Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:34

Ўзбек аёл ўзбек қизларни 300 доллардан пуллади


Ўзбекистонлик қизларни Москвада фоҳишаликка 300 доллардан сотган ўзбек аёли қўлга олинди. Москва шаҳри милицияси бу аёлни одам савдоси билан шуғулланганликда айбланмоқда.

Москва шаҳри ички ишлар бош бошқармасининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими матбуот котиби милиция подполковниги Игор Церулниковнинг билдиришича, ўзбекистонлик аёл Москвадаги фоҳишахоналар қўшмачилари билан ёш қизларни олиб келиб уларга сотишга аввалдан келишиб олган. Кейин Ўзбекистонга бориб, қизларни Москвада энагалик қиласиз ёки официант бўлиб ишлаб катта пул топасиз, деб алдаб Москвага олиб келган ва қўшмачиларга сотган.

“Кейин у қизларни шаҳвоний хизмат кўрсатувчи жойларга олиб бориб ўша ерда ҳар бир қиз учун 300 АҚШ долларидан пул олган. Бундан ташқари, унга йўлга сарфлаган пули ҳам қайтариб берилган”, – деди Москва милицияси расмийси.

И.Церулников у “навбатдаги ғаламис ниятини амалга ошираётган пайтда, яъни икки қиз ва йўл харажати учун 25 минг рубл олаётганида Москва милицияси ходимлари томонидан қўлга олингани”ни билдирди. Милиция расмийси тергов манфаатини кўзлаган ҳолда аёлнинг исмини ошкор эта олмаслиги айтди, лекин унинг деновлик эканини маълум қилди.

“У 1967 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси. Паспорти бўйича Денов шаҳрида яшовчи фуқаро сифатида рўйхатга олинган. Ҳозир унга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг “Одам савдоси”га оид моддаси, яъни 127-модданинг 1-бандига мувофиқ жиноят иши қўзғатилиб, ҳибсда сақланмоқда. Агар судда унинг айби исботланса, 10 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин”, – деди Игор Церулников.

Унинг сўзларига кўра, алдовга ишониб Москвага борилган ўзбекистонлик икки қиз жабрланувчи сифатида кўрсатма беради ва кейин уйига қайтариб юборилади. Бу қизлар ҳам Денов шаҳридан.

Халқаро миграция ташкилоти ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари одам савдоси, айниқса, аёллар савдоси йилдан-йилга кўпайиб бораётганидан бонг урмоқда. Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан, Қийноқлар қаршига тезкор жавоб гуруҳи ҳам одам савдоси муаммоси билан шуғулланиб келмоқда.

Ташкилот вакили Суҳроб Исмоиловнинг таъкидлашича, сўнгги пайтларда катта пул тўлайдиган иш топиб беришни ваъда қилиб ўзбекистонликларни Қозоғистон, Россия ва бошқа давлатларга алдаб олиб бориб арзимас пулга сотиб юбориш ҳоллари кўпаймоқда. Бунга, асосан, мамлакатда меҳнатга лаёқатли одамлар орасида ишсизлар кенг тарқалгани сабаб, деб кўрилмоқда.

Ўзбекистон фуқароларининг чет элларда маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан хўрланиб, таҳқирланиши ва хор-зор бўлишининг олдини олиш учун нима қилмоқ керак?

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси фикрича, бундай воқеаларнинг олдини олиш учун “Меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” бошқа давлатлар билан келишувлар имзоланиши лозим.

“Менимча, агар меҳнат муҳожирларини бир давлатдан бошқасига олиб бориб ишлатиш ҳақида, биринчи навбатда, давлатлараро икки томонлама битим имзоланиб ҳужжатлар расмийлаштирилса, бу ишларнинг ҳаммасини қонуний лицензияга эга бўлган фирмалар амалга оширса ва бу жараённи давлат кузатиб, мониторинг этиб турса, шундагина биз меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга эришган бўламиз”, – деди Суҳроб Исмоилов.
XS
SM
MD
LG