Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:07

Навбат Сид Янишевга келди


11 октябрь куни Чирчиқдан Тошкентга қайтаëтган мустақил журналист Сид Янишев ўзини Миллий хавфсизлик хизмати ходими сифатида таништирган шахслар томонидан калтакланди.

Сид Янишевнинг “Озодлик”ка айтишича, уни тўхтатган 25 ёшлар чамасидаги икки йигитдан бири ўзини МХХ ходими, деб таништирган ва қандайдир гувоҳнома кўрсатган.

“Улардан бири, ҳей мухбирвачча, агар яна овозингни чиқарсанг, ичагингни бошингга салла қилиб ўраймиз, деди. Мен эътироз учун чоғланганимда юзимга мушт тушириб қолди. Кўзойнагим учиб ажриққа тушди. Кейин ўзини МХХ ходими, деб таништиргани телефонимни олиб, синдириб ташлади. Йиқилганимдан кейин мени роса тепкилашди. Тепаётиб, камроқ ёз мухбирвачча, деб калака қилишди”, - деди Сид Янишев.

Сид Янишев сўзларига кўра, у яқин ўртада ўзига йўлиққан биринчи милиционерга бўлиб ўтган воқеа ҳақида мурожаат қилган. Лекин милиция ходими унинг журналист эканига ишонмаган ва дайди, деб ҳақоратлаб, қамаб қўйиш билан пўписа қилган.

Сид Янишев айнан журналистлик фаолияти учун жабр кўрганига ишонмоқда.

“Менга биринчи марта бундай тазйиқ бўлиши. Ҳатто Андижондаги қонли воқеалар ҳақида дадил мақолалар ëзганимда ҳам ҳеч ким тегмаган эди. Илгари нега мени четлаб ўтаётганларига баъзан ҳайрон қолардим. Энди менинг ҳам галим келди. Менимча, эркин матбуот, деб аталган сағри тери Ўзбекистонда жуда кичрайиб бормоқда”, - деди Сид Янишев.

Унинг ҳамкасблари, хусусан, Алексей Волосевичнинг таъкидлашича, Каримов режими сайлов арафасида мустақил журналистларни қўрқитиб қўйиш каби жоҳил бир амалиëтни давом эттирмоқда.

Сид Янишев Лондондаги Уруш ва тинчликни ëритиш институти учун Ўзбекистон ҳақида мақолалар ëзиб танилган журналист. 2005 йилда у Андижонда тинч намойишчилар ўққа тутилганини мамлакат ичкарисидан туриб ëзган саноқли ўзбек журналистларидан бири бўлганди.
XS
SM
MD
LG