Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:47

Роҳат Алиев фош этишни бошлаяптими?


Қозоғистон президентининг собиқ тўнғич куёви Роҳат Алиев имзоси билан мухолифатдаги “Республика” газетаси бош муҳаррири номига келган мактубда яна мамлакат раҳбарияти қораланган.

Турли нашрларда кетма-кет мактублар эълон қилганидан кейин бир ойдан буён сукут сақлаб келган Р.Алиевнинг бу сафарги хатида ҳам президент Нурсултон Назарбоев юритаётган сиёсат Қозоғистонни ривожланган давлатлар қаторига қўшиш эмас, балки тоталитар ўтмиш сари етаклаётгани алоҳида таъкидланади.

“Мен Н.Назарбоевсиз Қозоғистонни коррупциясиз, миллий бойликлар талон-тарож қилинмайдиган, мутлақ ҳукмдорсиз, ўзгача фикрловчилар таъқиб қилинмайган давлат сифатида тасаввур этаман”, - дейди Р.Алиев, аммо амалдаги давлат раҳбари ўрнига кимни кўришни исташини айтмаган.

Р.Алиевнинг бу мактуби аввалгилари каби оддий қозоғистонликлар ва мамлакат элитаси орасида қизиқиш уйғотмади. Аммо мактубда матбуот эркинлигига қўйилаётган айрим тўсиқлар ҳақидаги гаплар мухолифатдаги ОАВда қизиқиш уйғотди.

“Мамлакатда сўз эркинлиги, жумладан, мустақил матбуот учун тобора кам жой қолмоқда. Улар ўрнига давлат тасарруфидаги тарғибот машинаси ишлаётир”, - дейди Р.Алиев.

Бу сўзлар мамлакатдаги энг нуфузли мухолифат нашри бўлмиш “Свобода слова” газетаси бош муҳаррири Гулжон Ергалиевага иккиюзламачилик бўлиб туюлмоқда.

“Бир пайтлар мен давлатга қарашли “Мир” телеканали раҳбари, Р.Алиев эса солиқ идорасида катта лавозимда ишлар эди. У телеканалимизни қўлга киритишни истаб, бизга босим ўтказа бошлади. Мен қаршилик қилдим. Аммо ҳуқуқ-тартибот идоралари менинг курашимга қўл силтаб, қонун асосида иш кўришга қўрққанди. Ҳатто бош прокурор ўринбосари менга президентнинг куёвига қарши ҳеч нарса қилиб бўлмаслигини айтганди”, -деди Г.Ергалиева

Унинг айтишича, бош прокурор ҳам Р.Алиев хоҳишига қарши бора олмаган. Ҳатто президентнинг тўнғич куёви Гулжон Ергалиевани йўқ қилиш ҳақида сўз очишга ҳам журъат этган.

Айтиш керакки, Р.Алиев сўнгги мактубига Интерпол орқали қўлга киритган бир ҳужжатни ҳам илова қилган. Бу ҳужжатда Н.Назарбоев ва унинг ўртанча қизи Динара Қулибоева ҳамда Қозоғистоннинг икки собиқ бош вазири ҳақида маълумот келтирилади ва уларнинг криминалга алоқадорлиги билдирилади.

Бироқ “Республика” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Галина Дирдина “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу ҳужжат ҳақида ҳеч нарса айта олмаслиги, ундаги маълумотлар бўйича Бош прокуратура, Ташқи ишлар вазирлиги, президент маъмуриятига сўров жўнатилганини маълум қилди.

Баъзи кузатувчилар эса Р.Алиев юборган ҳужжатни у собиқ қайнотаси ва атрофидагиларга нисбатан бошлаган ҳужумнинг илк белгилари сифатида баҳоламоқда.

Эслатиб ўтиш жоиз, айни пайтда Австрияда яшаётган Р.Алиев ўз юртида одам ўғирлаш, йирик миқдордаги мол-мулкни ноқонуний эгаллаб олиш, молиявий қинғирликлар каби кўплаб жиноятларда айбланяпти.
XS
SM
MD
LG