Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:24

Қозоғистон малакали хорижликларни жалб қилмоқчи


Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги хорижлик фуқароларга мамлакатда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат тақдим этиш тартиб-қоидаларига ўзгартишлар киритиш таклифи билан чиқди.

“Бу Қозоғистоннинг ўзига хос грин карти бўлади. У мамлакат равнақи учун ўта зарур бўлган хорижлик профессионал меҳнат муҳожирларини жалб қилиш мақсадини кўзлаган”, - дейилади ИИВ баёнотида.

Мазкур ҳужжатга эга хорижлик Қозоғистонда эмин-эркин яшаш, бизнес қилиш, ишлаш имкониятига эга бўлади.

Айни пайтда Қозоғистонда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни олмоқчи бўлган хориж фуқароси мамлакат банкларида 11 минг доллар маблағга эга бўлиши керак.

Қозоғистон ички ишлар вазири ўринбосари Алик Шпекбоевнинг сўзларига кўра, мамлакат учун зарур кўплаб иқтидорли меҳнат муҳожирлари бор, бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат олиш учун етарли маблағга эга эмас. Шунинг учун ИИВ уларнинг оғирини енгил қилишни режалаштирмоқда.

Олмаоталик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Денис Живаго аслида МДҲнинг айрим мамлакатлари фуқаролари Қозоғистонда яшаш ҳуқуқини олиши шарт эмаслигини билдирди.

Унинг айтишича, МДҲ аъзоларининг баъзилари Қозоғистон билан яшаш ҳуқуқини олиш учун банк ҳисобига эга бўлиш мажбурий эмаслиги тўғрисида келишувга эга. Россия, Қирғизистон, Тожикистон, Украина ва Беларус билан имзоланган битимга кўра, бу давлатлар фуқаролари банкдаги маблағларини тасдиқлаши керак эмас.

“Аммо ўзбек фуқаролари Қозоғистонда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат олишда қийинчиликларга дуч келади. Чунки Ўзбекистон Қозоғистон билан бундай битимга эга эмас. Ўзбекистоннинг ўзи бундан манфаатдор эмас. Чунки у ерда юритилаётган сиёсат фуқароларнинг чет элга чиқишини рағбатлантирмайди. Унинг ўзи ҳам молиявий муаммоларга эга хориж фуқароларини қабул қилишни истамайди”, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Қозоғистон миграция департаментининг маълум қилишича, ҳозир Қозоғистонда яшаш ҳуқуқи ёки фуқаролик олиш ниятида бўлган Ҳамдўстлик давлатлари фуқаролари орасида қирғизистонлик ва ўзбекистонликлар кўпчиликни ташкил қилади.

“Яшаш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги мавжуд қонунга киритилажак ўзгартишлар, қўшни давлатлар, жумладан, Ўзбекистондан юқори малакали кадрларни жалб қилишга ёрдам беради”, - дейилади Қозоғистон ИИВ баёнотида.

Вазирлик маълумотига кўра, бу йил биргина Ўзбекистоннинг ўзидан 250-300 минг қонуний иш кучи келиши кутилмоқда. 2015 йилга келиб эса мамлакатда меҳнат муҳожирларига бўлган эҳтиёж 500 минг кишига етади.

Қозоғистонда яшаш ҳуқуқини олиш осонлашиши ҳақидаги хабар бу ерда ишлаётган, ўқиётган ўзбекистонликларни ҳам қувонтирмоқда. Улар орасида бу имкониятдан фойдаланмоқчи бўлаётганлари анчагина.

Маълумотларга кўра, Қозоғистонда аҳолининг қариши, шунингдек, меҳнатга лаёқатли аҳоли сони камайиб, четдан кириб келиш камайгани сабабли 2015 йилга келиб мамлакатда иқтисодий фаол аҳоли сони камайиши кутилаётир.
XS
SM
MD
LG