Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:12

Сербия ва исёнкор Косово раҳбарлари юзма-юз учрашди


Косово албанлари ва Сербия раҳбарлари айирмачи Косово ўлкасининг келажак мақоми борасида юзма-юз музокара ўтказди. 28 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида ўтказилган сўзлашувда Косово муаммосини ҳал этишда воситачилик қилаётган учлик, яъни Европа Иттифоқи, Россия ва АҚШ вакиллари ҳам қатнашди.

Косово 2005 йилда Сербиядан мустақил бўлиш ҳаракатини бошлаганидан бери томонлар ўртасида ҳозирга қадар атиги икки марта юзма-юз учрашув бўлган эди. 28 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеяси йиғилишидан ташқари ўтказилган музокара ҳам натижасиз тугади.

Шунга қарамай, ЕИ воситачиси Вольфганг Ишингер музокара “конструктив” бўлганини таъкидлади.

“Сўзлашув конструктив руҳда ўтди. Белград Косовога кенг мухторият бериш ҳақидаги ўз қарашини баён қилиб, унга аниқлик киритди. Приштина расмийлари эса икки мустақил давлат шартнома асосида бирга ишлаш ва Ахтисаари режаси, деб аталаётган таклифда кўзда тутилганидек, озчиликни ташкил этган миллатлар ҳуқуқлари Косовода ҳурмат қилиниши ҳақидаги ўз қарашини баён қилди”, – деди Европа Иттифоқи вакили.

Белград делегациясига Сербия президенти Борис Тадич ва бош вазир Воислав Коштуница бошчилик қилди. Приштина делегациясига Косово президенти Фатмир Сейдю ва бош вазир Агим Чеку раҳбарлик қилди.

Россия вакили Александр Ботсан-Харченко икки томонни яхши ният билдиргани учун олқишлади.

“Бугун эрталаб мен Белград ва Приштина расмийлари ўз позициясини қизиқ тарзда ифода қилганининг гувоҳи бўлдим. Икки томон ўзаро ишончни қайта тиклаш йўллари ҳақида жиддий фикр юритди. Албатта, мен дастлабки юзма-юз музокара натижасини бўрттириб кўрсатиш ниятидан йироқман. Аммо мулоқот давом этишига асос яратилди. Томонлар бир-бири билан сўзлаша олиши мумкинлигини кўрсатди ”, – деди Россия вакили.

Сербия 1999 йилдан бери БМТ бошқарувида бўлган Косово мустақил бўлишини рад этиб келмоқда. Бироқ ўлканинг этник албан аҳолиси Косово суверен давлат бўлиши учун саъй-ҳаракатини кучайтираётир.

АҚШнинг вакили Франк Виснер музокарадан кейин Нью-Йорк декларацияси эълон қилинганини билдирди:

“Ушбу декларацияда биз, яъни учлик вакиллари томонлар ўртасидаги биринчи юзма-юз сўзлашувни қутладик. Биз музокара қатнашчиларига вазият доим бир хил бўлиб турмаслигини эслатиб ўтдик. Икки томон 30 августда Венада қабул қилинган ҳужжатда ифода қилинган хавфсизлик вазиятига таъсир этувчи ҳаракатлар қилмаслик ёки баёнотлар беришдан тийилиш ниятида эканини билдирди”, – деди Франк Виснер.

ЕИ воситачиси Вольфганг Ишингер Нью-Йоркдаги учрашувдан сўнг Сербия ва Косово раҳбарлари юзма-юз сўзлашувни давом эттиришга келишиб олганини маълум қилди.

Косовонинг бўлажак мақоми борасидаги навбатдаги сўзлашув 14 октябрь куни Брюссел шаҳрида ўтказилиши белгиланган.
XS
SM
MD
LG