Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:34

Америка адмирали Тожикистон президенти билан учрашди


Расмий ташриф билан Тожикистонга келган АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари адмирал Уилям Феллон Душанбеда мамлакат президенти Имомали Раҳмон билан учрашди.

“Афғонистондаги ҳарбий амалиётларимиздаги ҳамкорлик учун мен Тожикистон ҳукумати ва президент жанобларига миннатдорлик билдирдим. Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва шу йўл билан минтақада хавфсизликни таъминлаш мақсадида биз Тожикистон билан ҳамкорликда иш кўришимиз зарур”, - деди журналистлар учун ўтказилган брифингда У.Феллон.

Адмирал АҚШ сармояси эвазига Тожикистон ва Афғонистон ўртасида қурилаётган кўприк тўла ишга туширилгандан сўнг бу икки давлатнинг ўзаро иқтисодий ҳамкорлиги мустаҳкамланишига ишонч билдирди.

Уилям Феллон фикрича, Тожикистон ва Ўзбекистон ўз миллий хавфсизлиги учун Афғонистондаги барқарор вазиятдан минтақадаги бошқа давлатларга қараганда кўпроқ манфаатдордир.

Шу нуқтаи назардан терроризмга қарши курашни кучайтириш, шу билан бирга, Афғонистоннинг порлоқ келажаги учун Америка ҳукумати келгусида ҳам ўз амалий кўмагини кўрсатаверишини билдирди АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари.

Мустақил кузатувчилар АҚШ ҳукуматининг Афғонистонда тинчлик ўрнатишга қаратилган уринишлари натижасиз қолаётганини таъкидламоқда.

“Америка қўшинлари афғонлар ерига киргандан буён бу мамлакатда вазият баттароқ таранглашмоқда. Бу мамлакатда ўз ватанида бегона кучлар ўрнашишидан норозилик билдираётган турли гуруҳлар тобора кўпроқ пайдо бўлаётир”, - дейди мустақил кузатувчи Ҳикматулло Сайфуллозода.

“Толиблар мағлубиядан сўнг Афғонистондаги вазият” мавзуида Душанбеда ўтказилган бир давра суҳбатида қатнашган россиялик шарқшунос Владимир Пластун ҳам айнан шундай фикр билдирган эди. У АҚШ ҳукумати ўтган беш йил давомида афғонлар тинчлиги, иқтисодий ҳамда ижтимоий ҳаётида янги бурилиш ясай олмаганини таъкидлаганди.

Аммо Душанбеда президент И.Раҳмон билан музокара ўтказган адмирал У.Феллон АҚШ Афғонистондаги мақсадларидан чекинмаслигини айтар экан, келгусида Вашингтон Тожикистон билан ҳарбий ҳамкорликни кенгайтиришга катта эътибор қаратишини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, имзоланиши режаланган давлатлараро шартномалар асосида Тожикистоннинг Афғонистон билан чегара пунктларида хизматни ўтаётган аскарларга таълимий ва техникавий ёрдамлар кўрсатилади.
XS
SM
MD
LG