Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:01

Туркия Ироқ шимолига бостириб киришни режалаштиряпти


9 октябрь куни Туркия бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакат қўшинларининг Шимолий Ироқ ҳудудига киритилишига рухсат этилишини сўраб парламентга таклиф беришини маълум қилди.

Бундан кўзланган мақсад Туркиянинг жануби-шарқий минтақасида мустақил курд давлати қуриш учун қуролли кураш олиб бораётган Курдистон ишчилар партиясининг Ироқда жойлашиб олган жангариларини йўқ қилишдир.

Эрдўғон 10 октябрь куни Анқарада “Си-Эн-Эн Турк” телеканалига берган интервьюсида мамлакат армиясининг Шимолий Ироққа бостириб киришига рухсат бериш ҳақидаги ҳужжат тез орада парламентга такдим этилишини билдирди.

28 сентябрь куни Туркия ва Ироқ ички ишлар вазирлари хавфсизлик ҳақида шартнома имзолаган эди. Анқара расмийларининг мазкур келишувдан кўнгли тўлмаган кўринади.

Маълумотларга кўра, курд жангариларини таъқиб қилаётган турк ҳарбийлари Ироқ ҳудудига ўтиши мумкинлиги имзоланган келишувда кўзда тутилмаган. Томонлар ўзаро разведка маълумотлари алмашиш, қидирувдаги террорчиларни тутиб экстрадиция қилишга келишган.

Шартнома имзоланишига Курдистон ишчилар партияси (КИП) жангарилари ўтган ойда Туркияда уюштирган ҳужум оқибатида 26 киши, жумладан, тинч аҳоли вакилларидан 11 нафари ва 15 ҳарбий ўлгани сабаб бўлганди. Анқара Ироқнинг Курдистон мухтор вилоятига ўрнашиб олган курд жангариларини Туркия ҳудудига ўтиб ҳужумлар уюштираётганликда айблаб келмоқда.

Чоршанба куни Вашингтон расмийлари Туркияни Ироқ ҳудудига бостириб кириш борасида бир томонлама қарор қабул қилмаслиги кераклиги ҳақида огоҳлантирганди.

“Туркия ва Ироқ ҳукуматлари нима умумий таҳдид эканини аниқлаш учун бирга ишлаши лозим. Ироқликлар ўз ҳудудида террорчилар бўлишини хоҳламайди. Туркия эса узоқ йиллардан бери КИП жангариларига қарши курашиб келяпти. Биз бу масалани ҳал этишда икки томонга ёрдам беришни хоҳлаймиз. Аммо биз муаммони ҳал қилишнинг тўғри йўли Ироққа бостириб кириш, деб ўйламаймиз”, – деди АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Шон МакКормак.

Пайшанба куни эса Курдистон мухтор вилояти расмийлари Туркияни мамлакат ҳудудига бостириб кирмаслик ҳақида огоҳлантирди. Курдистон ҳукумати матбуот котиби Жамол Абдуллоҳ “Франс пресс” ахборот агентлигига берган интервьюсида ҳарбий ҳаракатга қўл уриш чегаралар хавфсизлиги муаммосини ҳал этишга ёрдам бермаслигини маълум қилди.

Европа Иттифоқи ташқи сиёсати мутасаддиси Ҳавьер Солана ҳам Туркияни Шимолий Ироқ ҳудудига жойлашиб олган курд жангариларига қарши ҳарбий амалиётлар бошламасликка чақирди. У Шимолий Ироқда ҳарбий ҳаракатлар бошланиши минтақада беқарор вазиятни юзага келтириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
XS
SM
MD
LG