Линклар

Қозоғистон тажрибаси қўшниларга қўл келади...ми?


Тожикистонлик мустақил кузатувчилар Қозоғистонда 18 августда ўтган сайлов бу мамлакатда якка партияли тизим юзага келиши учун замин яратганига Ўзбекистон ва Туркманистонинг таъсири кучли бўлганига ишора қилмоқда.

Уларнинг таъкидлашича, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг сайловдан кейинги баёнотлари у бир партияли тизимдан рози эканини кўрсатаётир.

Мустақил кузатувчи Исмоил Раҳматов минтақа давлатлари қозоқлар тажрибасини ўзлаштиришга шошмаслиги кераклиги, акс ҳолда кези келиб бармоқ тишлаб қолиши мумкинлигини айтади.

“Бир партияли тизим эндигина демократик жамият йўлига ўтган давлатга яхши натижалар бермаслиги кундек равшан. Ҳар қандай парламентда мухолиф томон бўлиши шарт. Бу давлат тараққиёти учун ўта муҳимдир”, - деди мустақил кузатувчи.

Қозоғистондаги парламент сайлови натижалари Тожикистон сиёсий доираларида ҳам кенг муҳокама этилмоқда.

Тожикистон Демократия партиясининг Маҳмадрўзи Искандаров қаноти раиси ўринбосари Раҳматулло Валиев Қозоғистон парламентида вужудга келган кескин ўзгариш бу мамлакат тараққиётининг боши берк кўчага кириб қолишига кўмаклашади, деган фикрда.

“Қозоғистон парламенти якка партиявий бўлиши мамлакатда мухолиф партия йўқлигини англатмайди. Аммо сайловда уларга йўл берилмади. Энг ёмони шуки, шундай бир муҳитни истаб турган Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, албатта, бу тажрибани ўзлаштиради”, - деди Р.Валиев.

Унинг таъкидлашича, қовун қовунни кўриб ранг олганидек, Тожикистондаги мухолифат, жумладан, Коммунистик ва Ислом уйғониш партияларига ҳам яқин келажакда парламентдан умуман жой берилмаслиги эҳтимолдан йироқ эмас.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси ахборот-таҳлил бўлими бошлиғи Ҳикматулло Сайфуллозода эса Қозоғистонда бир партияли тизимга ўтишга аввалдан замин яратилгани, бу мамлакат тажрибаси Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар раҳбарларига ҳам таъсир этмай қолмаслигини таъкидлади.

“Масалан, Тожикистонда ҳозирданоқ айрим партиялар тарқаб кетиши ва яна бир неча партия демократия номи билан бир партияга бирлашиши ҳақида гап-сўзлар дайдимоқда. Бунинг эса на сиёсий доиралар ва на ҳукуматга бирор нафи тегмайди. Қозоғистон тажрибаси алдамчидир. Назарбоев ҳукмронлиги ниҳоясига етгач, унинг партияси парчаланиб кетиши табиий”, - деди Ҳ.Сайфуллозода.
XS
SM
MD
LG