Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:23

Армия ўрнига Россияга


Тожикистонда икки йиллик мажбурий ҳарбий хизматга кузги чақириқ эълон қилинди. Бироқ ўз ихтиёри билан армияга бориш истагида бўлган йигитлар топиш анча мушкул бўляпти.

Тожикистон Мудофаа вазирлиги расмий маълумотига кўра, мамлакатда чақириқ ёшида бўлган 450 000 фуқаро бор.

“Хизматга келувчи янги аскарлар учун кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари, халқаро стандартларга жавоб берадиган ётоқхоналар муҳайё этилган. Тожикистон ҳукумати, биринчи галда, ватан ҳимоячилари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилишига катта аҳамият қаратади”, - дейди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Фариддун Маҳмадалиев.

Унинг айтишича, сўнгги йилларда ҳарбий хизматга ўз ихтиёри билан борувчилар сони ортган. Масалан, жорий кузги чақириқнинг дастлабки 10 кунида чақириқ режасининг тахминан 20 фоизи бажарилган.

Тожикистонлик ёшларни ҳарбий хизматга мажбуран олиб кетиш ҳоллари ҳам кузатилади. Ф.Маҳмадалиев мажбурий хизматдан бош тортганлар мавжуд қонунлар бўйича жавоб беришидан огоҳлантирди.

Шунга қарамай, тожикистонлик йигитлар орасида армияда хизмат қилишни истамай, Россия ва Қозоғистонга қочиб кетаётганлар кўпчиликни ташкил этади. Уларни армиядаги носоғлом муҳим ва муносабат, молиявий шароит шундай қилишга мажбур этмоқда.

“Армияда яхши овқатлантирмайди. Буни хизматдан қайтган танишларимдан этишганман. Уларнинг айримлари армиядан саломатлигини йўқотиб келди. Шу сабабли мен ва кўпчилик тенгдошларим армияга бормаслик учун Россияга кетишни мўлжаллаяпмиз”, - дейди армияга чақириқ қоғози олган Маҳмадшариф Ғозов.

Ўғилларини армияга юбормасдан, Россияга жўнатаётган ота-оналар ҳарбий шаҳодатномасиз фарзандларининг келажакда бирор идорада ишлашига муаммо туғилишига ҳам эътибор қаратаётгани йўқ.

“Армиядаги аҳволга қаранг. Кўчаларда саф тортиб кетаётган аскарларнинг кийими, ер ранги униққан чеҳраларидан ҳам армиядаги аҳволни пайқаш қийин эмас. Ким билатуриб фарзандини шундай шароитга туширгиси келади”, - дейди Маҳфуза исмли суҳбатдош.

Унинг сўзларига кўра, навбатдаги кузги чақириқ режаси фақат кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳисобидан бажарилса, ажаб эмас. Чунки бу оилалар фарзандини олий ўқув юртида ўқитиш ёки Россияга жўнатиш учун етарли маблағга эга эмас.
XS
SM
MD
LG