Линклар

Шошилинч хабар
24 январ 2021, Тошкент вақти: 01:26

Халқаро хабарлар

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Чеченистонда Аҳмад ҳожи Қодиров хотирасига таъсис этилган орден билан тақдирланди.

Ўтган ҳафтада Қозоғистонга сафар қилган Чеченистон президенти Рамзон Қодировнинг билдиришича, бу мукофот Қозоғистон халқининг Иккинчи жаҳон уруши даврида депортация қилинган чечен оилаларини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик тариқасида тақдим этилган.

Ҳозир Қозоғистонда 30 мингга яқин этник чечен истиқомат қилади.

Кун янгиликлари

Афсонавий бошловчи Ларри Кинг 88 ёшида оламдан ўтди

Ларри Кинг суҳбатдошлари орасида Ричард Никсон,  Маргарет Тетчер,  Мартин Лютер Кинг,  Нелсон Мандела,  Франк Синатра, Михаил Горбачёв ва АҚШ президентлари бор эди. 

Америкалик теле ва радиобошловчи Ларри Кинг Лос-Анжелес шаҳри қасалхонасида 88 ёшида вафот этди.

У декабр ойида коронавируснинг янги турини юқтириши ортидан касалхонага ётқизилганди.

Ларри Кинг ўз фаолиятини 1957 йилда Маямида бошланган. У 1985 йилдан 2010 йилгача у CNN телеканалида ишлаган.

Кейин Россиянинг РТ ва Ора ТВ каналларида ва Ҳулу оқим хизматида фаолият қилди.

Кинг радио ва кейинчалик телевизион интервюлар устаси сифатида танилган.

Унинг суҳбатдошлари орасида Ричард Никсон, Маргарет Тетчер, Мартин Лютер Кинг, Нелсон Мандела, Франк Синатра, Михаил Горбачёв ва АҚШ президентлари бор эди.

Ўтган йил ёзида Ларри Кинг икки фарзандидан айрилганди. 13 августда унинг ўғли Энди Кинг тўсатдан вафот этган эди, 20 август куни эса қизи Чайя Кинг оламдан ўтди.

Қозоғистонда озодликка чиқиши кутилаётган фаол шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Қозоғистон суди 4 февраль куни озодликка чиқиши кутилаётган фаол Макс Боқаевни уч йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Боқаевнинг адвокати Жанар Сундетқалиева Озодликка берган интервьюсида Ғарбий Атирау шаҳридаги суд ўз қарорини 22 январда чиқарганини айтди.

«Макс суд қарори устидан шикоят қилишини айтди. У айбдор эмаслигини яна бир бор таъкидлади ва қатор ҳуқуқ ташкилотлари уни сиёсий маҳбус деб топганини айтди», - деди Сундетқалиева.

48 ёшли фаол 2016 йилда Атирауда ер ислоҳотига қарши норозилик намойишлари уюштиргани учун ҳибсга олинган ва экстремизмда айбланиб, беш йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Америка Қўшма Штатлари, Европа Иттифоқи ва БМТ Қозоғистон расмийларини Боқаевни озодликка чиқаришга чақириб келади.

Қозоғистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Боқаевни сиёсий маҳбус деб топган. Қозоғистон ҳукумати эса мамлакатда сиёсий маҳбуслар йўқлигини иддао қилиб келади.

Беларусда Лукашенкога қарши шиорларни ёзган икки ўсмир қамоқ жазосига ҳукм қилинди

22 январь куни Минск суди президент Александр Лукашенкога қарши норозилик намойишлари пайтида полиция қалқонларида авторитар президентни қоралаб шиор ёзган икки ўсмирни қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Октябрь туман суди Софию Малашевични икки йилга, Тихон Клюкачни эса 18 ойга озодликдан маҳрум қилди. Уларнинг иккиси ҳам Брест шаҳридаги коллежнинг 18 ёшли талабаларидир.

Суд Малашевични безориликда, мамлакат президентини оммавий равишда ҳақорат қилишда ҳамда жамоат тартибини бузадиган ишларга қўл уришда айбдор деб топди. Клюкач эса жамоат тартибини бузадиган ишларга қўл уришда айбдор деб топилди.

Ўсмирлар уларга қўйилган айбловларни тан олиб, суддан қамоқдан бошқа жазо турини танлашни илтимос қилган эдилар.

Беларусда Лукашенкога қарши намойишлар беш ойдан бери давом этмоқда.

Арманистонда суд тизими бошқарув кенгашининг янги аъзолари тайинланди

Арманистон парламенти ҳукумат ва суд тизими ўртасидаги зиддиятлар фонида судьяларини тайинлаш, жазолаш ва ишдан бўшатиш билан шуғулланувчи Олий суд кенгашининг икки янги аъзосини тайинлади.

22 январь куни Гагик Жангирян ва Давид Хачатурян Олий суд кенгашидаги бўш ўринларни эгалладилар.

Уларни бош вазир Никол Пашиняннинг «Менинг қадамим» партияси номзод ўлароқ кўрсатган эди.

Мухолифат кенгашнинг янги аъзоларини тайинлаш учун ўтказилган овоз беришда иштирок этишдан бош тортди.

Фаоллар Жангирянни 1997-2006 йилларда бош ҳарбий прокурор лавозимида ишлаган даврида Арманистон қуролли кучларида содир этилган жиноятларни яширишда ва бошқа қонунбузарликларга йўл очиб беришда айблаб келади.

Хачатурян эса келиб чиқиши венгриялик бўлган америкалик миллиардер Жорж Сороснинг «Очиқ жамият» жамғармасининг Еревандаги офисига етакчилик қилган. Унинг укаси Сасун Хачатрян айни дамда Арманистон Махсус тергов хизматини бошқаради.

Сўнгги ойларда Арманистон судьялари мухолифат раҳбарлари ва аъзолари ҳибсга олинишига тўсқинлик қилиб келади.

Арманистонда ўтга йилнинг кузида Тоғли Қорабоғ ва унинг атрофида Озарбайжонга билан содир бўлган тўқнашувлар ортидан норозилик намойишларида қатнашган ўнлаб фаол жиноий жавобгарликка тортилди.

Молдова Конституциявий суди рус тилининг махсус мақомини ноқонуний деб топди

Кишинёв мактабларида рус тилининг мажбурий ўқитилишига қарши норозилик - Кишинёв, 2002

Молдова Конституциявий суди рус тилининг миллатлараро мулоқот тили сифатида алоҳида мақоми тўғрисидаги қонунни конституцияга зид, деб эълон қилди. Уч нафар мухолиф депутат ушбу ҳужжат аксар фуқароларнинг ҳуқуқларини бузган ва давлат тили ролини камситган, деган даъво билан судга ариза киритган эди.

"Қарор якуний ҳисобланади, унга қарши чиқиш мумкин эмас. Қарор эълон қилинган вақтдан бошлаб кучга киради",- деди Конституциявий суд раиси Домника Маноле 21 январ куни.

Унинг сўзларига кўра, 2020 йил 16 декабрда парламент томонидан қабул қилинган Молдовада тилларнинг ишлаши тўғрисидаги қонун моддаси рус тилига Молдова конституциясида кўзда тутилмаган миллий озчиликнинг бошқа тилларига нисбатан имтиёзли мақом беради.

2014 йилги аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, Молдовада аҳолининг уч фоизидан камроғи рус тилида сўзлашади. "Натижада, рус тили миллатлараро мулоқот тили даражасига кўтарилиб, мамлакатда молдован тили билан тенг даражадаги квази-расмий мақомга эга бўлиб қолган",- деб айтди Маноле журналистларга.

Молдова парламенти 2020 йил 16 декабрда рус тилига миллатлараро мулоқот тили мақомини қайтарди. Мухолифат депутатлари мажлисни бойкот қилган. Қонун давлат органларига фуқароларни рус тилидаги маълумот билан таъминлаш мажбуриятини юклайди. Ушбу қонун рус тилидаги сўровларга жавоб беришдан бош тортган мансабдор шахсларни жазолашни ҳам назарда тутади.

Охирги сайловда малуб бўлган Молдованинг россияпараст собиқ президенти Игорь Додон лавозимни топширишдан бир неча кун олдин, 18 декабр куни ушбу қонунни имзолади. Шундан кейин мухолифат қонунга қарши чиқишини эълон қилди.

Қозоғистонда икки хитойлик қозоқ ҳужумга учради

Мурагер Алимули Қўянди қишлоғида пичоқланган ва қаттиқ калтакланганиден кейин шифохонада- Нур-Султон, 21 январь, 2021

Шинжондан Қозоғистонга келиб, вақтинча қочқин мақомини олган икки этник қозоқ зўравонлик ҳужумига учради.

«Нағиз атажурт» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти вакили Бекзат Мақсутханнинг Озодликка айтишича, 21 январь куни кечқурун номаълум шахс Олмаотада Қайша Ақанга ҳужум қилиб, бошига камида икки марта урган ва уни бўғиб ўлдиришга уринган.

«Қайшанинг айтишича, у ҳушидан кетган ва бирмунча вақт ўтгач, қорда ётган ҳолда ўзига келган. У полиция ва тез ёрдам чақиришга муваффақ бўлган», - деди Мақсутхан.

Ўша куни кечаси шинжонлик яна бир этник қозоқ Мурагер Алимули пойтахт Нур-Султон яқинидаги Қўянди қишлоғида пичоқланган ва қаттиқ калтакланган.

Олмаота ва Нур-Султон полицияси икки ҳужум бўйича тергов бошланганини маълум қилди.

Кейинги йилларда шинжонлик юзлаб этник қозоқ Қозоғистонга қочиб ўтиб, сиёсий бошпана сўраган.

Песков: Путин "Путин саройи"да бўлганини билмайман

Суриштирув муаллифларига кўра, Геленжик кўрфазидаги «Путин саройи»ни камида 100 миллиард рубль (1,35 миллиард доллар)га баҳолаш мумкин

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар билан ўтказган онлайн конференцияси давомида Алексей Навальний ва Коррупцияга қарши кураш жамғармаси «Путин саройи» ҳақида ўтказган суриштирувга яна тўхталди.

Суриштирув муаллифларига кўра, Геленжик кўрфазидаги «Путин саройи»ни камида 100 миллиард рубль (1,35 миллиард доллар)га баҳолаш мумкин.

Навальний YouTubeга жойлаган видео аллақачон 55 миллион мартадан кўп марта кўрилди ва нафақат Россия, балки бошқа қатор мамлакатларда ҳам энг кўп кўрилган видеолар қаторидан ўрин олди.

Суриштирув тўғрисида Кремль расман муносабат билдириши ёки йўқлиги ҳақидаги саволига Песков «Бу ерда ҳеч қандай билдирув керак эмас», - деб жавоб берди.

Котиб Путиннинг сарой мажмуасига ҳеч қандай алоқасини йўқлигини айтиб, суриштирув хулосаларини «ёлғон» деб атади.

Путин ушбу иншоотдан фойдаланадими ёки йўқми, деган саволга Песков «йўқ» деб жавоб берди ва президент шу пайтгача у ерда бўлганми ёки йўқми деган саволга «Мен президент бирон марта у ерда бўлганини билмайман, менда бундай маълумот йўқ», - дея жавоб берди

Европа маҳкамаси: Россия Грузия билан урушда инсон ҳуқуқларини поймол этган

Россия аскарлари Грузиянинг Гори шаҳри ташқарисида - 9 август, 2008

Европа Инсон ҳуқуқлари маҳкамаси 2008 йилда Россия ва Грузия ўртасида бўлиб ўтган беш кунлик урушдан сўнг Россия инсон ҳуқуқларини поймол этган, деб топди. Жумладан, Россия қийноқлар содир этганлик ҳамда одамларни ўз уйига қайтишга тўсқинлик қилганликда айбдор, деб топилди. Грузия Европа маҳкамасининг қарорини олқишлади.

Суднинг 21 январда чиқарилган ҳукмида Россия аскарлари 160 нафар Грузия фуқаросининг “азобланишига сабаб бўлган ғайриинсоний ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатлар” содир этгани айтилади. Ҳукмда таъкидланишича, грузиялик маҳбуслар “ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган”.

2008 йилнинг 7 августида грузин қўшинлари мамлакат ҳудудий яхлитлигини таъминлаш мақсадида Жанубий Осетия ҳудудига кириб борган эди. Россия бунга ҳарбий ҳаракатлар билан жавоб қайтарди. 5 кунлик урушдан сўнг Россия Жанубий Осетия ва Абхазияда ўзининг ҳарбий қисмларини қолдирган. Кейинчалик бу ҳудудлар ўзини мустақил деб эълон қилган ва уларнинг мустақиллигини Россия тан олган.

Грузия Россия тўқнашув чоғида ва ундан кейин Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси шартларини бузгани тўғрисида Европа Инсон ҳуқуқлари маҳкамасига даъво киритганди.

Россия расмийлари ўз фуқаролари ва тинчликпарвар қўшинларини ҳимоя қилиш мақсадида Грузияни “тинчликка кўндиришга” мажбур бўлганлигини айтиб келади.

Суд қарорида айтилишича, “грузиялик уруш асирлари дучор бўлган қийноқлар маъмурий амалиёт бўлган”.

Суд шунингдек, Россияни грузин миллатига мансуб аҳолига урушдан кейин Жанубий Осетия ва Абхазиядаги уйларига қайтишига тўсқинлик қилганини айтган. Бу каби ҳолатлар юзасидан “муносиб ва самарали суриштирув”олиб боришга чақирган.

Европа Инсон ҳуқуқлари маҳкамасининг таъкидлашича, фаол жанговар ҳаракатлар чоғидаги ҳодисалар Россия юрисдикциясидан ташқарида бўлган. Икки тараф ҳам тўқнашувлар олиб борилган ҳудудни назорат қилмагани боис Грузия даъвосининг бу қисми инобатга олинмаган.

Европарламент “Шимолий оқим-2” лойиҳасини “зудлик билан тўхтатиш”ни талаб қилди

Европарламент Европа Иттифоқини “Шимолий оқим-2” газ қувурлари лойиҳасини “зудлик билан тўхтатиш”га чақирди. Болтиқ денгизи тубидан Россия газини Европага етказиш лойиҳасини тўхтатишга оид резолюция президент Путиннинг ашаддий танқидчиси Алексей Навальний ўтган ҳафта Москвада ҳибсга олингани муносабати билан 21 январь куни қабул қилинган.

Резолюцияни ёқлаб 581 нафар депутат овоз берган бўлса, депутатлардан 50 нафари унга қарши чиққан, 44 нафари эса овоз беришдан тийилган.

Алексей Навальний 17 январь куни Берлиндан Москвага учиб келиши билан қўлга олинган. Германияга у ўтган йил ёзида “Новичок” моддаси билан заҳарланиши ортидан олиб кетилган ва ўша ерда даволанганди. Навальний Россия пойтахтида қўлга олинганидан бир кун ўтгач, у 30 кунлик ҳибс муддатини ўташ учун “Матросская тишина” тергов ҳибсхонасига йўлланган.

Бу борада судга Жазони ўташ федерал хизмати илтимоснома киритган. ЖЎФХ вакилларига кўра, Навальний заҳарланганидан кейин Германияда даволанишда бўлган пайтда назоратдан қочиб юрган ва синов муддати шартларини бузган. Ваҳоланки, Навальнийга даволаниш учун Германияга кетишга Россия мулозимлари томонидан расмий рухсат берилганди. Мухолифатчининг адвокатлари унинг тергов ҳибсхонасига йўлланиши ноқонуний, дея билдирганлар.

Европарламент резолюциялари тавсия характерига эга бўлиб, уларни бажариш мажбурий эмас, бироқ улар Европа Иттифоқи таркибига кирган давлатлар учун сиёсий йўриқнома вазифасини ўтайди. Санкциялар ЕИга кирган 27 мамлакат қарори билан жорий этилади.

Россия расмийлари Навальнийнинг заҳарланишига ўзларининг алоқалари йўқлигини айтиб келадилар.

Байден Россия билан имзоланган ядро шартномаси муддатини узайтириш тарафдори

АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден стратегик ядровий қуролларга оид New START шартномасини узайтиришни режаламоқда. 2010 йили Россия ва АҚШ томонидан имзоланган шартнома жорий йилнинг февраль ойида ўз кучини йўқотади.

Оқ уй матбуот котиби Женнифер Псаки: “Президент New START шартномаси АҚШнинг миллий хавфсизлик манфаатларига мос келишини анчадан бери айтиб келади. Қолаверса, Россия билан муносабатлар ҳозиргидек танг бўлган пайтда шартномани узайтириш айни муддао бўлади”, деган.

New START шартномаси стратегик ядровий каллаклар сонини 1550 тагача, етказиб бериш тизимлари сонини эса 700 тагача чеклашни назарда тутади.

Собиқ президент Дональд Трамп маъмурияти Хитой иштирокида шартнома давомини ишлаб чиқишга уринган, аммо келишувга эришолмаган.

Ҳафта бошида расмий Москва шартномани яна беш йилга узайтиришга рози эканини билдирган.

21 январь куни НАТО бош котиби Йенс Столтенберг АҚШ ва Россияни шартномани узайтиришга, кейинчалик эса уни янада кенгайтиришга чақирган эди.

Россияда норозилик чиқишлари олдидан Навальнийнинг сафдошлари тутиб кетилмоқда

Навальнийнинг сафдошларидан бири Любовь Соболь

Россия пойтахти Москвада 21 январь куни ҳибсхонадаги мухолифатчи Алексей Навальнийнинг бир неча сафдоши қўлга олинган.

Навальнийнинг ҳибсга олинишига қарши 23 январга белгиланган норозилик акцияси арафасида, хусусан, Коррупцияга қарши кураш жамғармаси (КҚКЖ) юристи ва Navalny Live канали продюсери Любовь Соболь тутиб кетилган.

Баённома тузилганидан кейин Соболь қўйиб юборилган, суд 22 январь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда. У одамларни рухсат этилмаган акцияга чиқишга чақирганликда айбланмоқда.

Пайшанба оқшомида КҚКЖнинг “Путин саройи” тўғрисидаги суриштирув фильми муаллифларидан бири Георгий Албуров ҳам қўлга олинган.

Аввалроқ КҚКЖ юристи Владлен Лось ушланганди. Лоснинг Твиттерда ёзишича, унга Россияни 25 январгача тарк этиш буюрилган. У Беларусь фуқароси бўлиб ҳисобланади. Расмийлар унга ўз талаблари сабабини изоҳлаган эмаслар.

21 январь куни Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш ҳам ИИБга олиб кетилган ва у тунни ўша ерда ўтказган. Суд Ярмишга 9 кунлик маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган.

“Медиазона” нашри маълумотига кўра, Навальнийнинг тарафдорлари Липецк, Калининград ва Краснодарда ҳам қўлга олинган.

Алексей Навальнийнинг тарафдорлари сиёсатчининг қўлга олинганига қарши 23 январь куни норозилик акциялари ўтказишни режалаганлар. Акцияга чиқиш чақириқлари ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда, бу чақириқларга таниқли жамоат ва маданият арбоблари ҳам қўшилган.

Россия Ички ишлар вазирлиги норозилик акциясига чиқишга чақираётганларнинг барчасини маъмурий жавобгарликка тортишга тайёрлигини билдирган.

Роскомнадзор эса 21 январь куни турли ижтимоий тармоқларда “вояга етмаган шахсларни рухсат этилмаган оммавий норозилик тадбирларида иштирок этиш чақириқларини аниқлаган”ини билдириб, TikTok, ВКонтакте, Facebook, Twitter, Instagram ва YouTube каби тармоқларга жарима билан таҳдид қилган.

Мухолифатчи Алексей Навальний 17 январь куни Берлиндан Москвага учиб келиши билан қўлга олинган. Германияга у ўтган йил ёзида “Новичок” моддаси билан заҳарланиши ортидан олиб кетилган ва ўша ерда даволанганди. Навальний Россия пойтахтида қўлга олинганидан бир кун ўтгач, у 30 кунлик ҳибс муддатини ўташ учун “Матросская тишина” тергов ҳибсхонасига йўлланган. Мухолифатчининг тарафдорлари бунга норозилик ифодаси ўлароқ кўча акциялари ўтказишларини билдирганлар.

Сиёсатчи қўлга олинганидан кейин КҚКЖ Путиннинг Геленжик яқинидаги саройига оид суриштирув фильмини ёйинлаган. Мазкур фильм ўтган уч кун ичида YouTube тармоғида 53 миллион марта кўрилган.

Бағдод марказида содир бўлган портлашларда 30 дан зиёд одам ҳалок бўлди

Портлаш содир бўлган жой, Бағдод, 2021 йил 21 январи

Ироқ пойтахти Бағдодда содир бўлган икки портлаш натижасида камида 32 киши нобуд бўлди, 110 киши яраланди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.

Расмийларга кўра, шаҳар марказидаги кийим-кечак бозорида портлаш мосламасини террорчи худкушлар ҳаракатга келтирган.

Ҳодиса жойига етиб борган журналистлар у ерда қон излари ва сочилиб ётган пойабзалларни кўрганлар. Исмини айтмаган савдогарлардан бири ўзини портлатиб юборган шахс ерга ётиб олиб, қорни оғриётганидан шикоят қилгани, кейин детонатор тугмасини босиб юборганини айтган.

Ироқ Фуқаро мудофааси раҳбари Кадхим Салмон журналистларга ҳужумлар ортида “Ислом давлати” террор гуруҳи турган бўлиши мумкинлигини айтган.

Украина: Харьковдаги қариялар уйида чиққан ёнғин оқибатида 15 киши нобуд бўлди

Ёнғин содир бўлган жой

Харьковда қариялар уйида содир бўлган ёнғин натижасида 15 киши нобуд бўлди, яна 11 киши турли даражада тан жароҳати олди. Бу ҳақда Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати маълумот тарқатди.

Ёнғин маҳаллий вақт билан кундузги соат 3 ларда бинонинг иккинчи қаватида бошланган. Ҳодиса чоғида 100 квадрат метр атрофида майдон куйган, шунга қарамай, ўт ўчирувчилар ёнғинни ўчириш учун қарийб икки соат вақт сарфлаганлар.

Украина бош прокурори Ирина Венедиктова дастлабки маълумотларга таянган ҳолда, ёнғин электр иситиш жиҳозларидан эҳтиётсизлик билан фойдаланганлик ва ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилмаганлик туфайли чиққанини билдирган.

Харьков шаҳар маъмурияти маълумотига кўра, пансионат тегишли рухсатномасиз фаолият юритган. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Германия канцлери Россияни Навальнийни озод қилишга чақирди

Германия канцлери Ангела Меркель

Германия канцлери Ангела Меркель Россия расмийларини мухолифатчи Алексей Навальнийни ҳибсдан озод қилишга чақирди. Бу ҳақда Deutsche Welle (“Немис тўлқини”) хабар қилди. Меркелга кўра, Германия ҳукумати бундай қадам жуда тўғри бўлади, деб ҳисоблайди.

Алексей Навальний 17 январь куни Берлиндан Москвага учиб келиши билан қўлга олинган. Германияга у ўтган йил ёзида “Новичок” моддаси билан заҳарланиши ортидан олиб кетилган ва ўша ерда даволанганди. Навальний Россия пойтахтида қўлга олинганидан бир кун ўтгач, у 30 кунлик ҳибс муддатини ўташ учун “Матросская тишина” тергов ҳибсхонасига йўлланган. Бу борада судга Жазони ўташ федерал хизмати илтимоснома киритган. ЖЎФХ вакилларига кўра, Навальний заҳарланганидан кейин Германияда даволанишда бўлган пайтда назоратдан қочиб юрган ва синов муддати шартларини бузган. Ваҳоланки, Навальнийга даволаниш учун Германияга кетишга Россия мулозимлари томонидан расмий рухсат берилганди. Мухолифатчининг адвокатлари унинг тергов ҳибсхонасига йўлланиши ноқонуний, дея билдирганлар.

Германиянинг Der Spiegel журнали хабарига кўра, Европа парламенти ЕИдан “Шимолий оқим – 2” газ қувури қурилишини тўхтатиш ҳамда Навальнийнинг қўлга олиниши ва ҳибс этилиши ҳақида қарор берган шахсларга қарши санкция киритилишини талаб қилмоқчи. Резолюция лойиҳаси 21 январь куни овоз беришга қўйилади.

Ҳужжат муаллифларига кўра, мухолифатчига қилинган ҳужум учун масъул бўлган шахслар, “россиялик олигархлар”, “президент Путинга яқин бўлган кишилар” ва “оммавий ахборот воситаларидаги пропагандистлар”га нисбатан ҳам чеклов чоралари қўлланилиши лозим.

Европарламент резолюциялари тавсия характерига эга бўлиб, уларни бажариш мажбурий эмас, бироқ улар Европа Иттифоқи таркибига кирган давлатлар учун сиёсий йўриқнома вазифасини ўтайди. Санкциялар ЕИга кирган 27 мамлакат қарори билан жорий этилади.

Россия расмийлари Навальнийнинг заҳарланишига ўзларининг алоқалари йўқлигини айтиб келадилар.

Қирғизистонда ҳукумат истеъфога чиқди

Бишкекдаги ҳукумат биноси

Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи, парламент спикери Талант Мамитов бош вазир ва ҳукумат ваколатлари тўхтатилганига оид фармон имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари сайти орқали маълумот тарқатилди.

Қайд этилишича, президент сайловининг расмий натижалари эълон қилингани ва Садир Жапаровнинг бош вазир ваколатларини топшириш тўғрисида ариза бергани туфайли Т. Мамитов уни ҳукумат раҳбари лавозимидан озод қилган.

Фармон билан ҳукуматнинг амалдаги таркиби истеъфога кетган ҳисобланади, унинг аъзолари эса янги ҳукумат тузилгунига қадар ўз вазифалари бажариб туради. Бош вазир вазифасини вақтинча унинг ўринбосари Артём Новиков бажариб туради.

Аввалроқ Садир Жапаров президент сайлови расмий натижалари чиқарилганидан ва инаугурация маросими ўтказилганидан кейин бош вазир ваколатларини топшириши айтилганди. Конституцияга мувофиқ, ҳукумат ҳам тўла таркибда истеъфога кетиши керак.

Ўтган йил 6 октябрида Қирғизистонда халқ ғалаёни бошланиб, бунинг ортидан мамлакатда ҳокимият алмашган. Шундан сўнг парламентнинг навбатдан ташқари мажлисида Садир Жапаров бош вазирликка тасдиқланган.

Кейинроқ у президент сайловида иштирок этмоқчилигини айтиб, бош вазир ваколатларини вақтинча топширган. Унинг вазифаси бош вазирнинг биринчи ўринбосари Артём Новиков зиммасига юклатилган эди.

Шу йил 20 январида Қирғизистон МСК муддатидан аввал ўтказилган президент сайловида Садир Жапаров ғалаба қозонганини билдириб, уни давлат раҳбари сифатида рўйхатга олиш ҳақида қарор чиқарган. С. Жапаровни қасамёдга келтириш маросими 28 январга белгиланган.

Муддатидан аввалги президент сайлови Қирғизистонда 2021 йилнинг 10 январида бўлиб ўтиб, унда 17 нафар номзод иштирок этган. Мазкур сайловда, МСК маълумотига кўра, С. Жапаров 79 фоиздан кўпроқ овоз олган.

Байден АҚШнинг ЖССТдан чиқишини бекор қилувчи фармонни имзолади

АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден илк иш кунида Қўшма Штатларнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан (ЖССТ) чиқишига оид салафи Дональд Трамп томонидан қабул қилинган қарорни бекор қилди.

Байден АҚШнинг ЖССТга аъзо бўлиб қолиши тўғрисидаги фармонни Вашингтонда 20 январь куни бўлиб ўтган инаугурация маросимидан бир неча соат ўтиб имзолади.

Собиқ президент Дональд Трамп 2020 йил июлида ЖССТни коронавирус пандемияси билан боғлиқ фаолиятини танқид қилиб, АҚШнинг мазкур халқаро ташкилотдан чиқишига оид билдиришномани имзолаганди. Трамп ЖССТни Хитой йўриғи билан иш қилиб, пандемиянинг илк босқичида коронавирус ҳақидаги маълумотни яширганликда айблаган.

АҚШнинг ЖССТдан чиқиши халқаро ташкилотнинг пандемияга қарши курашни мувофиқлаштириш бўйича ишига путур етказиши мумкин эди. Қўшма Штатлар ЖССТнинг энг йирик молиявий донори бўлиб ҳисобланади.

Байден маъмурияти ЖССТ бошчилигидаги COVAX дастурига ҳам қўшилмоқчи. Мазкур дастур қашшоқ давлатларга COVID-19 га қарши вакцина етказиб беришга қаратилган.

АҚШ иқлим ўзгариши бўйича Париж шартномасига қайта қўшилади

Президент Дональд Трамп 2020 йилда АҚШни Париж шартномасидан чиқарган эди.

Президент Жо Байден 20 январь куни лавозимига киришиши биланоқ АҚШни иқлим ўзгариши бўйича Париж шартномасига қайтариш бўйича буйруқни имзолади.

Байден буйруқни имзолар экан, АҚШ янги маъмуриятининг асосий вазифаларидан бири иқлим ўзгаришига қарши кураш бўлишини таъкидлади.

“Биз иқлим ўзгаришига қарши аввалгидан ҳам яхшироқ курашамиз”,-деди Байден АҚШнинг 2016 йилда имзоланган шартномага қайтишини билдирар экан.

20 январда ҳокимиятни топширган Дональд Трамп 2019 йилда БМТни Париж шартномасидан чиқиши ҳақида огоҳлантирган ва 2020 йилнинг ноябрида шартномадан чиққан эди.

Европа Иттифоқи Байденнинг Париж шартномасига қайтиш қарорини олқишлади. Байден маъмурияти АҚШни бир ой ичида мазкур шартномага қайтариш борасида иш олиб боради.

Байден мусулмон давлатлардан келганларни АҚШга киргизмаслик тўғрисидаги Трамп қарорини бекор қилди

Жо Байден (чапдан биринчи) ыасамёд келтириш маросимида.

АҚШ президенти Жо Байден 20 январь куни Трамп маъмурияти давридаги сиёсатни бекор қилувчи 17та ҳужжатни имзолади. Жумладан, қатор мусулмон давлатларидан келганларни АҚШга киритмаслик тўғрисидаги Трамп қарори бекор қилинди.

Оқ Уй Трампнинг қарори “диний нафратни ва ксенофобияни” бартараф этиш мақсадида бекор қилинганини билдирди. Байден буйруғига асосан, Давлат департаменти мусулмон давлатларидан АҚШга келмоқчи бўлганларга қўйилган виза чекловларини бекор қилиши шарт.

“Бу АҚШ қадриятларига зид равишда сиёсат юритган Трамп маъмуриятидан жабрланган шахслар ва оилаларга кўмаклашиш учун ташланган жиддий қадамдир”,-дейилади Оқ Уй баёнотида.

Трамп 2017 йилда президентлик лавозимига киришганидан сўнг АҚШга Эрон, Ироқ, Ливия,Сомали, Судан, Сурия ва Яман фуқароларининг киришни тақиқлаб қўйган эди. Кейинроқ Ироқ ва Судан қора рўйхатдан чиқарилган, уларнинг ўрнига Чад, Шимолий Корея ва Венесуэла киритилганди.

Мадридда содир бўлган кучли портлаш натижасида камида икки киши ҳалок бўлди

Мадриддаги портлаш чоғида шикастланган бино, 2021 йил 20 январи

Испания пойтахти Мадридда 20 январь куни содир бўлган кучли портлаш оқибатида бинолардан бирига жиддий шикаст етган. El Pais нашри хабарига кўра, ҳодиса чоғида камида икки одам нобуд бўлиб, яна 8 нафар киши тан жароҳати олган, улардан бирининг аҳволи оғир.

Шикастланган бино Мадрид архиепископиясига қарашли бўлган. Черков ходимларидан бири бедарак йўқолгани айтилмоқда.

Гувоҳларга кўра, иншоотнинг бешала қавати ҳам шикаст етган. Бинога яқин жойда турган автомобиллардан ҳам бир нечтаси лат еган.

Ҳодиса жойида кўплаб ўт ўчирувчилар, полициячилар, “тез ёрдам” ходимлари ишламоқда. Қўшни биноларда яшаган кишилар эвакуация қилинган.

Испания нашрларининг хабар қилишича, фожиага маиший газ сизиб чиққани сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Трамп кетар олдидан Ўзбекистонга алоқадор фармонни имзолади

Оқ уйни тарк этаётган Дональд Трамп, Вашингтон, 2021 йил 20 январи

Дональд Трамп Жо Байден инаугурациясидан бир кун олдин Ўзбекистонда хизмат ўтаган америкалик ҳарбийлар учун қўшимча имтиёзлар жорий этилишини таклиф қилувчи фармонни имзолади. Фармон матни Оқ уй сайтида чоп этилган.

Ҳужжатга мувофиқ, “Қарши-Хонобод” базасида 2001 йил 1 октябридан 2005 йил 31 декабригача хизмат ўтаган ҳарбийларни фаол жанговар ҳаракатлар фахрийлари ўлароқ тан олиш масаласини кўриб чиқиш режаланмоқда.

Фармонда АҚШ ҳарбийлари соғлиғига таъсир этиши мумкин бўлган омиллар юзасидан пухта эпидемиологик тадқиқот ўтказилиши кўзда тутилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳужжат эълон қилинган кундан бошлаб 365 кун ичида мудофаа вазири Ўзбекистондаги “Қарши-Хонобод” ҳаво базасида 2001 йил 1 октябридан 2005 йил 31 декабригача бўлган Қуролли кучлар ҳарбийларига токсик таъсир кўрсатилганига оид текширув ўтказиши лозим.

Ўтган йил июлида конгрессменлар Стивен Линч ва Марк Грин Пентагоннинг махфий ҳужжатларини эълон қилишганди. Мазкур ҳужжатларга кўра, АҚШ ҳарбийлари 2001 йилдан 2005 йилгача Қарши шаҳри яқинидаги Хонобод аэродромида хизмат ўтаган пайтда заҳарли моддалар таъсири остида қолган бўлишлари мумкин.

Ўшанда конгрессменлар Қарши яқинида хизмат қилган ҳарбийларни зарур муолажа билан таъминлаш учун мазкур ҳужжатларни махфийликдан чиқаришни талаб қилишганди.

Ҳужжатларда 2001 йили база тупроғи авиация ёғилғи билан тўйингани, унинг буғланиши нафас олган пайтда киши сиҳати учун ёмон оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлиги айтилган.

Бундан ташқари, Пентагон маълумотларига кўра, АҚШ ҳарбийлари Ўзбекистондаги базада юрган пайтларида радиация таъсири остида қолган бўлишлари мумкин.

АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари вакили ўтган йил февралида конгрессменлар олдида кўрсатма бераркан, ҳарбийлар хавф-хатар ҳақида огоҳлантирилмаганини билдирганди.

Рамзан Қодиров Чеченистон жангарилардан тўлалигича тозаланганини билдирди

Рамзан Қодиров

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров республика ҳудудидаги охирги жангарилар ўлдирилгани ҳақида эълон қилди.

Унинг ўз Телеграм-каналида маълум қилишича, Грознийдан чақирим нарида жойлашган Қатирюрт қишлоғи яқинида ўтказилган махсус амалиёт чоғида амир Аслан Бютукаев бошчилигидаги олти кишидан иборат гуруҳ йўқ қилинган.

Қодиров амалиёт анча олдин режалангани ва режани ишлаб чиқишда шахсан ўзи иштирок этганини билдирди. Мақтуллардан айримларининг шахси аниқланган.

“Бандитлар гуруҳи икки марта таъқиб ва тўқнашувга чап беришга муваффақ бўлди. Учинчисида улар Аҳмад ҳожи Қодиров номидаги полиция полки жангчилари таъқибидан қутулолмадилар”, дейилган Чеченистон раҳбари хабарида. Қодировга кўра, Россия президенти Владимир Путин махсус амалиёт ўтказилишидан хабардор бўлган ва режага “шахсан тузатишлар киритган”.

Аслан Бютукаев 1974 йили Чечен-Ингуш АССРнинг Ачхой-Мартан қишлоғида туғилган. У Аслан Масхадов қўл остидаги кишилардан бўлган. Кавказ амирлиги тузилгани (2010 йили) эълон қилинганидан кейин Доку Умаровга қарши чиқа бошлаган. 2011 йили у Шимолий Кавказ жангарилари раҳбари билан ярашиб олган. Умаров ўлимидан кейин 2013 йили чечен жангарилари лидерига айланган. У ҳақда анчадан бери ҳеч қанақа хабар йўқ эди.

Германия ширкати Россиянинг “Шимолий оқим-2” лойиҳасида иштирок этишдан воз кечди

"Газпром"нинг "Шимолий оқим-2" лойиҳасига АҚШ санкция жорий қилган.

Германиядаги Bild наширининг хабар беришича, Bilfinger SE ширкати мамлакатда Россиянинг “Шимолий оқим-2” лойиҳасида иштирок этишдан воз кечган энг биринчи ширкат бўлди.

Bild нашрининг ширкат вакиллари ўртасидаги электрон ёзишмага таяниб хабар беришича, Bilfinger SE раҳбарияти АҚШ санкциялари ортидан мазкур лойиҳадаги иштирокини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилган. АҚШ санкциялар қўлланиши ҳақида бир ҳафта олдин огоҳлантирган.

Bilfinger SE “Шимолий оқим-2” газ қувурининг хавфсизлик тизимини ишлаб чиқаётган эди. Шартномага асосан ширкат 15 миллион евро ҳақ олиши лозим.

Аввалроқ АҚШ “Шимолий оқим-2” газ қувури лойиҳасида иштирок этаётган ширкатларга санкция эълон қилган. Бунгача санкция таҳдиди мавжудлиги оқибатида лойиҳа устидаги иш бир йилга тўхтатиб қўйилганди.

19 январь куни “Газпром” инвесторларни лойиҳа устидаги иш музлатиб қўйилиши мумкинлигидан огоҳлантирган. Бундан бир кун олдин эса Германия маҳаллий экологлар норозилиги ортидан ўз ҳудудидан қувур ўтказишга берилган рухстаномани бекор қилган эди.

Навальний фонди "Путин саройи" видеосини эълон қилди

"Путин саройи" экани айтилаётган қаср.

Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди 19 январь куни президент Владимир Путин учун Қора денгиз соҳилида қурилгани таҳмин қилинаётган данғиллама саройга оид янги суриштирувни эълон қилди.

Суриштирувда айтилишича, Геленжик кўрфазидаги “Путин саройи”ни камида 100 миллиард рубл (1,35 миллиард доллар)га баҳолаш мумкин.

Маълум қилинишича, қаср ҳовлисида черков, 2500 квадрат метрли иссиқхона, амфитеатр, бир нечта уй ва денгиз соҳилига олиб чиқувчи “ер ости йўли” мавжуд.

Сарой майдони 17 691 квадрат метрни ташкил қилади. Унда кинотеатр, бар, чилим бар, казино, ўйин автоматлари ўрнатилган зал ва бассейн мавжуд.

“Бу Россиядаги энг қаттиқ қўриқланадиган жойдир, бошқача айтганда давлат ичидаги давлатдир. Бу Путиннинг энг катта сиридир, бу сирни юзлаб, хаттоки минглаб одамлар қўриқламоқда- улар оддий қўриқчилар, боғбонлар ва қурувчилардир”,-деб бошланади YouTube порталига жойлаштирилган икки соатли видео.

Мазкур қаср Россия президенти учун қурилгани ҳақида 2010 йилда тадбиркор Сергей Колесников маълум қилганди. Бироқ Путин бу бинога алоқаси йўқлигини айтиб келган.

Алексей Навальний 18 январь куни Германиядан даволаниб қайтганидан сўнг Москвадаги “Шереметьево” аэропортида қўлга олинган ва 30 кунга қамалган эди.

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний ҳибсхонадан мурожаатнома чиқарди

Алексей Навальнийнинг ҳибсга олиниши, 2021 йил 18 январи

Коррупцияга қарши кураш жамғармаси раҳбари Алексей Навальний “Матросская тишина” тергов ҳибсхонасидан мурожаатнома чиқарди. Мухолифатчи мазкур ҳибсхонага куни кеча йўлланганди. Навальнийнинг мурожаати унинг Instagram'даги саҳифасида эълон қилинган.

Сиёсатчи мурожаатида ўзи сақланаётган жойни тавсифлай туриб (“чоғроқ хона, дераза, темир каравот”), яна бир марта Россияга қайтганидан афсусланмаётганини таъкидлаган. “Мен бошқача йўл тутолмаган бўлардим” деган Навальний Россиядаги қонунсизлик билан муроса қилиб яшаш ҳамда “коррупцияга ботган Путин ва дўстларининг юзсизларча ёлғонларини тинглаб, жим туриш”дан бош тортишини қўшимча қилган.

Сўзи охирида Навальний ҳокимиятдагилар қўрқадиган ягона кишилар “қўлдан келганча курашадиганлар” эканини билдирган. Сиёсатчи ана шундай кишиларга қўшилишга чақирган.

Алексей Навальний 17 январь куни Германиядан Россияга учиб келганидан кейин бир кун ўтгач, 30 кун муддатга “Матросская тишина” тергов ҳибсхонасига йўлланган. Бу ҳибсхонада сиёсатчи судни кутиши айтилган. Навальний иши бўйича маҳкама шу йил 2 февралига белгиланган.

Навальний ҳибсга олинганидан кейин ўнлаб мамлакат мухолифатчининг зудлик билан озод этилишини талаб қилган. Сиёсатчининг штаби бутун Россия бўйлаб 23 январь куни кенг кўламли норозилик акциялари ўтказилишини эълон қилган.

Қрим аннексиясини дастаклаган Филипп Киркоровнинг Литвага кириши тақиқланди

Филипп Киркоров

Литва расмийлари россиялик эстрада хонандаси Филипп Киркоровнинг мамлакатга киришини беш йилга тақиқлаб қўйишди. У Литвада исталмаган шахслар рўйхатига киритилган.

Киркоровнинг мазкур рўйхатга киритилишини куни кеча Литва ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис талаб қилиб чиққанди. Унинг таъкидлашича, Россия Федерацияси ва Болгария фуқароси бўлган қўшиқчи “Қримга кўп марта ташриф буюриши билан онгли равишда Украинанинг ҳудудий яхлитлигини инкор қилган ва шу тариқа қонунга хилоф равишда Россиянинг тажовузкорона хатти-ҳаракатларини оқлаган”, унинг Қримдаги концертларда иштирок этиши эса “Литва миллий хавфсизлигига сезиларли даражада зарар етказади”.

Ландсбергис Литва Ташқи ишлар вазирлиги Россия томонидан “ўз ташқи сиёсатини олға суриш учун” фойдаланилаётган шахсларга системали равишда баҳо бериб боришини урғулаган.

Литва ички ишлар вазири Агне Билотайте эса Киркоровнинг мамлакатга киришига тақиқ қўйилиши юзасидан изоҳ бера туриб, “Қрим истилосини очиқдан-очиқ оқлаётган ижрочиларга ҳеч бир демократик давлатда тоқат қилинмаслиги керак”лигини қайд этган.

Киркоровнинг Литвага кириши учун тақиқ 2021 йил 19 январидан кучга кирган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG