Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:36

Чехияда мардикорлик қилаётган ўзбек муаллимаси


“Давр менинг тақдиримда” дастурининг бу галги қаҳрамони сирдарёлик 37 ёшли собиқ тарих ўқитувчиси, айни пайтда Чехияда, ҳозирги тил билан айтганда, мардикорлик қилаётган Гулбаҳор Алиевадир.

Ўзбекистонда ойлик маошнинг озлиги, ижтимоий ҳимоянинг йўқлиги ва бошқа кўпгина сабаблар боис, кишилар жомадонларини кўтариб хорижга йўл олмоқда. Бу галги суҳбатдош ана шундай минглардан бири.

“Бошқа давлатга бориб у ëқда яшаш қанақа экан, деб қизиқиб келган эдим. Озгина пул ишлаш ниятим ҳам йўқ эмас эди”,- дейди Г.Алиева.

-
Бундан 16 йил олдин бир кун келиб Европа омборхоналарида қул каби ишлайман, деб ўйлаганмидингиз?

-
Йўқ, ўйламаганман.

-
16 йил олдин Ўзбекистонда ҳаëт қанақа эди?

-
Ўша пайтдаги ҳаëтни ҳар ўтирганимизда эслаймиз. СССР даври беғам давр эди. Ҳамма нарса бор, одамлар ўзига тўқ. Одамлар ойлик маошга ҳам оилани боқарди, ҳам дам олишга бориб келарди.

Гулбаҳор Алиева минглаб ўзбек ëшлари каби ўқиди, олий ўқув даргоҳини битириб, тарих муаллимаси бўлди. Ўқитувчилар ойлигининг камлиги, мамлакатдаги иқтисодий аҳвол боис, Ўзбекистондаги қийинчиликлардан бир йўла қочиб қутулиш туйғуси Гулбаҳор қалбида асосий инстинктга айланди. У мамлакатдан чиқиб кетиш йўлларини излай бошлади. Атрофда Ўзбекистон фуқароларини чет давлатга олиб чиқишни ваъда қилувчи турли ширкатлар ва шубҳали кимсалар ҳам кейинги пайтда кўпайган эди. Элмира исмли қиз Гулбаҳорга 3 минг доллар тўласанг, Чехияга олиб бориб қўяман, дея ваъда берди.

“У бизга ëлғон гапирган экан. Олдинги икки ой давомида 800 евро оласизлар, кейин 1000 еврогача кўтарилади, деган эди. Бу ëққа келганимиздан кейин уйига телефон қилсак, телефонини олмади. У бу ëққа келганида мен телефон қилиб: “Элмира опа, учрашайлик, бошқа иш топиб беринг”, дедим. У: “Нимага қочиб кетдинг? Мен келгунча ўша жойда 1-2 ой ишлаб туришинг керак эди”, деди. Мен 3 кун ишлаб, ëмон аҳволга келиб қолганимизни, 20 кун ўзимга кела олмаганимни айтдим. Нима, 1 ой ишласам, ота-онамга менинг ўлигимни жўнатармидингиз, дедим”,- деб эслайди Гулбаҳор хориждаги илк даврини.

Гулбаҳорнинг айтишича, Элмира уни ётоқхона, осон ва сердаромад иш ваъда қилиб алдаган.

Бу гапларга ишонган Гулбаҳорнинг ота–онаси ва акалари уч минг доллар пулни йиғиб берган. Гулбаҳор Прага яқинидаги “Crocodille” ширкатига ишга кирган. У иш шароитининг бу қадар ëмонлигини кутмаган ҳам эди.

“Прагада самолëтдан тушганимизда аэропортда ҳеч ким бизни кутиб олмади. Агар одамлардан қарз олиб келганимда, билмадим нима қилардим. У ëқда шарт-шароитлари, иши яхши, деб мақтаб юборган жойига келиб кўриб дарҳол кайфиятим бузилди. Ишлаб ҳам кўрдим. Ҳар бир соатда кайфиятим пасайиб кетаверди. Иш шароитининг бу қадар ëмонлигини кутмаган эдим. Ишлаëтган хонамиз совуқ эди. Иккита-учта кийим кийсангиз ҳам совуқ билинади. Иккитаси бу ëқдан тезроқ бўл, деб бақиради. Бир тарафдан улгура олмайсиз тез қилишга. Бунинг устига, маҳсулот ҳидларидан кўнгил айнийди. Уйга келиб ҳеч нарса емасдан бир пиëла сув ëки чой ичиб ëтардик. Икки кун ишлаб шамоллаб қолдим. Совуқ жойда ишлаб, кейин иссиқ жойга ишлашга кирасиз. У ëқдан ҳамма ерингиз терлаганидан сув бўлиб чиқасиз. Кўча эса совуқ. Уйгача 15 минутлик йўл. Уйга борганимизда шимларимиз сув бўлиб турарди. Бир куни шунақа қилиб кўчага чиқиб уйга келганимдан кейин иссиғим чиқиб 15 кун касал бўлиб ëтдим”,- дейди Г.Алиева.

Олий маълумотли Гулбаҳор ҳозир Прагадаги омборлардан бирида хўжалик молларига ëрлиқ ëпиштириш билан шуғулланади. Ойда топганим кун кўришга ҳам етмайди, дугоналаримдан ҳар ой қарз оламан, дейди Гулбаҳор.

“Мен бу ерда ишлаб бирор нарса орттирай, деб келсам, топганим ўзимга етмаяпти. Келганимга 4 ой бўлди. На ўзимнинг ортиқча пулим бор, на уйга жўнатишга пулим бор. Ҳеч ақлимга сиғдира олмаяпман. Яхшиям одамлардан қарз олиб келмаганим”,- дейди Гулбаҳор.

Гулбаҳор билан суҳбатимиз чет элда ишлаб келган мардикорлар билан ўйлаб топилаëтган афсоналарга бориб тақалди. Одамлар орасида фалончи чет элда ишлаб келиб 5 хонали жой олибди, катта тўй қилибди, деган гапларни эшитганмисиз, деб сўраймиз суҳбатдошимиздан.

“Эшитганман. Одамлар чет элда пул ишламаган бўлса ҳам одамлардан қарз олиб чет элда яхши пул топиб келибди, деган ном қозониш учун шунақа катта тўйлар қилади. Бу энди ëлғончилик”,- дейди Гулбаҳор ва шундай афсоналар заминидан “Элмирага ўхшаган муттаҳамлар ўсиб чиқаётгани”ни айтади.

“Ўзбекистонда ҳозир мени эшитаëтганларга шуни айтган бўлардимки, чет элда пул топиш осон эмас,- дейди Гулбаҳор. - Чет элга бировлар орқали ҳужжат қилаëтганлар аниқ маълумотларни сўраб олиши керак. Ҳужжат қилиб бераëтганлар эса, ўз навбатида, чет элда осон бўлмаслигини ҳам тушунтириши керак”.

Гулбаҳорнинг таъкидлашича, Европадаги мардикорнинг оғир ҳаëти ҳам Ўзбекистондаги олий маълумотли ўқитувчининг ҳозирги аҳволидан яхши.

“Мен бу ерга келиб ëмон ҳаëтни кўрдим. Энди яхши ҳаëтни ҳам кўрмоқчиман. Шу боис, Ўзбекистонга қайтиб кетиш ниятим йўқ”,- дейди Гулбаҳор.

Сиз кейинги 16 йил ичида бошдан кечирганларингизни фарзандларингизга раво кўрармидингиз, деб сўраймиз Гулбаҳордан.

“Йўқ. Мен кўрган нарсаларни болаларим кўрмасин. Фарзандли бўлгунимча мен ўзимни тиклаб, етарли пул топишга ва болаларимни Европада ўқитиб, катта одам бўлишига ҳаракат қиламан. Уларни ҳақиқий маънодаги инсонлар бўлишини хоҳлайман. Мен шунинг учун Европага келганман”,- дейди Гулбаҳор.
XS
SM
MD
LG