Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:21

Қозоғистонда “Озодлик” сайтларига тўсиқ қўйилди


Қозоғистонда “Озодлик” радиосининг Интернет сайтига тўсиқ қўйилди. Маҳаллий кузатувчилар бу Роҳат Алиев чоп этишни ваъда қилган китобнинг ўқувчи қўлига етиб келиши билан боғлиқлигини таъкидламоқда.

10 апрелдан буён “Озодлик”нинг барча тиллардаги сайтларидан фойдаланувчи қозоғистонликлар уларга фақат прокси серверлар орқали кира оляпти, холос.

Қозоғистондаги энг йирик “Қозоқтелеком” ва “Нурсат” компаниялари провайдерлари эса сайтлар ўзларида мавжуд муаммолар туфайли очилмаётган бўлиши мумкинлигини баҳона қилиш билан чекланяпти.

Бироқ Қозоғистондаги “Журналистлар хавф остида” ташкилоти раҳбари Розлана Таукина “Озодлик” сайти Қозоғистон ва қўшни Қирғизистоннинг баъзи ҳудудларида очилмаслигига бошқа сабаб борлигини таъкидлади.

“Бу сайтнинг ёпилиши, авваломбор, Роҳат Алиевнинг янги китоби чиққани муносабати билан пайдо бўлаётган ахборотлар ва муҳокама билан боғлиқ. Р.Алиевнинг кўпгина сайтларда чоп этилган “Ўғрибоши қайнота” китоби чиндан ҳам унинг қаламига мансубми ёки йўқ, биз ҳозирча буни аниқ билмаймиз. Бироқ ўша китобда келтирилган кўпгина воқеалар амалдаги ҳукумат тепасида турганларнинг асл юзини фош этиши мумкин. Шу боис, ҳозир ҳукумат мухолифатдаги барча сайтлар, шу жумладан, ушбу китоб ҳақида бирор маълумот бериши мумкин бўлган “Озодлик” сайтига ҳам тўсиқ қўйди”,- деди Розлана Таукина.

Ўтган йил сўнггида Қозоғистонда президент Нурсултон Назарбоевнинг собиқ тўнғич куёви Р.Алиев билан боғлиқ можародан кейин у собиқ қайнотасини фош этувчи китоб ёзаётгани ва яқин кунларда “Ўғрибоши қайнота” номли бу китоб ўқувчи қўлига етиб боришини ваъда қилган эди.

Аммо баъзи кузатувчилар Р.Алиевнинг куни-кеча маҳаллий мухолифатнинг кўпгина сайтларида чоп этилган китоби асл нусха эмас, балки қалбаки вариант эканини билдирмоқда.

Шундай фикрда бўлганлардан бири, мустақил журналист ва Қозоғистонда тўсилган мухолифат сайтларидан бири бўлган “Инкар-инфо”нинг бош муҳаррири Сергей Дуванов “Озодлик” радиоси сайтига тўсиқ қўйилиши сабаби ҳақида гапириб: “Р.Алиев ва давлат раҳбари шаънига нолойиқ бўлган ахборотни бермаслик ҳақида Қозоғистон ахборот ва маданият вазири билан битимга келмаган барча сайтларга ҳозирданоқ тўсиқ қўйиляпти. Чунки Роҳат Алиевнинг “Ўғрибоши қайнота” номли катта шов-шувга сабаб бўладиган китобининг асл нусхаси жуда яқин кунларда кўпгина сайтларда чоп этилади. “Озодлик” радиоси ҳам Қозоғистон ахборот ва маданият вазири билан бундай маълумотни тарқатмаслик ҳақида бир битимга келмаган. Шу боис, бу радионинг сайтига ҳам ҳозирданоқ тўсиқ қўйилди”,- деди.
XS
SM
MD
LG