Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:25

Қотил жиноятни бўйнига олиб келди


Москва вилоятидаги Химки шаҳрининг Ивакино миттитуманида 29 апрель куни жасади топилган Ўзбекистон фуқаросининг қотили эканликда гумонланган шахс ҳибсга олинди.

Химки шаҳри ички ишлар бошқармаси матбуот вакили Наталья Ломованинг билдиришича, 3 май куни ИИБга Ярославл вилоятида 1980 йилда туғилган фуқаро мурожаат этиб, мазкур қотилликни содир этганини тан олган. Айни пайтда унинг устидан жиноят иши қўзғатилиб, у вақтинчалик тергов изоляторида сақланмоқда.

Мазкур қотиллик бўйича тергов олиб бораётган жиноят қидирув бошқармаси тезкор қидирув гуруҳи раҳбари Сергей Смоляков жиноят қандай содир этилгани ҳақида гапириб: “Жабрланувчи ўша куни дам олишда бўлган. Шу муносабат билан у бошқа ишчилар билан бирга ўтириб спиртли ичимлик ичган. Ўзаро муносабатларда тўсатдан зиддият юзага келиб, жанжал чиққанидан кейин ишчилардан бири синган шиша парчаси билан унинг томоғини кесиб юборган. Оқибатда ўзбекистонлик ишчи вафот этган”, – деди.

Сергей Смоляков Ўзбекистон фуқаросининг шахси аниқлангани, у 1976 йилда туғилган Фахриддин Баҳриддинович Тоштемиров экани, унинг Ўзбекистондаги яқинларига фожеа ҳақида билдиришнома жўнатилганини билдирди.

29 апрель куни Подмосковьенинг Шелково шаҳри яқинидаги Еськино қишлоғида қуриб битказилмаган уйда ўзбекистонлик яна икки фуқаронинг жасади топилган эди. Россиядаги ахборот агентликлари тарқатган хабарларда 23 ва 30 ёшда бўлгани айтилаётган ака-ука ҳам бўйнига ўткир нарсадан етказилган жароҳат оқибатида вафот этган. Мазкур қотиллик бўйича айни пайтда Шелково шаҳри прокуратураси тергов қўмитаси шуғулланмоқда. Аммо терговчилар ишнинг бориши тўғрисида маълумот беришни истамаётир.
XS
SM
MD
LG