Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:28

Расмийлар Тожикистон қишда электрсиз қолмаслигини ваъда қилмоқда


Бир неча йиллик танаффусдан сўнг Тожикистон яна Туркманистондан электр энергияси сотиб олиши мумкин. Бу икки давлат ва Ўзбекистон энергетиклари ўртасида эришилган келишув бунга имкон беради.

Бу давлатлар вакилларининг Ашхободдаги учрашувида бундан беш йил муқаддам Марказий Осиё давлатлари электр узатиш тизимидан узиб қўйилган Туркманистоннинг яна умумий тизимга уланиши масаласи ҳал этилди.

Ашхобод музокараларида қатнашиб қайтган “Барқи тожик” холдинг компанияси раиси Шарифхон Самиевнинг айтишича, уч давлат вакиллари ўртасидаги келишув асосида Туркманистон жорий куз ва қиш фаслида Тожикистонга 1 миллиард киловатт электр қуввати етказиб бера олади.

“Бироқ узиб қўйилган тизимларни қайта улашда техник муаммолар бор. Туркманистон электр узатиш тизими Ўзбекистоннинг Қоракўл подстанциясига уланиши лозим. Шуни назарга олган ҳолда уч давлат вакиллари август ойида Тошкентда учрашиб, муаммони жойида ўрганишга келишиб олди. Электр қуввати узатиш линияларини улашга доир барча техник харажатларни Туркманистон томони ўз зиммасига олди”, - деди Шарифхон Самиев.

2002 йилда Ўзбекистон билан ораси ёмонлашгандан сўнг Туркманистон электр энергияси экспортини Эрон, Туркия ва Афғонистон томон йўналтирган эди.

Ш.Самиев сўзларига кўра, туркман электр энергиясини Ўзбекистон орқали Тожикистонга узатиш тикланса, бу йил қишда тожикистонликлар учун электр истеъмолига чеклов белгиланмайди.

“Туркманистондан электр қуввати давлат бюджетидан эмас, Тожикистон алюминий заводи ҳисобидан сотиб олинади. Аммо ҳозирча бу электр учун аниқ нарх белгиланмади. Тожикистон фақат туркман электр энергияси билан чекланиб қолмайди. Балки ҳар йилги каби қўшниси Ўзбекистон билан электр олди-бердисини давом эттираверади”, - деди Ш.Самиев.

Ш.Самиев Ўзбекистонни Зарафшон дарёсида ГЭС қуришга тўсқинлик қилишда айблаётган баъзи тожик расмийларининг иддаоларини рад этди.

“Мен йил-ўн икки ой ўзбекистонлик энергетиклар билан ишлаяпман. Ширкатимиз уларга электр энергияси бериб, улардан керакли электр энергиясини бирор муаммосиз қабул қилиб оляпти. Бир давлатни қоралашдан олдин ўзимизнинг ишларимизга баҳо беришни унутмайлик. Биз Ўзбекистон учун нима иш бажариб қўйдик? Аввал буни таҳлил қилиш керак.Электр қуввати ёки табиий газ олди-бердисида туғиладиган муаммоларга сиёсий тус бериш нотўғри. Бу ерда фақатгина техник муаммолар мавжуд, холос”, - деди Ш.Самиев.

Унинг таъкидлашича, Тожикистон Марказий Осиё давлатлари билан яқин ҳамкорлик қилган ва шу йўлда давом этади.
XS
SM
MD
LG