Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:34

Олимпурни ўлдиришда гумонланган яна бир киши ушланди


1995 йилда “Би-Би-Си” форс хизматининг Душанбедаги бўлими бошлиғи Муҳиддин Олимпурни ўлдирганликда гумон қилиниб Ваҳдат туманилик 28 ёшли Аслан Усмонов ҳибсга олинди.

А.Усмонов журналистни Тожикистондаги ички низолар вақтида қуролли гуруҳга раҳбарлик қилган Эшони Нозим лақаби билан танилган Нозим Юнусов буйруғи билан ўлдиргани айтилаётир.

М.Олимпур 1995 йил 12 декабрдан 13 декабрга ўтар кечаси номаълум шахслар томонидан ўлдирилиб, жасади Тожикистон Миллий университети ёнидан оқиб ўтадиган дарёга ташлаб кетилган эди. 2003 йилда мазкур қотилликда айбланиб Эшони Нозим гуруҳи аъзоси бўлган Аҳтам Тоҳиров узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилганди.

Ўз даврининг таниқли журналисти бўлган М.Олимпур фаолиятини ТАССнинг Тожикистон бўлимида, ҳозирги “Ховар” миллий ахборот агентлигида бошлаган. “Би-Би-Си” форс хизматига анча меҳнати сингган журналист турли маданий тадбирларда ҳам фаол эди.

“Би-Би-Си” ўзбек хизматида бир қанча вақт ишлаган Мардон Муҳаммад дўсти М.Олимпур 1995 йил 11 декабрда Эронда ташкил этилган “Энг яхши суратлар” халқаро кўргазмасида қатнашиш тараддудида бўлганини эслайди. Бироқ журналистга бу фотокўргазмада иштирок этиш насиб қилмаган экан...

Гарчи М.Олимпурни ўлдиришда айбланиб бир киши узоқ йилларга қамалган, иккинчиси эса ҳибсга олинган бўлса-да, Эшони Нозимнинг буйруғини бажарган асосий кимсалар – Насрулло Шарипов ва Муртазо Ҳамидовнинг тақдири ҳамон номаълум. Шунингдек, журналист ўлимининг асосий сабаблари ҳам сирлигича қолаётир.

Яқинлари М.Олимпур шахсий хусуматлар қурбони бўлганини билдирса-да, расмий доиралар журналистнинг ўлими сабаблари сиёсий омилларга бориб тақалишини айтиб келади.

Таниқли журналистнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида “Би-Би-Си” форс хизматининг Лондондаги бюроси Душанбе бўлими билан ҳамкорликда Муҳиддин Олимпур номидаги жамғарма фаолиятини йўлга қўйган.

Тожикистонда юз берган ички низолар чоғида Муҳиддин Олимпурдан ташқари 70дан ортиқ журналист қурбон бўлган эди.
XS
SM
MD
LG