Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:42

Алишер қандай инсон эди?


24 октябрь куни Ўшда отиб ўлдирилган таниқли журналист Алишер Соиповнинг жасади 25 октябрь куни соат 14 да ерга қўйилди. Алишер сўнгги йўлида ҳам ўз ортидан минглаб одамларни эргаштирди.

2007 йилнинг 4 сентябрь куни эндиликда марҳум журналист 26 ёшга кирган эди. Ўз туғилган кунини рафиқаси ва Зулайҳо исмли жажжи қизалоғи даврасида нишонлаган Алишер охирги марта бу кунни байрам қилаëтганини ўйламаганди ҳам.

Алишерни ўз тақдиридан кўра кўпроқ минтақа муаммолари - чегара муаммоси, виза тартиби, Ўзбекистон қўйган миналардан ҳалок бўлган инсонлар, Каримов режимидан қочган қочқинлар тақдири қизиқтирарди.

Алишер Соипов ўзининг қисқа, аммо фаол ҳаëти давомида бу муаммоларни “Фарғона.ру”, “Америка овози”, “Озодлик”, “Ўзньюс.нет” ва ўзи таъсис этган “Сиëсат” газетасининг бош мавзусига айлантирди.

“Каримов яратган муаммолар Ўзбекистон доирасидан чиқиб, минтақа устида хавф сола бошлади”.

А.Соипов 2006 йилнинг 20 августида бу гапларни “Озодлик”нинг “Қурултой” дастурида айтар экан, ўзининг журналистик фаолияти доимий таҳдид остида эканини ҳам теран англарди.

Алишернинг ўлимидан бир соат олдин у билан учрашган ҳамкасби Шоҳида Ёқуб уни кабинет журналисти эмас, балки воқеалар гирдобида юрадиган фаол мухбир эди, деб хотирлайди.

“Алишер Эронга, Туркияга бориб, ўзбек қочқинлари билан учрашди. У Фарғона водийси муаммоларини энг яхши билган ва энг яхши ëритган фаол журналист эди. Буюк Британия, Германия ва Япониядан келган журналистлар билан бирга лавҳалар тайëрлаган эди”, - дейди Шоҳида Ёқуб.

Алишер Соипов ўзи чоп қилаëтан “Сиëсат” газетаси учун “Сиëсат барчага оид имтиëз” шиорини танлаган эди. Айни пайтда минтақада сиëсат билан шуғулланиш хавфли бир маслак эди. Балки Алишернинг фаолиятини бироз бўрттираëтгандирмиз, аммо Шоҳида Ëқуб назарида А.Соипов фаолиятини бўрттиришга зарурат йўқ.

“Тўғри, Алишер бор-йўғи 26 ëшда. Аммо унинг қилган ишлари бу ëш доирасидан улкан. “Фарғона.ру”нинг ўзбекча саҳифасини яратишда Алишернинг ҳиссаси катта”, - дейди Шоҳида Ёқуб.

Лондонлик тадқиқодчи Алишер Илҳомов Алишер Соиповни жасоратли журналист, деб атади.

“Алишернинг жасорати баъзан ақлни шоширадиган даражада эди. У ўзи мансуб бўлган ўзбек миллатининг ватанпарвари эди. Алишер мустабид касридан қуриган Ўзбекистонга демократия жилғалари оқиб киришини жуда-жуда истаганди”, - дейди лондонлик таҳлилчи.

Ҳамкасби Ҳакимжон Алишер бу дунëдан мағлуб бўлиб эмас, ғолиб бўлиб кетганини айтади.

Ўз дўстининг тобути юкланган машина ичида кетаëтган ўшлик журналист Ҳакимжон орқасига бир қараб, майит орқасидан келаëтганлар сафи уфқларга туташганини кўрди.

“Бу мужодала давом этади. Дўстимиз бошлаган иш тўхтамайди...”.

Ҳакимжон ўз гапини охирига етказа олмасдан унсиз йиғларди.

Йиғлар кўзда ёши йўқ, қўлида йўқ ихтиёр,
Бошида ҳамширадек энгашгандир ҳалокат.

Дўсти, шоир Муҳаммад Солиҳнинг Алишернинг ўлимидан бир кун олдин эълон қилинган бу сатрлари башоратли марсиядай туюлади.
XS
SM
MD
LG