Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:42

Ўзбекистон урани Россияда қайта ишланиши мумкин


"Озодлик" Россия бош вазири биринчи ўринбосари Сергей Иванов 4 июль куни Тошкентга ташрифи чоғида Ўзбекистон уранини Иркутск вилоятининг Ангарск шаҳридаги уранни бойитиш халқаро марказида қайта ишлаш таклифини берган эди.

Ўшанда С.Иванов “Ўзбекистон ўз уранини Россияда бойитишдан келадиган фойда хомашё сотишдан келадиган фойдадан кўра кўпроқ бўлиши”ни билдирганди.

Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти олими Саидамин Боқиев мамлакатдаги уран комбинатини Россиянинг ўзи қуриб бергани учун бу борада ҳар томонлама ҳамкорликка ҳақли, деган фикрда.

“Ўзбекистонда уран олиш бўйича биринчи корхона - Навоий кон металлургия заводини россияликлар қурган. Собиқ совет даврида бутун уран Россияга олиб кетиларди. Кейин эса уни Москвада тақсимлашар эди. Ҳозир биз бу завод уранидан фойда ҳам кўряпмиз. Лекин қанча фойда кўрилаётгани давлат сиридир”, - дейди олим.

Олимнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг ўзида уранни қайта ишлаш имконияти йўқ. Россия билан бу борада ҳамкорлик эса фойдалидир.

“Масалан, бизда атом реактори бор. Унга ҳам ëқилғи керак. Ўзимизда чиққан уранни у ерда ишлата олмаймиз. Уни ҳам Росиядан сотиб оламиз. Россия эса уни бизга юқори баҳода ëки яхшироқ баҳода сотиши мумкин. Нархлар ошиб кетаверса, реакторимиз учун уран сотиб олишга кучимиз етмай қолиши ва у тўхтаб қолиши мумкин”, - деди олим.

“Марказий Осиë янгиликлари маълумотномаси” сайтининг иқтисодий эксперти Петр Своик Россия таклифи Ўзбекистонга уранининг рентабеллилигини ошириш имкониятинигина бериб қолмасдан, балки халқаро бозорлар учун ҳам қисман эшик очишини таъкидлади.

“Экологик жиҳатдан хавфли бўлиши қарамай, уран энергетикаси нафақат катта истиқболга, балки энергиянинг бошқа турларига қараганда афзалроқ истиқболга эгадир. Агар Ўзбекистон бу халқаро кооперацияга кирса, у ҳолда бу жуда истиқболли бўлади”, - деди Петр Своик.

Ўзбекистон Жанубий Корея ва Японияга уран етказиб бериш бўйича ҳам битимлар имзолаган. Хусусан, 2007 йилдан бошлаб ҳар йили Японияга 300 тонна уран етказиб берилади. Жанубий Кореяга стратегик хомашё жўнатиш эса 2010 йилдан бошланиши режалаштирилган.

Россия Ўзбекистондаги Оқтов уран конини қазишда иштирок этмоқда. Қизилқумда жойлашган бу кондаги ураннинг заҳираси 4400 тонна экани айтилади.

Ўзбекистон йилига 2000 тоннага яқин уран хомашёсини қазиб олади ва уран захиралари бўйича жаҳонда еттинчи ўринни эгаллайди. Мамлакатда 55 000 тонна уран захирасига эга бўлган 30 та кон фаолият кўрсатади.

Қозоғистоннинг “Қозатомсаноат” миллий компанияси маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги ураннинг умумий захираси 180 000 тоннадан кўпроқдир.
XS
SM
MD
LG