Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:44

Қозоғистон аҳолиси 12 кишига камайди


Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Миллий хавфсизлик қўмитаси таклифи билан мамлакатнинг 12 фуқаросини фуқаролигини йўқотган шахс сифатида расмийлаштирди.

Бу шахслар Яқин Шарқдаги ноқонуний жангари гуруҳлар фаолиятида иштирок этишда айбланмоқда.

МХҚнинг маълум қилишича, Қозоғистоннинг турли миллатга мансуб қирққа яқин фуқароси 1995 йилдан 1999 йилгача Туркия жануби-шарқида, Сурия, Эрон ва Ироқда яшаган. Уларнинг бир қисми мустақил Курдистон давлатини ташкил этиш учун курашаётган “Курдистон халқ конгресси” ташкилоти эмиссарлари тарғиботи остида жангарилар сафига қўшилган. Кейинроқ олти қозоғистонлик ҳалок бўлган, 21 нафари эса турли йўллар билан юртига қайтган.

МХҚ ноқонуний жангари гуруҳлар таркибида бўлган қозоғистонликлар ўз ихтиёри билан юртига қайтгани учун уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилмаганини билдирди.

Олмаота инсон ҳуқуқлари бюроси раҳбари Евгений Жовтис Қозоғистон конституцияси ва “Фуқаролик тўғрисида”ги қонунига кўра бирор кишини бу тахлит фуқароликдан маҳрум этиб бўлмаслигини айтади.

Қозоғистонлик шахснинг фуқаролигини йўқотиши фақат бир ҳолатда, яъни бошқа давлатда яшаб туриб 3 йил давомида бесабаб Қозоғистоннинг ўша давлатдаги элчихонаси ёки консуллигида рўйхатдан ўтмаган бўлса, расмийлаштирилиши мумкин.

“Хорижда жангари ташкилот сафида бўлган ҳеч бир инсон бу ҳақда ўз давлати элчихонасига маълум қилмайди. Қозоғистон ТИВ ва МХҚ бундан фойдаланган ҳолда уларни фуқаролигини йўқотган кишилар сифатида расмийлаштирган. Аслида бунинг замирида сиёсий мотивлар ётибди. Агар уларнинг жиноят содир этгани исботланса, жазога тортилиши керак, фуқароликдан маҳрум этилиши керак эмас. Бу қонунга зид”, - дейди Евгений Жовтис.

Фуқароликдан маҳрум этилган қозоғистонликларнинг баъзилари маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали чиқиш қилиб, ўз айбини тан олган ва ватандошларини хорижий террорчи ташкилотлар, жумладан “Курдистон халқ конгресси” ташкилоти тарғиботларига учмасликка чақирган. Бироқ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари улар ҳуқуқ-тартибот идоралари босими остида шундай қилганини билдираётир.
XS
SM
MD
LG