Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:43

Мухолифат норозилик намойишлари ўтказмоқчи


Ҳукуматни парламент сайловида сохтакорликка йўл қўйганликда айблаётган қозоқ мухолифати бу “қонунбузарлик”ларга жавобан кескин чоралар кўриш билан дағдаға қилмоқда.

Мухолифатдаги Умуммиллий социал демократик партия (СДП) етакчиси Жармахон Туёқбой сайлов натижалари партия аъзолари учун ҳам, сайловчилари учун ҳам кутилмаган бўлганини таъкидлади.

“18 август куни тушдан сўнг ёпиқ участкалар бўйича ҳисобланган овозлар натижалари маълум бўлди. Айнан ўша пайтдан бошлаб ҳукумат учун кутилмаган сюрпризлар пайдо бўлди. Ҳаттоки ёпиқ участкалар, кўпгина сайлов участкаларида партиямиз ҳукмрон “Нур Отан” партиясига нисбатан кўп овоз тўплагани маълум бўла бошлади. Баъзи сайлов участкаларида эса СДП “Нур Отан” билан баробар овоз тўплагани маълум бўлди. Бу ҳукуматни қаттиқ қўрқувга солди ва шундан сўнг сайлов натижасини қалбакилаштириш бошланди”, - деди Ж.Туёқбой.

Сайлов олдидан кўпгина маҳаллий кузатувчилар мухолифат янги парламент таркибидан ўрин олмаса ҳам унинг натижасидан қаттиқ норози бўлмаслигини башорат қилганди. Аммо Ж.Туёқбой мухолифат бу сохтакорликларга қарши, аввало, ҳуқуқий меъёрлар асосида курашишини билдирди.

“Аммо бу ўз самарасини бермаса, биз Олмаотада ва мамлакатимизнинг бошқа жойларида норозилик митинглари ўтказишни режалаштирмоқдамиз”, - деди Ж.Туёқбой.

Унинг таъкидича, ҳокимиятга интилаётган ҳақиқий партия экстремизмдан йироқ бўлмоғи даркор, қон тўкилишига олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай экстремизм, жумладан, социал демократлар учун ҳам номақбулдир.

СДП етакчиларининг “Озодлик”ка маълум қилишича, мухолифатдаги яна бир партия - “Оқ жўл” ҳам сайловдаги қонунбузарликларга қарши курашиш учун СДП билан бирга ишлаш ниятини билдирган.
XS
SM
MD
LG