Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:35

Иддао бор, исбот йўқ


Тожикистон бош прокурори Бобожон Бобохонов Ўзбекистонни Тожикистонда ўта хавфли саналаётган ва турли жиноятларда қўли борлиги аниқланган шахсларни ўз ҳудудида сақлаб турганликда айблади.

Б.Бобохоновнинг билдиришича, 2007 йилда Ўзбекистон ҳукуматининг расмий сўровига жавобан Тожикистон ҳудудида қўлга олинган ўзбекистонлик 59 киши ўз ватанига экстрадиция қилинган.

“Бироқ Тожикистоннинг 16 йиллик мустақиллиги давомида Ўзбекистон бирорта жиноятчини бизга экстрадиция қилгани йўқ, ваҳолангки, тожик жамияти учун ўта хавфли бўлган жиноятчиларнинг аксарияти Ўзбекистон ҳудудидан паноҳ топган. Маҳмуд Худойбердиевнинг қаерда, қандай ишларни амалга ошириб юргани борасида сиз журналистлар яхшироқ хабардорсиз”,- деди Бобожон Бобохонов.

У Тожикистон Ўзбекистоннинг экстрадиция тўғрисидаги сўровларини ўз вақтида бажараётганини таъкидлади, бироқ Ўзбекистон ҳудудида яшириниб юрган тожикистонлик ўта хафли жиноятчиларнинг аниқ сони борасида маълумот бермади.

Хуш, нега жиноятчиларни экстрадиция қилиш борасидаги Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳамкорлик фақат бир томонлама бўлиб қолмоқда?

Тожикистон бош прокурори бу саволни жавобсиз қолдирди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси ҳам бу саволга фақат элчига расмий мактуб орқали мурожаат қилингандагина жавоб олиш мумкинлигини билдирди.

Тожикистон ва Ўзбекистондаги вазиятни бевосита кузатиб турган таниқли ҳуқуқшунос Раҳматулло Зоиров эса Тожикистон бош прокурорининг “аксарият жиноятчиларнинг Ўзбекистонда яширинаётгани” ҳақидаги иддаолари асоссизлигини таъкидлади.

“Шу кунга қадар Тожикистон томони жиноятда гумонланаётган ёки қидирувда бўлган неча киши Ўзбекистонда экани борасида бирорта расмий ахборот тарқатмаган, бу биринчидан. Иккинчидан, ўз ватанида тазйиққа учраган ҳар бир шахс бошқа ўзи истаган мамлакатдан сиёсий бошпана сўрашга ҳақли. Аммо шу кунга қадар Ўзбекистон ҳукумати Маҳмуд Худойбердиевга ўз ҳудудидан сиёсий бошпана бергани ҳақида хабар тарқатмаган. Ўз навбатида, Тожикистон томони ҳам Маҳмуд Худойбердиев айнан Ўзбекистонда яширинганига оид маълумотни асослаб бера олгани йўқ. Бош прокурорнинг ҳар доим журналистлар ҳузурида шундай асосланмаган фактлар билан Ўзбекистонни айблаши бу икки давлат муносабатларида шаффофликнинг йўқлигидандир”,- деди Раҳматулло Зоиров.
XS
SM
MD
LG