Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:39

Декларациянинг Ўзбекистон бузмаётган моддаси йўқ


БМТ Бош ассамблеяси томонидан 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси 16 йил муқаддам Ўзбекистон ҳукумати томонидан ҳам эътироф этилган эди.

Аммо Ўзбекистонда декларацияда кафолатланган инсон ҳуқуқларининг деярли барчаси поймол этилаётгани айтилади.

“Ҳар бир инсон эркинлик ва шахсий дахлсизлик соҳиби бўлиши керак”,- дейилади декларациянинг 3-бандида.

Ўзбекистонинг Қашқадарë вилоятилик сиëсий қочқин Дўстназар Худойназар мамлакат фуқаролари туғилиши биланоқ тажовузга дуч келишини айтар экан: “Қанақа шахсий дахлсизлик ҳақида гап бўлиши мумкин!? Ҳеч қанақа рухсатсиз уйингга ИИБ ходимлари бостириб кириб тинтув ўтказаверади”,- деди.

Унинг айтишича, ўзбекистонликларнинг мамлакат ичида ва ташқарисида эркин ҳаракатланиш тўғрисида декларацияда белгилаб қўйилган ҳуқуқи ҳам доимий бузилади. Улар ҳатто ўз ҳудудида ҳам милиция томонидан тўхтатилади ва қаерда рўйхатда туриши ҳақида ҳисоб беришга мажбур қилинади.

“Декларацияда фуқаронинг юртини тарк этиш ва қайтиб келиш ҳуқуқи кафолатланган. Аммо Ўзбекистон ўз фуқароларининг четга чиқиш ҳуқуқини чекловчи ОВИР (Хорижга чиқиш, келиш ва фуқаролик бўлими) тизимига эга дунёдаги кам сонли мамлакатлардан биридир”,- дейди Д.Худойназар.

Шунингдек, Д.Худойназарнинг таъкидлашича, ўзбекистонликларнинг тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқи ҳам умуман тан олинмайди. Ўзбекистонда бундай намойишлар умуман тақиқлаб қўйилган.

Декларациянинг 4-моддасида эса ҳеч бир шахс қулликда ëки тутқунликда яшаши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Аммо ўзбекистонлик фуқаролар орасида тутқунлик нималигини жуда яхши биладиганлар кўплаб топилади.

“Мени Ўзбекистондаги қулфурушлар Россияга қул қилиб сотди. Уч ой қурилишда бетон қордим. Бир амаллаб қочиб қутулдим. Ўзбекистонда иш имкони бўлса, шу ҳолга тушармидим”,- дейди Ўзбекистон фуқароларидан бири.

Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясининг 5-моддасига кўра, ҳеч бир киши қийноқларга дучор қилинмаслиги керак.

Бундан беш йил аввал БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен Ўзбекистонда бўлиб, мамлакатда қийноқлар мунтазам қўлланиши ҳақида хулоса берган эди.

БМТнинг қийноқлар бўйича амалдаги махсус маърузачиси Манфред Новак орадан беш йил ўтиб ҳам Ўзбекистонда қийноқлар вазияти оғир бўлиб қолаётганини билдирди.

“Биринчидан, Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам қўлланиб келингани борасида ҳеч кимда шубҳа бўлмаслиги лозим. Бу ҳақда фақат Тео ван Бовен эмас, кўплаб ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлар мустақил манбаларга таяниб ҳисоботлар берган. Иккинчидан, Ўзбекистон ҳукуматининг бу борада чоралар кўраётгани ҳам вазият чатоқ бўлганидан дарак беради. Агар муаммо бўлмаганида чора кўришнинг ҳожати қолмасди. Демак, расмий Тошкент қийноқлар борлигини очиқ бўлмаса-да, билвосита тан олганини айтиш мумкин. Ҳозир энг асосий масала ҳукумат чоралари қай даражада самарали бўлганини баҳолашдир. Айтишим керакки, ҳукумат қанча чора кўрмасин, мунтазам қўлланиб келинаётган қийноқлар муаммосини бир кунда ҳал этиб бўлмайди. Яъни қандайдир қонунларни қабул қилишнинг ўзи кифоя эмас, бу муаммони ҳал этиш учун сиёсий партиялар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари расмийларининг бу борадаги қарашларига ва мутасаддиларнинг жавобгарлик ҳақидаги ёндашувларига таъсир ўтказиш керак. Шунинг учун бу каби чораларнинг самарасини кўриш учун давомли ва ҳар томонлама чоралар кўрилиши шарт”,- деди Манфред Новак.
XS
SM
MD
LG