Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:43

Таълим вазири соқолга қарши


Имом Термизий номидаги Тожикистон Ислом университети талабаларига соқол қўйиш тақиқланди. Таълим вазирининг янги қарорига кўра, бундан сўнг йигитлар соқолини тарашлаб галстукда, қизлар эса миллий либосда дарсга қатнаши шарт.

Бу ҳолатни изоҳлаётган талабалар вазирлик қарори ўзларининг ҳуқуқларини очиқ поймол этиш эканини билдирмоқда.

Қизғиш сариқ соқоли ўзига ярашган Муроджон исмли йигит таълим вазири Абдужаббор Раҳмоновнинг жамоатчилик фикрини назар-писанд қилмаётгани, бу худбинлик тожик жамиятида салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигини таъкидлади.

Таълим вазирининг ўзи эса ўтказилган матбуот анжуманида мусулмон йигитлар кийиниши европалаштирилиши, муслима қизлар тожик миллий либосида дарсга қатнаши шартлигини билдирди.

Унинг айтишича, тожикистонлик қизлар Эрон, Туркия каби бошқа давлатлар аёллари каби рўмолни ияги тагидан эмас, балки тожикча шаклда бўйин орқасидан ўраши лозим.

Ислом университети талабаси Самад Абдуллоев вазир бу қарори билан муслима қизларни ҳижобдан чиқараётгани, бу эса Аллоҳ амрига зид эканини билдирди.

“Таълим вазири ҳам, президент ҳам ҳар гал ўз чиқишида мусулмонлик даъвосини қилади. Аммо улар қабул қилаётган қарорлару фармонлар ислом қонунларига зид бўлмаслиги ва бу билан биз мусулмонлар ҳуқуқлари поймол қилинмаслиги керак. Эсингизда бўлса, 90-йиллар бошида мамлакатда рўй берган ички низоларнинг бир омили айнан мана шунга ўхшаш баҳслар бўлган”,- деди Ислом университети талабаси.

Пойтахтдаги Сариосиё масжиди имом хатиби ҳожи Ҳабибулло Аъзамзода сўзларига кўра, Ислом университетида мамлакат қонунлари меъёрларига жавоб берадиган тартибга риоя қилиш, яъни соқол қўймай, галстукда юриш мумкин ва шариат бунга рухсат беради. Аммо ҳижоб масаласида бирор кишининг фатво бериш ва Аллоҳ ҳукмини бузишга ҳаққи йўқ.

2007 йил мартда ҳам таълим вазири Абдужаббор Раҳмонов олий ўқув юртларига ҳижобда қатнаётган талаба қизлар ҳижобларини ечиб ташламагунга қадар дарсларга киритилмаслиги ва бу қарордан бўйин товлаганлар талабаликдан маҳрум этилиши ҳақида қарор чиқарган эди. Унинг бу қарори деярли барча олий ўқув юртларида бажарилди. Тожикистон тиллар университети талабаси Давлатмоҳ Исмоилова эса бу қарор учун вазирликни судга берганди. Бироқ Давлатмоҳ суд жараёнларининг барчасида ютқазди.
XS
SM
MD
LG