Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:36

Экологияга оид хабарлар


Европа Иттифоқининг атроф-муҳит агентлиги раҳбари Ставрос Димас Жанубий Европада кузатилаётган ўрмон ёнғинлари каби фавқулодда ҳолатларни бартараф қилиш учун ЕИ тезкор кучларини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Унинг айтишича, ўрмон ёнғинлари катта ҳудудларга тарқалиши олдини олиш учун камида 10 та самолёт шай ҳолатда туриши керак.

Ҳозирда ЕИга аъзо 27 давлат, шунингдек, Исландия, Лихтенштейн ва Норвегия фавқулодда ҳолатларда тез ҳаракат қила оладиган кучлар учун маблағ йиғишга киришган.

*** *** ***

Бу йил Туркияда об-ҳаво меъёрдан ортиқ қуруқ келгани учун омборлардаги сув сатҳи кескин камайди. Шу боис, Анқара шаҳри ҳокимлиги 1 августдан бошлаб аҳолини чекланган миқдорда ичимлик сув билан таъминлаш режасини ишлаб чиқди. Мазкур режага кўра, Туркия пойтахти ҳар бири тўрт миллион аҳолига эга бўлган икки қисмга бўлинган. Ичимлик сув шаҳарнинг бир қисмига узатилаётган пайтда бошқа қисмида сув бўлмайди. Бу ҳолат 48 соатгача давом этиши мумкин.

Анқара ҳокими Мели Гўкчек маҳаллий телевидениега берган интервьюсида ичимлик сув таъминотидаги бу тартиб беш ойгача давом этиши мумкинлигини, агар кузда ёғингарчилик кўп бўлиб вазият яхшиланса, чеклов бекор қилинишини билдирди

*** *** ***

Германияда йил давомида ёмғир ёғади, осмон бир йилда саккиз ой булут бўлади. Шунга қарамай, Германия қуёш нуридан энергия ишлаб чиқарувчи дунёдаги етакчи давлатдир. Ҳозир Болтиқ денгизига туташ ҳудудларга ўрнатилган қуёш коллекторлари дунё бўйича қуёш нуридан олинаётган электр энергиясининг 55 фоизини етказиб бермоқда.

Олимлар глобал иқлим исиши олдини олишнинг самарали йўлларидан бири қайта тикланувчан энергия, яъни қуёш, шамол ва тўлқин кучидан фойдаланиш, деган фикрда.

*** *** ***

АҚШ олимлари ўтказган тадқиқотлар натижасига кўра, глобал иқлим исиши оқибатида денгиз суви илиб, шамол йўналишлари ўзгарган. Шу боис, сўнгги юз йил ичида Атлантика минтақасида бўронлар сони икки баробар кўпайган.

Олимлар инсон фаолияти, хусусан, автомобиль, завод ва фабрикалардан чиқаётган зарарли газлар ер атрофига тўпланиб иқлим исишига, бу эса, ўз навбатида, бўронлар ва бошқа табиий офатлар тез-тез содир бўлишига олиб келиши тўғрисида анча вақтдан бери баҳслашиб келади.
XS
SM
MD
LG