Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:09

Илк қадамлар, аммо жиддий қадамлар эмас


Саиджаҳон Зайнобиддинов ва Ихтиëр Ҳамроевнинг қамоқдан озод қилиниши, Умида Ниёзованинг шартли жазоси бекор қилингани Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланаётганидан дараклигини айтмоқда айрим кузатувчилар.

Бошқа кузатувчилар эса Мамадали Маҳмудов, Мурод Жўраев, Мўътабар Тожибоева, Муҳаммад Бекжон ва Рашид Бекжон каби сиёсий маҳбусларнинг ҳануз қамоқда қолаëтганига эътибор қаратиб, “бир чечакдан баҳор бўлмаслиги”, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи ëмонлигича қолаётганини билдирмоқда.

Европа Иттифоқи мулозимлари эса Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари фаолларидан айримлари муддатдан олдин қамоқдан озод қилиниши Ғарб ва Ўзбекистон ўртасидаги конструктив мулоқот меваси эканини таъкидлаётир.

Лондондаги тадқиқотчи Алишер Илҳомов Ўзбекистонда айрим инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари озодликка чиққанидан хурсандлигини билдирди. У бу Каримов режими ташлаган илк қадам экани, аммо жиддий қадам эмаслигини қўшимча қилди.

ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пеьр Морел Ўзбекистонда амалга оширилаётган жараёнлардан хабари борлигини айтади.

“Ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниёзованинг шартли жазоси амнистияга кўра бекор қилингани ва яна бир ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроевнинг ўғли Ихтиёрнинг ва Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг озод этилишида икки томон олиб бораётган мулоқотнинг ҳисса бор”,- дейди Пьер Морел.

Алишер Илҳомов эса ЕИ Ўзбекистон режимини инсон ҳуқуқлари борасида жиддий қадамлар ташлашга ундаши керак, деб хисоблайди.

“Ҳеч бир шаклда жаҳон ҳамжамияти ва ЕИ Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари масаласида олам гулистон, дея эйфорияга берилиш керак эмас. Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо ўтаëтган сиëсий маҳбуслар Мўътабар Тожибоева, Мурод Жўраев, Мамадали Маҳмудовнинг қамоқда қолишини ҳеч бир нарса билан изоҳлаб бўлмайди”,- деди Алишер Илҳомов.

Ўзбекистондаги “Эрк” партияси лидери Муҳамад Солиҳнинг икки укаси ҳам сиëсий маҳбус сифатида халқаро ҳамжамият хавотирларига сабаб бўлмоқда.

“Амнистия укаларимга таъсир қилгани йўқ, қилмайди ҳам. Каримов у ерда ҳокимиятда экан, укаларимиз, Мамадали Маҳмудов, Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев каби ўн йиллардан бери қамоқда ўтирган маҳбусларга амнистия таъсир қилмайди. Улар режим юзига тик қараб ҳақиқатни айтган мухолифат арбобларидир”,- деди Муҳаммад Солиҳ.

Ўзбекистондаги сўнгги сиëсий вазият собиқ совет иттифоқида Хрушчёв даврида кечган “муз эриши” йилларини эслатмайдими?

“Бунақа гапни, яъни Ўзбекистонда қатағон музликлари эрий бошлагани ҳақидаги гапларни 1994 йилдан бери эшитяпмиз. Бу Каримовнинг эски бозингарлигидир. У АҚШ ва ЕИга яхши кўриниш учун бир-иккита одамни рамзий тарзда қамоқдан озод қилади. Шу билан Ғарбнинг ëки АҚШнинг кўнглини олган бўлади. Сиëсатчилар ҳам Каримов ўзгармоқда, деб қарсак чалади. Сендан угина, мендан бугина, деган иккиюзлама сиëсатнинг давоми бу”,- дейди Муҳаммад Солиҳ.
XS
SM
MD
LG