Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:49

Тожикистон Роғун ГЭСни қуришда қозоқлардан умидвор


Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг Остонага кутилаётган расмий сафари чоғида Қозоғистоннинг Роғун ГЭС қурилиши концорциумига қўшилиши борасида икки томонлама шартнома имзоланиши кутилмоқда.

Куни-кеча ахборот агентликлари Қозоғистон Роғун концорциумига қўшилишга тайёр экани ҳақида хабар тарқатган эди.

“Барқи тожик” очиқ акциядорлик ширкати бош муҳандиси ўринбосари Рашид Гуловнинг билдиришича, Қозоғистоннинг концорциумга қўшилиши масаласи бундан бир қанча вақт муқаддам икки давлат соҳа мутахассислари томонидан муҳокама этилган.

“Биз бу масала юзасидан Қозоғистон энергетиклари билан бир неча учрашув ўтказган эдик. Қозоғистонлик ҳамкасбларимиз концорциумга қўшилиш билан бирга Хўжанд-Олмаота юқори кучланишли электр узатиш линиясини қуришда ҳам қатнашишга тайёр эканини билдирганди. Бу линия Қирғизистон орқали Қозоғистонга электр қуввати экспорт қилишга хизмат қилади”,- деди Рашид Гулов.

Унинг сўзларига кўра, совуқ кунларда Қозоғистоннинг жанубий ҳудудларида электр қувватига эҳтиёж ортади. Қишда бу ҳудудларда бир киловатт соат электр энергияси нархи 8 центга етади. Шунинг учун ҳам Қозоғистон жанубдаги бу муаммони ечиш учун Роғун ГЭС қурилишида қатнашишни истайди.

Р.Гулов Қозоғистон консорциумга қатнашиш эвазига Хўжанд-Олмаота электр узатиш линияси орқали Тожикистондан арзон электр импорт қилишни кўзлаётгани, бу қозоқларнинг асосий шартларидан бири эканини билдирди.

Мустақил таҳлилчилар Қозоғистоннинг Роғун ГЭС қурилишида қатнашиши Тожикистон учун ўта муҳимлигини таъкидламоқда.

“Агар қозоқлар Роғун қурилишида қатнашишга розилик берса ва икки ўртада расмий ҳужжат имзоланса, унда Ўзбекистон Роғун ГЭСнинг келгуси тақдири учун қаршилик кўрсата олмайди. Чунки бу ўринда Қозоғистон манфаатлари ҳам кўзланмоқда ва Ўзбекистон расмий Остона билан муносабатларни бузишни истамайди”,- деди мустақил таҳлилчи Қосим Бекмуҳаммадов.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, айни пайтда икки давлат ишчи гуруҳи президентлар учрашувидан сўнг имзоланадиган ГЭС ва электр узатиш линияси қурилишига доир зарур ҳужжатларни тайёрламоқда.
XS
SM
MD
LG