Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:28

Қозоғистонда нон инқирози юзага келди


Нон нархини назорат қила олмаётган Қозоғистон ҳукумати вазият барқарорлашмаган тақдирда бир ҳафтадан сўнг нон ишлаб чиқариш давлат монополиясига ўтказилишини маълум қилди.

Илгари 35 тангадан сотилган ҳаммабоп булка ноннинг нархи 29 сентябрдан бошлаб расман 55 танга қилиб белгиланганди. Аммо ҳозир нон дўконларида унинг нархи 60 тангадан 100 тангагача кўтарилиб кетди. Баъзи дўконлар нонни кундузи савдога чиқармай, кечга яқин икки баробар қимматга сотмоқда. Маҳаллий ОАВ бу мамлакатда ҳақиқий нон инқирози юзага келганидан дарак бераётгани ҳақида ёзмоқда.

Нон ва нон маҳсулотлари билан бир қаторда транспорт, коммунал хизматлар нархи ҳам мислсиз ошиб бормоқда. Парламент сайловолди кампанияси вақтида ҳукмрон партия нархлар оширилмаслиги ҳақида тоғ-тоғ ваъдалар берган эди. Аммо ваъда ваъдалигича қолиб кетди.

“Озодлик” мухбири озиқ-овқат дўконига кирганида пештахталарда 3-4 булка нондан ташқари бошқа бирорта нон маҳсулотлари йўқлигига гувоҳ бўлди. Сотувчи нонни 70 тангадан сотаётганини билдирди. Бу ўзбек пулига ҳисоблаганда 700 сўм бўлади.

Сотувчи дўконга ҳафтада нари борса 2-3 марта нон келтирилаётгани, у нонни қимматроқ сотмаса, фойда кўрмаётгани ҳақида гапирди. Унинг бу гапларидан нон танқислиги пайтида кишилар чиндан ҳам бир-икки сўм фойда қилиб қолиш ниятида экани сезилди.

Иқтисодчилар ҳукуматнинг нон ишлаб чиқаришга монополия жорий этиш нияти амалга ошиши қийинлигига урғу бермоқда.

У ҳолда нон ишлаб чиқарадиган давлат корхоналари бўлиши керак. Мамлакатда бундай корхоналар йўқ. Барчаси хусусийлаштириб бўлинган. Ҳукумат тезда барча шаҳарларда нон заводларини қура олмайди”, - дейди иқтисодчи Тўлаган Асқаров.

Сиёсатшунос Эдуард Полетаев эса ҳукумат шахсий ишлаб чиқарувчиларга босим ўтказиш орқали нон нархини барқарорлаштиришга уринаётганини, аммо бу маълум муддат фойда келтирса-да, кейин самарасиз эканини таъкидлади.

“Аслида ҳукумат мамлакатда нон инқирози юзага келиши мумкинлиги ҳақида ёздаёқ қилинган огоҳлантиришларга эътибор бермай, бозор механизмларини қўллашга кечикди. Энди эса совет давридан қолган маъмурий механизмлардан фойдаланяпти”, - деди Э.Полетаев.

Унинг сўзларига кўра, жамиятда нархлар кўтарилиб кетганидан норозилик кайфияти мавжуд. Аммо халқ ўз норозилигини сиёсий йўл билан билдира олиш имкониятига эга эмас.
XS
SM
MD
LG