Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:47

Нархга қарши курашга ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам жалб қилинди


Қозоғистон бош вазир Карим Масимов мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиши олдини олиш учун курашга ҳуқуқ-тартибот идораларини жалб этишга қарор қилди.

Қозоғистонда нон ва нон маҳсулотлари нархи қимматлаши ортидан бошқа турдаги кўпгина озиқ-овқат маҳсулотлари баҳоси ҳам 30-40 фоиз ва ундан ҳам кўпроқ кўтарилиб кетди. Масалан, бир килоси 20 танга турган ош тузи ҳозир 80 тангадан сотилмоқда.

“Орол-туз” корхонаси ходими Ерик Мақановнинг айтишича, туз нархи кўтарилиб кетганига маҳсулот етказиб беришдаги узилишлар сабабдир.

“Ҳозир 4 вагон туз келиши керак. Шундан сўнг ош тузи нархи яна ўз ўрнига тушади”, - деди у.

Бир килоси 90 танга сотилган қанд эса 300 тангага чиқиб кетди. “Осиё-қанд” акциядорлик жамияти вакиласи Ирина Аҳмедова қанд ҳали ҳам улгуржи нархларда 90 тангадан сотилаётгани, бозорларда унинг нархи кўтарилиб кетганига эса олибсотарлар айбдорлигини билдирди.

Яқин кунларгача бир килоси 180 танга бўлган ўсимлик мойи ҳозир Қозоғистоннинг йирик шаҳарлари, жумладан, Олмаота ва Остонада 400дан то 480 тангагача сотилмоқда.

Ҳукумат мамлакатда қанд билан ош тузи кўплиги ва ички ишлаб чиқариш ҳисобига унинг баҳоси яқин кунларда ўз ўрнига тушишини билдирди. Аммо ўсимлик мойининг 60 фоизи Россиядан келтирилаётгани сабабли сунъий тақчиллик юзага келган. Шу боис, Қозоғистон саноат ва савдо вазири Ғалим Ўрозбоқов жорий йилнинг 22 октябридан 2008 йилнинг 1 мартига қадар мамлакатдан ўсимлик мойини четга олиб чиқиш тақиқланишини маълум қилди. Шунингдек, унинг айтишича, ўсимлик мойи тақчиллиги олдини олиш мақсадида мамлакатга четдан келтирилаётган ўсимлик мойига белгиланган божхона тўловлари 20 фоиздан 0 фоизга туширилган.

Қозоғистонлик хусусий тадбиркорлар ҳукумат нарх-наво ошишига уларни айблаётганидан норози бўлаётир.

“Мен савдогарман. Маҳсулотларни қимматга сотиб оляпмиз. Бизга товар қимматга тушаётган бўлса, нега мен уни зараримга сотишим керак?! Менинг ҳам оилам бор, ҳаммолларга, сотувчиларимга ҳақ тўлайман”, - дея ўзини оқлайди тадбиркор аёллардан бири.

Бош вазир Карим Масимов ҳуқуқ-тартибот органларига озиқ-овқат маҳсулотларига ортиқча нарх қўяётган тадбиркорларни суд орқали жавобгарликка тортиш бўйича чоралар кўришни топширди. Шунингдек, у Саноат ва савдо вазирлигига озиқ-овқат нархи сунъий равишда ўсиши олдини олиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва ҳукуматга тақдим этишга кўрсатма берди.

“Биз асосий маҳсулотларни давлат ҳисобидан сотиб оламиз. Биз нархларни шу даражада тушириб ташлаймизки, кейин ўзингиздан кўринг”, - дея тадбиркорларга пўписа оҳангида мурожаат қилди бош вазир.
XS
SM
MD
LG