Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:03

Давлат департаменти Тожикистонни танқид қилди


АҚШ Давлат департаментининг демократия ва инсон ҳуқуқлари бюроси Тожикистонда дин ва виждон эркинлигига оид вазиятга бағишланган йиллик ҳисоботини эълон қилди.

АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси матбуот хизмати бошлиғи Нигина Алиева бюро экспертлари ҳисобот тайёрлашда аниқ далилларга асосланганини билдирди.

“Ҳисоботда ҳукумат дин эркинлиги борасида амалга ошираётган ижобий ва салбий тадбирларга бир хилда эътибор қаратилган. Тожикистон конституцияси ҳамда “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг айрим моддалари ижроия ҳокимиятлари томонидан бузилаётгани Давлат департаменти экспертларида хавотир уйғотган”,- деди Нигина Алиева.

Ҳисоботда айтилишича, гарчи Тожикистоннинг амалдаги қонунчилигида фуқароларнинг виждон эркинлиги, ўзлари хоҳлаган динга эътиқод қилиши кафолатланган бўлса-да, амалда бунинг тескариси кузатилади. Хусусан, мамлакатда сўнгги йилларда қабул қилинган айрим қарорлар фуқароларнинг виждон эркинлигини чеклайди.

Давлат департаменти Тожикистонда талабаларнинг олий ўқув юртларига ҳижобда келиши ва 7 ёшгача бўлган болаларнинг диний таълим олишига тақиқ қўйилгани фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқи поймол этилишидан дарак эканини билдирган. Шунингдек, Тожикистон ҳукумати диний ташкилотлар фаолиятини қаттиқ назорат остига олгани, уларни расмий рўйхатдан ўтказиш жараёнини мураккаблаштиргани ҳам танқид қилинади.

Ҳисоботда 1994 йил қабул қилиниб, 1997 йилда айрим ўзгартиш ва қўшимчалар билан тўлдирилган “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун кишиларга ўзи истаган динга эътиқод қилиш ҳуқуқини берса-да, амалда бундай эмаслиги таъкидланади.

“Давлат идоралари вакиллари исломдан чиқиб, насроний динини қабул қилган тожикистонлик фуқароларни ўз динини сотганликда айблаган. Айрим жазоловчи идоралар тергов чоғида насроний гуруҳ аъзоларини ҳақоратлаб, ҳатто уларга таҳдид ҳам қилган. Жорий йил апрель ва май ойида давлат хизматчилари томонидан “Ёҳуво шоҳидлари” сектасининг сўроқ қилинган аъзосига нисбатан куч ҳам ишлатилган”,- дейилади ҳисоботда.

Тожикистон Маданият вазирлигининг дин ишлари бошқармаси раҳбари Саидбек Маҳмадалиев АҚШ Давлат департаменти келтирган маълумотлар асоссиз эканини маълум қилди. У ҳисоботда ҳукумат томонидан бир қанча масжидлар асоссиз ёпиб қўйилгани ҳақидаги маълумот уйдирмадан бошқа нарса эмаслигини айтди.

“Бу ғирт уйдирма. Тожикистонда бирорта масжид асоссиз ёпиб қўйилмаган. “Ёҳуво шоҳидлари”нинг ёпилишига келсак, бу ташкилот амалдаги қонунларни бузгани учун мамлакатдан қувилган”,- деди С.Маҳмадалиев.

Ислом уйғониш партияси вакили Ҳикматулло Сайфуллозода Тожикистонда фуқароларнинг диний эркинлиги чекланиши учраб туришини инкор этмади, аммо ноисломий ташкилотлар ўз динларини тарғиб қилишда сохтакорликка йўл қўяётганини таъкидлади.

“Масалан, насроний динини тарғиб қилувчи секталар мусулмонларни ўз динига жалб этишда мамлакатдаги иқтисодий аҳволдан фойдаланмоқда. Тожикистонлик мусулмонлар бу диний ташкилотларнинг моддий кўмаги эвазига насроний бўлмоқда”,- деди Ҳ.Сайфуллозода.
XS
SM
MD
LG