Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:41

Энергия захиралари жилваси немисларнинг кўзини қамаштиряпти...ми?


Марказий Осиëдаги икки ëпиқ давлат - Туркманистон ва Ўзбекистонга сафар қилаётган Германиянинг нуфузли делегацияси аъзолари Осиë ҳукмдорлари билан реал сиëсат тилида гаплашишаётганини билдирди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари немис делегациясини учрашув чоғида Ўзбекистон ва Туркманистонда инсон ҳуқуқлари ва демократия билан боғлиқ муаммоларни ўртага қўйишга ундаган эди. Аммо бу гаплар Марказий Осиёдаги улкан энергия захиралари жилвасидан кўзи қамашган немис мулозимларининг у қулоғидан кириб бунисидан чиқиб кетганга ўхшамоқда.

Ҳар ҳолда немисларнинг Ўзбекистонга ташрифи тафсилотлари ана шундай таассурот ҳосил қилди.

26 февраль куни Ўзбекистонни зиëрат қилган немис делегацияси икки мамлакат ўртасида савдо-сотиқ, сармоя ëтқизиш ва иқтисодий ҳамкорлик ҳақидаги гаплардан нарига ўтмади. Бу делегация таркибида Германия иқтисодиёт ва технология федерал вазири Михаэл Глоссдан ташқари, 70га яқин ишбилармон, Бундестагнинг икки вакили, 11 журналист, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари бор.

Михаэл Глосс бош вазир Шавкат Мирзиёев, ташқи иқтисодий алоқалар, сармоялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев, шунингдек, ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов билан учрашгани айтилмоқда.

Францияда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Германия вазиридан Ўзбекистондаги журналистларни тазйиқ ва цензурадан ҳимоя қилишни сўраган эди. Ташкилот Тошкент ва Ашхободга сафар қилаëтган Михаил Глоссга очиқ хат йўллаб, уни бу давлатлар раҳбарлари билан мулоқотларда сўз эркинлиги аҳволини мубоҳаса этишга даъват қилганди.

“Биз бу мамлакатларда инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги борасидаги аҳвол яхшиланини истаймиз ва немис делегацияси бу муаммони учрашув чоғида кўтаришидан умид қиламиз”,- деди “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти вакили.

Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари билан шуғуланувчи германиялик Бернҳард Сласен немис ҳукумати Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммоларидан кўз юмаëтганлигини билдирди.

“Иқтисодий манфаатлар ва Термиздаги ҳарбий базани сақлаб қолиш андишаси немис ҳукуматини инсон ҳуқуқлари ва демократия борасидаги муаммолардан кўз юмишга мажбур қилмоқда”,- дейди Б.Сласен.

Ўзбекистонлик сиëсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов бу масалага сал бошқача кўз билан қарайди.

“Германия назарида расмий Тошкентга босим ўтказиш ўзининг самарасизлигини кўрсатди. Яъни қанчалик кучли босим ўтказилар экан, расмий Тошкент муқобил геосиëсий йўналишларга оғиб кета борди. Германия Марказий Осиëда ўз манфаатларини парваришлар экан уларнинг келажаги, албатта, инсон ҳуқуқлари ва демократия билан боғлиқ”,- деди К.Раббимов.

Бундан сал олдин Ўзбекистонга сафар қилган Германиядаги Яшиллар партиясининг Бундестагдаги вакиласи Мари Луиза Бек Ўзбекистондаги мулозимлар билан мулоқотдан ҳафсаласи пир бўлганини яширмаган ҳам эди.

“Ҳозир Ўзбекистондаги бошқарув тизими илдизи коммунистик режимга бориб тақалади. Улар жон-жаҳди билан эски режим тузумини ҳимоя қилади. Мухолифат ва ўзгача фикрловчилар тазйиқ остида”,- деганди Луиза Бек.

Германиялик Бернҳард Сласеннинг айтишича, Германиядаги мавжуд ҳокимиятга мухолифатда бўлган Яшиллар партияси учун Ислом Каримов режимини танқид қилиш ўнғай.

“Энг муҳими, чиройли гаплардан амалий ишга ўтиш лозим. Ўзбекистон режими танқидчилари қаторига Германиядаги ҳукмрон партиялар ҳам қўшилса, самарали бўлар эди”,- дейди Бернҳард Сласен.
XS
SM
MD
LG