Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:34

Вайрона мактаблар


Тожикистонда 248 та бошланғич ва ўрта таълим мактаби вайрона ҳолатга келиб қолган. Бироқ шунга қарамай, бу мактаблар янги ўқув йилида ўқувчилар учун ўз эшикларини очишга мажбурдир.

Душанбе шаҳрига туташ Рудакий туманининг Жданов қишлоғидаги 82-ўрта мактаб ҳам ҳаминқадар янги ўқув йилига тайёрланмоқда. Мактабнинг биринчи синфлар учун ажратилган бир қаватли биноси жорий йилда юз берган сув тошқини ва қаттиқ ер силкиниши туфайли батамом яроқсиз аҳволга келиб қолган.

Ўқитувчилар баҳоли қудрат бинони таъмирлаш билан банд. Аммо ота-оналар бу мактабга фарзандларини юборишдан чўчиб турибди.

Рудакий туманидаги 35-ўрта таълим мактаб биноси эса бундан 80 йил олдин қурилган. Ҳозир бу ерда қарийб 700 ўқувчи таълим олади. Мактаб директори Сорахон Маликова бу ерда талай муаммолар борлигини, лекин улар имкони борича ота-оналарнинг молиявий кўмагида ҳал этилаётганини билдирди.

Унинг айтишича, туман ҳокимлиги бюджетда пул йўқлигини баҳона қилиб, узоқ йиллардан буён ҳали бирор марта мактабга амалий ёрдам қилмаган.

Тумандаги 32-ўрта мактаб директори Ҳабиба Қурбонова ўтиш даврини бошдан кечираётган Тожикистонда ҳукуматдан молиявий кўмак кутиш мантиқсизлигини таъкидлади. Шунинг учун мактаб ўз муаммоларини бу ерда ташкил этилган ота-оналар қўмитаси ёрдамида ҳал қилмоқда.

Тожикистон Таълим вазирлиги маълумотига кўра, ҳозир мамлакатда 3830 та мактаб бор. Улардан 1549 таси асосий таъмирдан чиқарилиб, 248 таси қайтадан қурилиши зарур. Бироқ сўнгги икки йил давомида Тожикистонда бор-йўғи 26 та мактаб қурилган, холос.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилда 177 мингдан ортиқ ўғил-қиз илк бор бошланғич синфлар остонасидан ҳатлайди.

Бироқ, афсуски, уларнинг аксарияти билим олишни шўро замонларидан мерос қолган вайрона мактаблар партасидан бошлашга мажбурдир.
XS
SM
MD
LG