Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:33

Россия Грузияга жорий қилган санкцияларини енгиллатди, аммо...


Россия 18 ой муқаддам Грузияга нистабан жорий этилган санкциялар юмшатилганини эълон қилиш баробарида Грузиянинг НАТОга аъзо бўлишига жиддий қарши эканини таъкидламоқда.

2– 4 апрель кунлари Руминия пойтахти Бухарестда НАТОга аъзо давлатлар раҳбарлари учрашуви бўлиб ўтади. Саммит арафасида Буюк Британияда чиқадиган газетага интервью берган Россиянинг янги сайланган президенти Дмитрий Медведев Украина ва Грузияни НАТОга қабул қилиш орқали альянс Европа хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигини айтди.

“Financial Times” газетасида чоп этилган суҳбатида Д.Медведев Москва Грузия ва Украинанинг НАТОга аъзо бўлишга интилаётганидан мамнун эмаслигини таъкидлаган.

Д.Медведевнинг суҳбати эълон қилинган кунда Москва расмийлари Россия ва Грузия ўртасида ҳаво ва денгиз қатновини қайта тиклашга рухсат берди. 2006 йил октябрида ўзаро муносабатлар ёмонлашган пайтда Россия Грузияга жорий қилинган иқтисодий санкциялар доирасида ҳаво ва денгиз қатновини тўхтатган эди.

Грузиядаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Арчил Гегешидзе фикрича, ҳозир Россия Грузияга нисбатан таҳдид ва ўзига жалб қилиш сиёсатини юритмоқда.

“Бир томондан бундай қатъий ёндашув, иккинчи томондан Грузияга нисбатан жорий қилинган иқтисодий санкцияларнинг юмшатилиши “қамчи ва ширин кулча” сиёсатини эсга солади. Шу йўл билан Россия Грузияга таъсирини сақлаб қолиш ва узайтиришга уринмоқда. Бундай сиёсат орқали Россия Грузиянинг ўзига қарамлигини сақлаб қолиш ва кучайтиришга уринмоқда”, – дейди грузиялик таҳлилчи.

НАТОнинг Бухарестдаги саммитида Грузия ва Украина НАТОга аъзо бўлиш йўлидаги дастлабки қадам сифатида ҳарбий блокнинг “Ҳаракат дастури”га қўшилишга умид қилмоқда. АҚШ бу икки давлатнинг НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаган. Бироқ Европа Иттифоқининг Германия ва Франция каби етакчи давлатлари ҳозирча бунга муносабат билдирмаган.

РФ Давлат думаси 21 март кунги йиғилишида агар Грузия НАТОга аъзо бўлса, Кремль расмийларини Грузиянинг икки айирмачи ўлкаси - Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини тан олишга чақирувчи резолюцияни қабул қилган эди.

Россия Сербиянинг Косово вилояти жорий йил февралида ўз мустақиллигини эълон қилгани Россия тарафдори бўлган бошқа исёнкор ўлкаларга намуна бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

Арчил Гегешидзенинг таъкидлашича, Москванинг бундай хатти-ҳаракатидан мақсад Грузияни НАТОга қабул қилмаслик учун Ғарбни қўрқитишдан иборат.

“Россия Грузияга нисбатан яширинча душманлик сиёсати юритиб келмоқда. Таҳдидлар ва ғаламисликлар, шунингдек, баъзи амалий ҳаракатлар орқали Россия Грузияни НАТОга ҳатто яқинлаштирмасликка, Грузияни қўрқитиш ва Ғарбни ташвишга солишга уринмоқда”, – дейди А.Гегешидзе.
XS
SM
MD
LG