка учувчи ядровий ракеталар ҳақидаги келишувдан чиқса, бу ўтган асрнинг 70-йиллари иккинчи ярми ва 80-йиллар бошида Европада юзага келгани каби янги ракета бўҳронига сабаб бўлиши мумкин.

Бошқа кузатувчилар эса Россияда шу йил охирида парламент сайлови бўлиши ва 2008 йил мартда президент сайлови ўтказилиши боис, бу хатти-ҳаракатлар Ғарбга қарши эмас, балки Россия халқи фикрига таъсир этишга қаратилганини билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG