Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:27

Мустақил телевидение давлатникига ўхшаб қолади..ми?


Тожикистон пойтахти Душанбеда мустақил телеканал ва радио иш бошлади. Аммо айримлар бу ахборот воситалари давлат телерадиоканалларига ўхшаб қолишини башорат қилмоқда.

“Симои мустақили Тожикистон” (СМТ) телеканали директори Зиннатулло Исмоилов бу янги мустақил телеканал тожик, рус ва инглиз тилларида куни 8 соатлик дастурлар тайёрлаши, унинг асосий мақсади аҳолини энг сўнгги хабар ва воқеалар билан ўз вақтида таништириш ҳамда жамиятдаги нуқсонларга танқидий ёндашишдан иборат эканини таъкидлади.

“Тожикистонда мустақил телевидение тузиш ғояси 2005 йил бошларида туғилган эди. Бироқ ҳужжатларни расмийлаштириш ва эфир частотаси учун лицензия олиш масаласида ҳукуматнинг айрим мулозимлари томонидан ўтказилган босимлар туфайли мақсадимизга эришиш оғирроқ кечди”, - деди З.Исмоилов.

Жуда катта имкониятларга эга бўлган давлат телевидениелари ўз дастурларини юқоридан берилган кўрсатмалар асосида тузишга мажбур.
Шунинг учун уларнинг кўрсатувлари сифати жуда паст ва томошабинлар учун зерикарли.

З.Исмоилов эса СМТ мустақил телеканал ўлароқ, ўз фаолиятида кўпроқ тингловчиларга минбар беришини билдирди. Бироқ айрим маҳаллий журналистлар СМТ ҳам давлат телевидениеларига ўхшаб қолишини айтмоқда.

Мустақил журналист Асҳобиддининг таъкидлашича, Тожикистонда ўзини мустақил биладиган телевидение ва радио иш услуби ва дастурлари давлат телевидение ва радиоларининг айни нусхасидир.

“Бу мустақил радио ва телевидениелар мамлакат аҳолисининг 30 фоизини ташкил этган этник ўзбеклар манфаатларини эътиборга олмагани фикрларим исботидир”, - дейди суҳбатдош.

Куни-кеча иш бошлаган “Имрўз” (“Бугун”) мустақил радиосининг давлат рўйхатидан ўтиши эса СМТ мустақил телеканалиникидан осонроқ кечгани айтилмоқда. Бу радио муассиси “Ориёно-медиа” холдинг компанияси бўлиб, радионинг оёққа туриши учун “Ориёнбанк” сармоя ётқизгани билдирилаётир. Қайд этиш жоиз, бу банк раиси Тожикистон президентнинг яқинларидан бири Ҳасан Саъдуллоевдир.

Шу сабабли ҳам, дейди мустақил журналистлар, “Имрўз” радиоси мамлакатдаги халқаро радиолар каби Тожикистонда мавжуд муаммоларни очиқ-ойдин ёрита олмайди.

“Давлат раҳбари яқинларидан бирига тегишли бўлган “Имрўз” мустақил радиоси “Ватан”, “Азиа плюс” радиолари каби сўз эркинлигини чеклаган ҳолда иш кўрар экан, ўша радиолар сингари ҳеч бир натижага эриша олмайди”, - дейди мустақил журналист Хуршид Атоулло.

Ҳозирги кунда Тожикистоннинг турли туман ва вилоятларида 16 та мустақил телеканал фаолият юритмоқда.
XS
SM
MD
LG