Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:12

Маҳмуд Аҳмадийнажот: Исроил “ўлиб бормоқда”


Исроил ташкил этилганининг 60 йиллиги нишонланаётган шу кунларда Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот бу давлат “ўлиб бораётгани”, тадбирлар эса йўқ бўлиб кетиш олдини олиш учун ўтказилаётганини таъкидлади.

14 май куни Эроннинг шимолий вилоятида чиқиш қилган М.Аҳмадийнажот: “Сионист режим ўлиб бормоқда. Жиноятчилар тантаналар ўтказиш орқали даҳшатли сионист режимини ўлим ва буткул йўқ бўлишдан сақлаб қолиш мумкин, деб ўйлайди”,- деди.

Эрон Исроилни давлат сифатида тан олмаган. М.Аҳмадийнажот эса бир неча марта яҳудий давлатини йўқ қилишга чақирган. Эрон раҳбари 2005 йилда қилган чиқишида Исроилни “дунё харитасидан ўчириб ташлаш керак”лигини айтгандан кейин халқаро ҳамжамият унинг баёнотини кескин қоралаган.

Холокост воқеаларини “афсона”, деб атаган М.Аҳмадийнажот Исроилни ҳатто бошқа қитъага кўчириб юбориш кераклигини айтган.

“Агар (Иккинчи жаҳон урушида яҳудий халқига қарши фашистлар амалга оширгани каби) жиноят содир этган бўлсангиз, ҳудудингизнинг бир қисмини беринг. Ўз давлатини қуриши учун уларга АҚШ, Европа ёки Аляскадан ҳудуд беринг”,- деган эди Эрон президенти.

Бу баёнот Ғарб давлатлари томонидан бир неча марта кескин қораланди.

14 май куни Австралия ҳукумати Исроилга қарши зўравонликни тарғиб қилганлик айби бўйича Халқаро адолат судида М.Аҳмадийнажотга нисбатан жиноий иш очиш масаласини кўриб чиқаётганини маълум қилди.
Австралия Бош вазири Кевин Радд Теҳрон баланд минбардан айтаётган гаплар мусулмон дунёси, хусусан, Эрон чизган чизиқдан юрадиган гуруҳлар учун кўрсатма ролини ўйнаши мумкин, деди.

Теҳроннинг мунозарали ядровий дастури, жумладан яҳудий давлатига зарба бериш имкониятига эга ракеталари бўлгани учун Исроил Эронни ўзига душман ҳисоблайди. Ядровий каллаклар ўрнатиш мумкин бўлган Эроннинг “Шиҳаб-3” русумли қанотли ракетаси икки минг километр масофага учиш имкониятига эга. Эрондан Исроилгача бўлган масофа атиги минг километрни ташкил этади.

Эрон оммавий қирғин қуроллари яратишга уринаётгани ҳақидаги айбловларни рад этиб, ўзининг ядровий дастури фақат тинч мақсадни кўзлаганини таъкидлаб келмоқда. Ўз навбатида, Исроил ядровий қуролга эга экани ҳақидаги маълумотларни тасдиқламаган ва уни инкор ҳам қилмаган.
XS
SM
MD
LG