Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:14

Ўқувчилар алмаштириладими?


Ўзбекистон расмийлари мамлакат чегарачилари томонидан қамаб қўйилган тожикистонлик 6 мактаб ўқувчисини айни пайтда Тожикистон чегарачилари томонидан ушлаб турилган ўзбекистонлик 15 фуқарога алмаштирмоқчи.

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Тожикистондаги консули Миродил Абдураззоқов Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган расмий бир йиғилишда “Озоди” ва “Би-би-си” радиолари журналистлари билан ўзаро суҳбат чоғида айтган. Дипломат 16 май куни Ўзбекистон элчисининг Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари билан ўтказадиган музокарасида айни шу масала кўрилишини билдирган.

Бу маълумотга ойдинлик киритиш мақсадида “Озодлик” мухбири М.Абдураззоқовнинг ўзи билан гаплашди. У бу гапни ҳазил тариқасида айтгани, ўзи ҳам, элчи ҳам ТИВга чақирилмаганини билдириб, суҳбатни қисқа қилди.

Тожикистон ТИВ матбуот хизмати бошлиғи Давлат Назриев дарҳақиқат тожик чегарачилари ўзбекистонлик 15 фуқарони қўлга олиб, қамаб қўйганини тасдиқлади.

“Бу кишилар Тожикистон қонунларини қўпол равишда бузиб, давлат чегарасини кесиб ўтган ва мамлакатимиз ҳудудида бир қанча муддат ноқонуний яшаган. Тожикистонлик ўқувчилар эса чегарани бузганликда айбланаётган бўлса-да, аслида чегарадан билмай ўтиб қолган”,- деди Д.Назриев.

Унинг билдиришича, Ўзбекистон томони мактаб ўқувчиларини 15 фуқаросига алмаштириш хусусида Тожикистонга расман мурожаат этгани йўқ.

“Агар эртага М.Абдураззоқов билан музокара чоғида бу таклиф расман билдирилса, биз унга розилик берамиз, албатта”,- деди Д.Назриев.

Бундан 20 кун муқаддам қўлга олинган тожикистонлик мактаб ўқувчилари тақдири ҳамон номаълумлигича қолмоқда. Гарчи Тожикистон ТИВ бу масала 14 майга қадар ўз ечимини топмаса, норозилик нотаси юбориши тўғрисида огоҳлантирган эса-да, Д.Назриев мактаб ўқувчилари на ватанига қайтарилгани, на вазирлик норозилик нотаси топширганини билдирди.
XS
SM
MD
LG