Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:33

Дўсим Сатпаев: “Қозоғистондаги сиёсий партиялар ғоявий қашшоқ”


Қозоғистондаги таниқли сиёсатшунос Дўсим Сатпаевнинг мамлакат партиялари ғоявий қашшоқ экани тўғрисидаги фикри парламент сайлови арафасида турли баҳс-мунозаларга сабаб бўлмоқда.

Д.Сатпаев маҳаллий “Литер” газетасида эълон қилинган мақоласида: “Партиявий платформа халқ билан тузилган шартномадир. Бўлажак парламент сайлови олдидан бўлиб ўтаётган сайлов кампанияси давомида партияларимиз халқ билан қандай шартнома тузар экан”, - деган саволни ўртага ташлаган.

Д.Сатпаевнинг ёзишича, Европанинг кўпгина давлатлари, Исроил, Ҳиндистон ва Лотин Америкасидаги партиялар ўртасида кучли рақобат мавжуд, сайлов кампанияси олдидан эса ғоялар кураши авж олади. 18 август куни Қозоғистонда бўлиб ўтадиган парламент сайлови олдидан ҳам баъзи патияларнинг бирлашиши, баъзиларнинг ажралиши юз бермоқда. Ҳаттоки баёнотлар ва халққа берилаётган ваъдалар ҳам талайгина. Аммо сайлов кампанияси олдидан сиёсий интрига йўқ.

“Кўпгина партияларимиз мустаҳкам ғоявий асосга эга эмас. Чунки Қозоғистонда биронта ҳам электорал партия йўқ”, - дейди сиёсатшунос.

Сиёсатшунос Андрей Чеботарёв ҳамкасби фикрига муносабат билдирар экан, Қозоғистонда электорал партиялар йўқлигини мамлакатдаги сиёсий ўйиннинг бир киши ва унинг атрофидагилар томонидан бошқарилиши билан боғлайди.

“Аслида бизда электорал партиялар йўқ. Бунинг сабаби электоратнинг ҳеч бир масалада қарор қабул қила олмаслигида, деб ўйлайман. Марказлаштирилган сиёсий тизимда барчасини президент ва унинг атрофидагилар ҳал қилади. Ҳаттоки Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси ҳам ҳукумат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда овозларни тақсимлайди”, - дейди А.Чеботарёв.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистонда бўлиб ўтиши кутилаётган парламент сайлови аввалгисидан фарқ қилмайди, шу сабаб ҳам сайловчиларнинг унда қатнашишга иштиёқи суст.

“Бўлажак парламент сайловида сўзсиз Нурсултон Назарбоев раҳбарлигидаги ҳукуматпараст “Нур Отан” партияси биринчи ўринни эгаллайди, иккинчи ўрин мухолифатдаги социал-демократларга насиб этиши мумкин. Агар мухолифатга етарли ўрин берилмаса, улар шов-шув кўтариб, сайловга бойкот эълон қилиши мумкин. Бу йилги парламент сайлови аввалгисидан фарқ қилмайди. Ким қанча ўрин олиши, депутатларнинг кейинги ҳаракатлари - барчаси кундек равшан. Халқнинг сайлов жараёнига таъсири йўқлиги унинг иштирокини ҳам сусайтирмоқда”, - дейди А.Чеботарёв.

Кузатувчилар мухолифат вакиллари Д.Сатпаевнинг танқидларини тўғри топганини кутилмаган ҳол сифатида баҳоламоқда.

Бу танқидларга мухолифат номидан Социал-демократик партия раҳбари Жармахон Туёқбой фикр билдирди.

“Д.Сатпаев айтган гапларда жон бор. Чиндан ҳам сиёсий партиялар халққа яқин бўлмаган. Мухолифат ҳам бундан истисно эмас. Аммо бу сафарги парламент сайловидан сўнг вазият ижобий томонга ўзгаришига умид қиламан”, - деди Ж.Туёқбой.
XS
SM
MD
LG