Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:00

“ИО” “ИО”лигича кетди


Самарқанд вилояти халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида қатнашган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов вилоятга янги ҳоким тайинлаб қайтди.

Бундан икки кун олдин Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Аъзамжон Баҳромов қўлидаги ваколатлар олиб қўйилгани ҳақида хабар тарқалган эди. Ўшандаёқ янги ҳоким қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари бўлиб ишлаган Ўктам Барноев бўлиши ҳақида гап юрганди.

Самарқанддаги сессияда бу гаплар ўз исботини топди. Самарқандлик маҳаллий депутатларнинг сессиядаги чиқишларидан президентнинг асли самарқандлик эканидан фахрланиш ҳисси кучли экани билиниб турди.

“Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич. Бу ишларнинг ҳаммасининг тепасида ўзингиз турганингиз билан биз фахрланамиз. Чунки Самарқандни Самарқанд қилган сизсиз. Сиз самарқандлик бўлганингиздан ҳам биз фахрланамиз”,- деди сессияда гапирганлардан бири.

Самарқандлик ҳуқуқ ҳимоячиси Комилжон Ашуров “Озодлик” билан суҳбатда вилоятни уч йил давомида вақтинча бошқарган Аъзамжон Баҳромовнинг сўнгги тақдири номаълум бўлиб қолаётганини билдирди.

“Самарқанд вилояти ҳокимлигини вақтинча бажариб турган Баҳромов халқ орасида яхши ишлари билан танилиб улгурганди. Баҳромов Мирзиëев кетгандан кейин вақтинча ҳоким вазифасини бажариб турган эди. Бу киши даврида пахта режалари бажарилди, сайловлар яхши ўтди”,- дейди К.Ашуров.

И.Каримовнинг Самарқандга ташрифи олдидан вилоятда хавфсизлик чоралари кучайтирилган ва инсон ҳуқуқлари фаоллари уйларидан чиқарилмаган.

“Айни пайтда оддий халқ ҳокимларни алмаштиришга бефарқ бўлиб қолган,- дейди К.Ашуров. – Улар бундан барибир фойда йўқлигини билади. Ўзбекистон тизими бўйича кимни ҳоким қилиб қўймасин, ҳеч қанақа ўзгариш бўлмайди. Агар ҳокимлар сайланса, халқ дардини эшитади. Улар халққа қарайди. Юқоридан қўйилган ҳоким эса юқорига қараб қадам олади. Ҳоким келади деса, Самарқанд атрофида ҳамма норози. Одамлар шошиляпти. Биров касал, бировнинг иши бор, биров маърака қиляпти. Одамлар ичида шунча норозилик бўлади”.

Самарқанд вилояти мамлакатда мавқеи катта бўлган ҳудуд ҳисобланади.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррейнинг “Самарқанддаги қотиллик” китобида ëзилишича, айни вилоятдан туриб наркотиклар транзити амалга оширилади.

“Бундан ташқари, вилоятдаги ароқ, вино, пиво ишлаб чиқариш ҳамда туризм ва савдо ҳоким назоратидаги соҳалар ҳисобланади,- дер экан К.Ашуров кейинги пайтда қўлқопдай алмаштирилаëтган ҳокимлар занжирига назар ташлади. - Мустақиллик даврида анча ҳокимлар ўзгарди. Ҳокимларни қўйиш ва олиш қандайдир театрлаштирилган бўлиб қолди. Бирорта ҳоким нафақага мақтаниб чиқиб кетгани йўқ”.

Самарқанд вилоятидан кейин Навоий ва Бухоро вилоятларида ҳам ҳоким алмаштириш жараëни кутилмоқда. Бундан олдин Хоразм ва Фарғона вилоятларида ҳоким алмаштирилган эди.
XS
SM
MD
LG