Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:26

Бир неча йилдан сўнг Киото протоколи янгиланади


Индонезиянинг Бали оролида БМТ шафеълигида иқлим ўзгариши борасида ўтган анжуманда глобал иқлим исиши хусусида келишувга эришиш учун 2009 йилгача музокара ўтказиш режаси қабул қилинди.

Режадаги келишув атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини чеклашни назарда тутган Киото протоколи муддати 2012 йилда тугаганидан кейин унинг ўрнини эгаллайди.

Дастлаб келишувга монеълик қилган АҚШ делегацияси раҳбари, давлат котиби ўринбосари Паула Добрянский Вашингтон расмийлари келишувга қарши эмаслигини айтди.

“Менимча, бу ерда биз узоқ йўлни босиб ўтдик. АҚШ бу уринишларни қўллаб-қувватлаш баробарида ҳамма бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишини хоҳлайди. Биз бугундан бошлаб мазкур келишувга қўшилишимиз ва ҳамма билан бирга ҳаракат қилишимизни эълон қиламиз”, – дея баёнот берди АҚШ делегацияси раҳбари.

Ундан олдин БМТ бош котиби Пан Ги Мун анжуманда иштирок этаётган делегацияларни атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини чеклаш борасида музокаралар бошлаш учун келишувга эришишга чақирган эди.

“Инсоният фойдаси учун шу фурсатдан фойдаланинг. Бир неча кун олдин мен биз танлов олдида турганимизни айтган эдим. Биринчи йўл иқлим ўзгариши олдини олишга қаратилган янги келишувни имзолаш. Бошқа йўл сайёрамиз ва болаларимизга хиёнат йўлидир. Сиз икки йўлдан бирига дастлабки қадамни ташлашингиз керак”, – деди БМТ бош котиби.

БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро комиссияси эълон қилган ҳисоботда глобал иқлим инсон фаолияти туфайли исиб бораётгани билдирилган.

Бали анжуманида қабул қилинган “ҳаракат дастури” атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини чеклашга қаратилган Киото протоколи муддати тугаганидан кейин унинг ўрнига янги келишув имзолаш учун икки йил давомида музокаралар ўтказишни назарда тутади. Янги келишувга АҚШ ҳамда Хитой ва Ҳиндистон каби ривожланаётган давлатлар ҳам қўшилади.

Балида қабул қилинган “ҳаракат дастури”да зарарли газлар миқдорини чеклаш, атроф-муҳитга кам зарар етказувчи тоза технологиялар, ўрмон ҳудудлари камайишини тўхтатиш, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини камайтиришда ривожланаётган давлатларга ёрдам кўрсатиш ҳақидаги бандлар бор. Бироқ ҳужжатда атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини қанчага қисқартириш аниқ кўрсатилмаган.

Анжуманга раислик қилган Индонезиянинг атроф-муҳит вазири Рачмат Витолар “ҳаракат дастури”ни иқлим ўзгаришига қарши халқаро ҳамжамият томонидан самарали кураш олиб боришда “ҳақиқий имконият”, деб атади. Европа Иттифоқи саноати тараққий этган давлатлар 2020 йилга қадар атмосферага чиқараётган зарарли газлар миқдорини 25–40 фоизгача камайтиришини талаб қилмоқда.
XS
SM
MD
LG